Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюГрузиялик тадбиркор: «Жаҳон бозорида заъфароннинг оддий тури кўп, аммо органик заъфарон юксак қадрланади ва жуда талабгир»
ДолзарбИнтервьюМахсусЯнгиликлар

Грузиялик тадбиркор: «Жаҳон бозорида заъфароннинг оддий тури кўп, аммо органик заъфарон юксак қадрланади ва жуда талабгир»

Грузияда камдан-кам фермерлар заъфарон етиштиришади, аммо кўпчилик келгусида бу ишга қизиқиб қолиши мумкин, чунки, иқлим ўзгариши Ҳиндистоннинг Кашмири каби жаҳондаги йирик ишлаб чиқариш ҳудудларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Грузия иқлими эса заъфарон  етиштириш учун мос. Грузияда илк бор заъфарон етиштирганлар бошқаларга намуна бўлишади, чунки, ушбу экин Грузия учун анъанавий маҳсулот эмаслигини ҳисобга олсак, кўпчилик уни етиштириш ҳақида аввал ҳеч эшитмаган.

EastFruit Грузияда органик заъфарон етиштирувчи –  Русудан Харабадзе хоним билан унинг тажрибаси ҳақида билиш учун боғланди.

– Нега органик заъфарон етиштиришга қарор қилдингиз ва бу ишни қачон бошладингиз?

— Менда бу ғоя Болқондаги халқаро ташкилотлардан бирининг вакили сифатида ишлаб юрган пайтларим туғилган. Ўшанда ташкилот маҳаллий аҳолининг мунозарали ерда заъфарон етиштиришини қўллаб-қувватлаган эди. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўрганишди ва бозор анъанавий экинлар билан тўлиб-тошгани сабабли, заъфарон етиштиришга қарор қилишди. Мен ҳам Грузияда худди шундай мотивация билан ноанъанавий маҳсулот етиштириш учун заъфарон экишга қарор қилдим.

2018 йили Голландиядан органик заъфарон пиёзлари (Crocus sativus)ни харид қилдим ва Кахети вилоятининг Сагарежо шаҳрида заъфарон етиштиришни йўлга қўйдим. Аввалбошдан органик маҳсулот етиштиришга қарор қилган эдим, чунки, бозорда оддий заъфарон кўп, органик тури эса қадрланади ва талабгир.

Дастлабки сармоя тахминан 15 000 еврони ташкил этди, шундан 7 000 евродан ортиғи 50 000 бош заъфарон пиёзини харид қилишга сарфланди. Бу 1600 метр квадрат майдонга экин экиш учун етарли эди. Давлат дастури ёки агрокредит ҳисобидан молиявий кўмак бўлса, кўпроқ эккан бўлардим, лекин бизнес ғоям қўллаб-қувватланмади. Заъфарон – Грузия учун янги маҳсулот, шу боис, мен мулоқот қилган кишилар бу қандай бизнес эканлигини тушунишмади. Фақатгина банкдан стандарт истеъмол ссудасини олишга муваффақ бўлдим.

– Нега айнан Кахети ва Сагарежо? Заъфарон етиштириш учун қандай иқлим афзалроқ?

– Қарор қабул қилишдан аввал бир қанча вилоятларда бўлдим. Заъфаронни Грузиянинг шарқий қисмига эккан маъқул, у ерда иқлим нисбатан қуруқ. Ғарбий Грузиядаги Самегрело ёки Ажария каби намлик юқори бўлган ҳудудларда уни етиштириш қийин бўларди.

– Органик заъфарон етиштиришнинг асосий жиҳатлари нималардан иборат?

– Заъфарон етиштиришда тупроқ сифати жуда муҳим. Замбуруғли касалликларнинг олдини олиш учун уни яхшилаб дренажлаш керак. Бундан ташқари, биз органик маҳсулот етиштириш ҳақида гапирар эканмиз, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашиш мураккаб вазифа. Мен зараркунандаларга қарши курашда органик воситалардан фойдаланаман, лекин бегона ўтларни қўлда олиб ташлаш керак. Органик заъфарон етиштириш бошқа ҳар қандай органик маҳсулот  каби кўп меҳнат талаб қилади, чунки, даладаги барча операциялар, жумладан, йиғим-терим ҳам қўлда бажарилади.

Бу экин экстремал ҳароратга чидамли, – 25 даражагача совуққа дош беради. Аммо заъфарон ўзгарувчан об-ҳавони ёқтирмайди. Буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. 2020 йили октябрь ойи охирига бориб, об-ҳаво кутилмаганда ўзгарди, бу мавсумий гуллашнинг тўхташи ва ҳосил камайишига олиб келди.

– Йиллар бўйича маҳсулот етиштириш динамикаси қандай?

– Биринчи йили 1600 метр квадрат майдондан атиги 0,25 кг қуритилган заъфарон попугини олдим. Кейинги йили ҳосилдорлик 1,2 кг гача ошган бўлса, 2020 йилда об-ҳаво шароити туфайли 0,9 кг га тушди. Жорий мавсум йиғим-терими якунланди, лекин қуритиш жараёни ҳали охирига етгани йўқ. Бизнинг заъфарон қуритгич ускуналарсиз, хона ҳароратида қуёш нури тушмайдиган ерда қуритилади, лекин вақт ўтиши билан қуритгич-ускуна керак бўлади.

– Заъфарон ҳосилини йиғиб олишнинг ўзига хос хусусиятлари қандай?

– Заъфарон ҳосилини йиғиб олиш даври октябрь ойининг ўрталаридан ноябрь ойи ўрталаригача давом этади, бутун жараён қўлда бажарилади. Ҳосилни йиғиш ва заъфарон попугини олиш жараёнини якунлаш учун бизга ўрта ҳисобда уч ҳафта керак бўлади. Бу жараён бир неча ҳафта давом этади, чунки, гуллар аста-секинлик билан тушади. Биз ишчиларни гулларни тўғри теришга ўргатганмиз. Асосийси, гул тупроққа қоришишига йўл қўймасликдир, чунки, йиғим-теримдан кейин уларни ювиб бўлмайди. Заъфарон попугини олишда, минимал санитария қоидаларига амал қилинади.

– Бозорда органик заъфароннинг нархи қанча ва маҳсулотингизни қаерда сотасиз?

– Маҳаллий бозорда жами ҳосилнинг кичик партияларинигина сотаман. Қуритилган заъфарон сифатини йўқотмай, 5-6 йил сақланиши мумкин бўлгани учун сотишга шошилмайман. Ҳозир декабрь ойида тайёр бўладиган органик сертификатни кутяпман.

Маҳаллий бозорда бир грамм заъфарон нархи 50 лари (16 доллар), оддий Эрон заъфаронининг бир грамми эса 35 лари (11 доллар) туради. Европа бозорларида органик заъфароннинг тахминий нархи кг учун 15 000 евро (16 927 доллар)гачадир. Келгуси йили ҳосилни, асосан, Исроил ва Франция, Голландия каби Европа мамлакатларида сотишни режалаштиряпман – Голландияда заъфарон пиёзи етиштирилади, лекин унинг ўзини эмас. Мен  Грузиядан органик заъфарон сотиб олишга қизиққан Исроил фармацевтика компанияси билан боғландим. Катта эҳтимол билан, келгусида фармацевтика бозорига маҳсулот етказиб беришни давом эттираман.

— Заъфарон етиштириш учун касбий билим ёки агроном маслаҳати керакми?

– Болқонда ишлаб юрган пайтларим испаниялик мутахассисдан сабоқ олдим ва барча керакли билимларни эгалладим. Органик ўғитлар ёки зараркунандаларга қарши воситаларни танлашдагина менга профессионал ёрдам керак. Заъфарон етиштириш бўйича илгари тажрибаси ёки билими бўлмаган ҳар бир киши экишдан аввал ушбу экинни ўстиришнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиб олиши керак.

– Келгусида қандай режаларни амалга оширмоқчисиз, маҳсулот етиштириш даражасини қанчага етказмоқчисиз?

– 2022 йилнинг баҳор фасли якунида заъфарон пиёзларини янги тупроққа кўчириш учун қазиб, ажратиб олишни режалаштиряпман. Янги майдон 1 600 метр квадрат ўрнига 1 гектарни ташкил этади, чунки, заъфарон пиёзи тупроқда кўпаяди. Ҳар тўрт йилда бир марта бўлиниб, қайта экилиши керак. Умид қиламанки, 2022 йилда ҳосил камида икки баробар ортади. Ҳосил ҳар йили кўпайиб бораверади. 2022 йилги мавсумдан бошлаб, ушбу маҳсулотни етиштириш даромадли бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Хитой Ўзбекистондаги йирик агрологистика марказига $50 млн сармоя киритишга тайёр

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин