Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюГрузиянинг PlantValley компанияси тажрибаси – «органик қулупнайни очиқ ерда ўстириш мақсадга мувофиқ эмас»
Бизнес тарихи Долзарб Интервью Махсус

Грузиянинг PlantValley компанияси тажрибаси – «органик қулупнайни очиқ ерда ўстириш мақсадга мувофиқ эмас»

Расмий статистик маълумотларга кўра, Грузияда қулупнай етиштириш камайиб бормоқда ва бир вақтнинг ўзида юқори сифатли қулупнай етиштиришга қизиқиш ортяпти. Борган сари кўпроқ фермерлар  нишали маҳсулот, яъни органик қулупнайга қизиқишмоқда. Грузияда қулупнай, асосан, очиқ ерда етиштирилади, аммо ўсимликни иқлим омилларидан ҳимоялаш зарур деб ҳисоблайдиган фермерлар ҳам бор.

Грузиянинг Мцхета-Мтианети минтақасидан органик (био) қулупнай етиштирувчи  PlantValley компанияси яқинда қулунай далаларида баланд туннеллар қуриш ишларини якунлади. Ҳозирча у Грузияда шундай миқёсдаги баланд туннеллар остида органик қулупнай етиштирувчи ягона компания: 1,5 гектарлик майдонга эга, шундан бир гектар ер баланд туннеллар билан ёпилган.

EastFruit жамоаси компания асосчиси – Манана Анжапаридзе билан баланд туннеллар остида биоқулупнай етиштириш истиқболлари хусусида суҳбатлашди.

– Корхонангиз ҳақида батафсил маълумот берсангиз, Грузияда қулупнай етиштиришни қай тарзда ва нима учун бошлагансиз?

– 2018 йили малина, қорағат (ежевика) ва қулупнай экилган 3 гектарлик боғ барпо этишни бошладик. Мева етиштиришни йўлга қўйишимизга «Посади будущее» деб номланган давлат дастури туртки бўлди, унинг доирасида фақат малина ва қорағат кўчатлари учун тўлов қилинган – қулупнай эса дастурга киритилмаган. Ўшанда бизда фақат 2000 м2 очиқ тупроқдаги қулупнай бор эди. Барча кўчатлар маҳаллий питомникдан харид қилинган, афсуски, улар вируслар билан касаллангани сабаб, сифати паст бўлган. Орадан олти ой ўтгач, резавор етиштириш ва унинг сифати бўйича яхши натижаларга эришмаганимизни англагач, кўчатларни олиб ташладик.

Ушбу муваффақиятсиз тажрибадан кейин резавор бизнеси даромадли бўлиши учун сифатли кўчатларни хориждан олиб келиш кераклиги аён бўлди. Мен Грузиядаги USAID дастурига кўмак сўраб мурожаат қилдим. Улар бизни Италиядаги Франко Зенти питомниги билан боғлашди. Франко питомнигида, асосан, қулупнай кўчатлари мавжудлиги боис, биз фақат шу турдаги резаворни етиштиришда давом этишга қарор қилдик.

 – Нега биоқулупнай етиштиришга қарор қилдингиз?

– Фикримизча, Грузияда биомаҳсулотларнинг келажаги бор, чунки, бизнинг маҳсулот маҳаллий бозорда анъанавий қулупнайга нисбатан афзалликларга эга. Биз ҳануз маҳаллий сертификатлаштириш идорасидан лицензия олиш жараёнидамиз, аммо, сертификатсиз ҳам харидорлар бозордагидан  юқори нархларни таклиф қилишмоқда. 2021 йилги мавсумда қулупнайни 10 лари/кг (3,19 доллар)дан сотдик, ҳатто очиқ ерда ҳосил йиғим-терими қизғин паллада ҳам. Келгуси мавсумдан бошлаб, яъни  сертификат олганимиздан сўнг бизнинг маҳсулот нархи янада юқори бўлади.

– Грузияда маҳсулотларингизнинг асосий истеъмолчилари кимлар?

– Ўтган йили маҳсулотимизни «Агрохаб» супермаркетлар тармоғида сотдик. Келгусида супермаркетлар тармоғига етказиб беришни давом эттирамиз. Қулупнайлар бизнинг қадоқ ва PlantVаlley савдо белгиси остида сотилади. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, маҳаллий бозорда сифатли резаворлар етишмайди. Қолаверса, биз истеъмолчининг биомаҳсулотлар учун кўпроқ пул тўлашга тайёр эканини кўриб турибмиз.

– Очиқ грунтда органик қулупнай етиштиришнинг энг қийин жиҳати нимада?

– Ўз тажрибамга кўра айта оламанки, очиқ майдонда, айниқса, био-қулупнай етиштириш мақсадга мувофиқ эмас. Очиқ майдонда у ёмғир, шамол, офтоб ва бошқа ҳар қандай табиий офатлардан шикастланади. Тўсиқлар сирасига қуйидагилар киради: бегона ўтларга қарши курашиш – биз биомаҳсулот етиштиришда гербицидлардан фойдаланмаганимиз учун бегона ўтларни қўлда олиб ташлаш керак. Био-инсектицидларнинг ошиб бораётган нархи – экин очиқ ҳавода ўстирилганда ёмғир уларни осонгина ювиб юборади, бу эса биоинсектицидлар учун кўп харажат қилишга олиб келади.

Очиқ майдонда қулупнай етиштириш қийин бўлибгина қолмай, нималар бўлишини олдиндан айтиш ҳам мушкул. Охирги икки мавсумда ҳосилни йиғиб олишда қийналдик, шунинг учун ҳам баланд туннелларга инвестиция йўналтиришга қарор қилдик.

Айни пайтда қулупнай даламизнинг 1 гектари узра баланд туннеллар қад ростлаган.

– Грузиялик резавор  етиштирувчиларнинг аксарияти туннеллар қиммат эканлигини ва уларни сотиб олишга имкон йўқлигини айтишмоқда. Хўш, сиз ушбу туннелларга қанча сармоя киритдингиз? Уларни ўрнатишдаги техник жиҳатлар ҳақида гапириб берсангиз.

– Бу USAIDнинг TBC банки билан ҳамкорликдаги кўмаги, имтиёзли агрокредитлар давлат дастури ва Франко Зенти питомниги кўмагида амалга ошди. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 150 000 АҚШ долларини ташкил этади. Бунинг бир қисми USAID, яна бир қисми агрокредитлар, яна бир қисми бизнинг йиққан-терганимиз  ҳисобидан қопланди.

Техник нуқтаи назардан, туннелларни қуриш бир неча ойлик машаққатли меҳнат талаб этди. Жараён июнь ойи охирида бошланган,  сентябрда қурилиш тугади. Дастлаб, қулупнай учун энг самарали туннел турини аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказдик, сўнгра маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда туннел қуриш мақсадида маҳаллий иқлим ва далаларимиз жойлашувини ўрганиш учун Италиядан мутахассислар келди. Туннел зангламайдиган пўлатдан ясалган конструкция бўлиб, қуёш ва дўлдан ҳимоялаш учун пластик ва тўр билан қопланган. Бу узоқ муддатли сармоядир, чунки, конструкцияни кўп йиллар давомида ишлатиш мумкин. Фақат пластмасса ва тўрни сақлаш муддати 4-5 йил, аммо умумий харажатларнинг катта қисми зангламас пўлатдан ясалган конструкцияга сарфланди.

– Баланд туннелларда қулупнай етиштиришнинг афзалликлари нимада?

– Энг муҳим афзаллик- ҳимояланган ўсимликлар ва ҳосилни йиғиб олишнинг узайтирилган даври. Бундан буён экинларимиз қуёш, шамол, ёмғир ва табиий офатлар, жумладан, дўлнинг салбий таъсиридан ҳимояланган. Ўсимликларнинг ҳимояланиши автоматик равишда маҳсулот миқдори ва сифати ошишини англатади.

Туннел қулупнайни очиқ майдонга нисбатан тахминан бир ой аввал етиштириш ва қиш фасли бошида уни якунлаш имконини беради. Сентябрь ойида биз туннеллар қурилишини тамомладик ва ҳозирданоқ натижа бор. Айни пайтда кунора 1 гектар ердан 150 килограмм қулупнай териб оляпмиз. Албатта, бу жуда зўр натижа эмас, лекин ўтган йил билан солиштирадиган бўлсак, ўша пайтда бизда қулупнай  умуман йўқ эди. 2022 йилги мавсум учун апрель ойида ҳосил йиғишни бошлаймиз ва жараён декабрь ойининг ўрталарига қадар давом этади. Маҳсулот етиштиришдаги танаффус атиги уч ой, январдан мартга қадар давом этади.

Яна бир афзаллик шундаки, ёмғир ҳашаротлар ва касалликларга қарши ишлатиладиган биомаҳсулотларни ювиб кетмайди, бу эса жараён арзонроқ ва самаралироқ кечишини таъминлайди.

– Баланд туннеллар ёрдамида маҳсулот етиштириш ҳосилдорликни нечоғли оширади, сизнинг бу борадаги мўлжалингиз қандай?

– Ишлаб чиқариш беқарорлиги туфайли очиқ майдондаги маҳсулдорликни баҳолаш қийин эди. Бундан ташқари, 2020 йилнинг баҳорида вилоятда дўл ёғиб, ўсимликларга зарар етказди. Ўтган мавсум бўйича аниқ маълумотларга эга бўлмаганимиз ва кўчатлар шикастлангани учун маҳсулот ҳажмини олдиндан айтиш қийин. Аммо умид қиламизки, бундан буён иқлим омиллари ўсимликларга минимал таъсир кўрсатса, уларнинг потенциали тўлиқ намоён бўлади. Ҳар бир ўсимликнинг ҳосилдорлиги кўчатнинг хилма-хиллиги ва ёшига боғлиқ. Бизда 5-6 хил нав («Сан-Андреас», «Альбион», «Кабрилло» ва «Мальга»)лар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳосилдорлиги мавсум давомида ҳар бир ўсимлик учун 0,7-1,2 кг оралиғида ўзгариб туради. Келгуси йили ҳар бир ўсимлик камида 0,7 кг ҳосил беришини кутмоқдамиз. Бизда гектарига 45 минг ўсимлик бор, шунинг учун 2022 йилда баланд туннел майдонларидан камида 31,5 тонна қулупнай оламиз.

– Кўчатлар қанча туради ва уларни қанчалик тез алмаштирмоқчисиз?

– Нарх бир неча омилларга, жумладан, кўчатнинг нави, ёши ва турига боғлиқ. Биз «Фриго» кўчатларини, музлатилган ўсимликларни сотиб оламиз ва транспорт харажатлари ҳисобга олинганда ҳар бир кўчат учун ўртача 1-1,1 лари (0,32-0,35 доллар)дан тўлаймиз. Одатда, юқори ҳосил ва сифатга эга бўлиш учун фермерлар камида икки йилда бир эски кўчатларни алмаштиришлари керак.

Биз Италиядан илк бор 2019 йилнинг кузида кўчат олиб келдик ва уларни 2020 йилда алмаштирдик. 2022 йилги мавсумда икки йил аввал экилган кўчатлар билан ишлашни давом эттирамиз. Мен уларнинг фақат бир қисмини алмаштираман, чунки, 2020 йилда дўлдан азият чеккан ва ўз потенциалини юзага чиқара олмаган ўсимликлар нечоғли маҳсулдор эканини кўрмоқчиман. Биз ҳар сафар Италиядан кўчат олиб келиб, уларни тавсия этилган вақтларда алмаштирамиз, акс ҳолда маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ва сифати тушиб кетади.

– Грузиядаги қулупнай етиштирувчилар ёки шу ишни энди бошламоқчи бўлганларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

– Тажрибамга кўра, энг муҳим қисм – бу кўчатлар, чунки, кўчат сифатсиз бўлса, қанча парваришламанг, сизга ҳеч қачон яхши натижа бермайди. Яна бир жиҳат – иқлим муҳофазаси. Мен, масалан, аввал туннел қуриб, кейин экиш ҳақида ўйлаган бўлардим. Бу резавор бизнесининг узоқ муддатли ривожланиши учун зарур.

Келажакда PlantValley қулупнай етиштиришни 5 гектаргача етказиш ҳаракатида, экин майдонининг барча қисми баланд туннеллар билан ёпилади. Корхона ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга қайта ишлаш корхонасини қуриб, нафақат маҳаллий бозор, балки экспорт учун ҳам фаолият юритишни режалаштирган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Carrеfour ва FinExCoop Georgia ташаббуси билан Тбилиси (Грузия)да Картошка фестивали ўтказилди (фото)

EastFruit

Грузиялик тадбиркор: «Жаҳон бозорида заъфароннинг оддий тури кўп, аммо органик заъфарон юксак қадрланади ва жуда талабгир»

EastFruit

Молдованинг Lolly Berry компанияси нишали резаворларни муваффақиятли етиштирмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин