2021 йилнинг июль ойи бошида Super Almond компанияси USAIDнинг қишлоқ хўжалиги дастури кўмаги билан грузиялик бодом етиштирувчилар учун бир ҳафталик тренинг ташкил этди. Компания эксперти ва Калифорния давлат университети профессори доктор Гаррет Брар Шарқий Грузиядаги бодом боғларида ўқув ва дала намойишларини ўтказди. Доктор Брар EastFruit учун эксклюзив тарзда Грузия ёнғоқ саноати ривожи ҳақидаги таассурот ва қарашлари билан ўртоқлашди.
Суратда: Доктор Брар – Грузиянинг Гардабани ҳудудидаги суперинтенсив боғда
– Доктор Брар, бу сизнинг Грузияга илк ташрифингиз, шундайми, биринчи таассуротларингиз қандай?
– Грузияда ёнғоқ саноати ҳозир бошланғич босқичда. Деярли 5 000 гектар бодом боғлари барпо этилганига қарамай, уларнинг бари экспериментал ёндашув ёрдамида яратилган, чунки, навлар ва экиш тизими бўйича қарорлар, асосан, материал етказиб берувчиларнинг тавсиялари ва бошқа мамлакатлар тажрибаси асосида қабул қилинган. Ваҳоланки, у давлатларнинг иқлими ёки тупроқ шароитлари Грузияникидан бошқача бўлиши мумкин.
– Грузиялик ёнғоқ етиштирувчиларга экиш бўйича қандай тизимни тавсия қиласиз? Испан агрономларининг янгиликлариними, супер-интенсив усулними ёки анъанавийсини?
– Бу ҳар бир лойиҳанинг мақсади ва шартларига боғлиқ, чунки, биз ҳисобга олишимиз керак бўлган кўплаб омиллар мавжуд. Одатда, гектарига экиш зичлиги ошиши дарахт ўз майдонини тўлдириши ва тўлиқ ҳосилдорликка эришиш учун вақтни қисқартиради. Натижада, юқори зичликда экилган дарахтлар мева бера бошлайди ва шунга кўра, даромад оқими эртароқ таъминланади. Бироқ, зичлик ошиши гектар ҳисобига юқорироқ бошланғич сармояларга ҳам боғлиқ. Дарахтларни кесиш ва ҳосил йиғиш механизацияси супер-интенсив тизим (SHD)нинг энг катта фойдаси ҳисобланади. Чунки, у сифатни сақлашга ёрдам бериб, бодомнинг афлатоксин билан ифлосланиш хавфини камайтиради. Aммо ёнғоқ дарахтдан узиб олингани сабабли, уни қўшимча қуритиш керак бўлади. Бошқа томондан, ҳосилдорлик кроннинг умумий ҳажми ва ёруғлик ўтказувчанлиги функцияси ҳисобланади. SHD
тизимидаги кронларнинг умумий ҳажми очиқ марказ / анъанавий тизимга қараганда паст бўлгани боис, очиқ марказ тизими ҳар бир дарахт учун пўстлоқли ёнғоқнинг энг яхши ҳосилини намоён этди. Ҳозир биз Фреснодаги Калифорния университетида SHD тизимининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш учун синовлар ўтказмоқдамиз. Бизнингча, бу тизим имкониятлари етарлича.
Aммо анъанавий тизим ҳали ҳам ишлайди ва ҳануз ҳаммаси яхши, чунки, кам харажат қилишни ва оз миқдорда ишлаб чиқаришни режалаштирган фермерлар анъанавий тизимдан барибир фойда кўришади.
Суратда: Тбилисидаги тренинглар
– Бодом навларини ривожлантиришнинг ҳозирги тенденциялари қандай?
– Ўз-ўзини чанглатувчи навлардан фойдаланиш тенденцияси мавжуд. Грузиялик боғбонларга баҳорги совуқнинг олдини олиш учун кеч гуллайдиган навлардан фойдаланишни маслаҳат берган бўлардим. «Нон-Парель» (Non-Parel) ҳали ҳам Калифорнияда ва бутунбошли бодом саноатида энг машҳур нав ҳисобланади. Аммо бозорда янги серҳосил навлар пайдо бўлмоқда. Яқинда Aмерика Қўшма Штатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) ва Калифорния Университети уруғчилик дастурлари сирасидан хусусий питомниклар ишларининг натижалари тақдим этилди. Лекин уларнинг бари Ўртаер денгизи навларидан кўра эрта гуллайди. Пайвандтагларнинг ҳар хил қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мос турли навлари мавжуд. Aввало, биз Грузияда Aмерика ва Европанинг турли хил навлари бўйича тадқиқотлар ўтказишга эътибор қаратишимиз керак. Кейин кутилган ишлаб чиқариш ва маркетинг эҳтиёжлари асосида танлов қилиш имкониятимиз бўлади, масалан, пўстлоғи олинмаган қаттиқ бодом сотишни хоҳлайсизми ёки қандолат секторини мўлжал қилганмисиз? Унда ишлаб чиқариш тизими бўйича танлов ҳам навлар уйғунлиги ва пайвандтаг кучига асосланган бўлиши керак.
Умуман олганда, навни танлашда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
а) гуллаш даврида шамол ва кечки совуқдан сақлаш;
б) йиғим-терим даври – механизациялаш эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, бозордан фойдаланиш имкониятлари;
в) ўсиш омили;
г) пайвандтаг танлашда инобатга олиниши керак бўлган тупроқ муаммолари;
д) ўсиш кучи – дарахтлар ва қаторлар орасидаги бўшлиқдан самарали фойдаланиш.
Ушбу омилларнинг бари муҳимдир. Масалан, сиз ўта юқори зичликда кенг ёйилган крон билан кучли навларни экишингиз мумкин эмас. Шу сабабли, бизга ушбу иқлим шароитида кўплаб навлар ва пайвандтаглар ҳақида Грузияга хос жуда кўп маълумотлар керак. Aгар маълумотларни тўплай олсак, соҳадаги ютуқларни кўзлашимиз мумкин.
– Грузиянинг бодом сектори ривожи ҳақида қандай фикрдасиз?
– Сармояларни режалаштиришда маҳсулот етиштирувчилар ҳар бир қадамни ўйлаб босиши керак, чунки, бу келгуси 20-25 йил учун қабул қилинадиган қарордир. Қарорлар ҳиссиётларга эмас, балки билим ва синовлар натижаларига асосланган ҳолда қабул қилиниши зарур. Тармоқни тижоратга йўналтириш учун асосий элементларни жорий этиш лозим:
Биринчидан, саноат юқори сифатли генетик материал ва пайвандтагларда мавжуд бўлган табиий потенциал асосида қурилиши керак. Вируссиз экиш материали ёнғоқ етиштиришнинг барқарорлигини таъминлаши зарур. Янги генетикани жорий этиш мамлакатдаги малакали мутахассисларнинг адаптив синовлари ёрдамида қўллаб-қувватланмоғи зарур. Билим тарқатувчи хизматлар, яъни экстенция чекланган мамлакатларда хусусий сектор давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги орқали жалб қилиниб, янги навлар синовдан ўтказилиши тезкор натижалар берди. Super Almond Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги ёнғоқ етиштирувчиларнинг билим ҳамда тажрибасини АҚШга етказиш устида ишлайди. Шунингдек, биз ҳам питомниклар учун сифатли генетик материал етказиб берувчилардан биримиз. Менимча, ушбу тизим Грузияда Илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда яхши иш беради.
Грузиялик боғбонлар билимга чанқоқ. Aгар уларда Интернетда мавжуд Калифорния университети ўқув материалларидан фойдаланиш имконияти бор бўлса, унда биз ушбу ташриф давомида аниқлаб, уларни тўлдиришга ҳаракат қилган амалиётдаги камчиликлар аёндир. Шу тариқа, мен билим тарқатишнинг ҳамкорликдаги тизими учун тармоқда молиялаштирилиши керак бўлган имкониятларини кўрмоқдаман. Тизим маҳсулот етиштирувчиларга яқин бўлган маҳаллий маслаҳатчилар / агрономлар тажрибасига таянган ҳолда йўлга қўйилиши керак, улар ҳар куни худди оилавий шифокордек маслаҳат беришади; ва катта консультантларнинг маҳаллийси ҳам, халқаро миқёсдагиси ҳам кардиолог ёки вирусолог каби жуда аниқ йўналишлар бўйича маслаҳат бера олиши керак. Ушбу тизим тўлиқ куч билан ишлаши ва билим асосида қабул қилинган қарорлар натижаларини кўрсатиши учун 3-4 йил меҳнат қилиш талаб этилади. Биз қанчалик тез бошласак, соҳа ривожи учун бу шунча яхши. Ҳозир ушбу мотивацион лойиҳа учун донорлардан ёрдам қидиряпмиз, чунки, билимларнинг тарқалиши тизимисиз сектор ривожида барқарор натижаларга эришиб бўлмайди. Олим сифатида мен яна америкалик талабалар учун Грузияда катта билим имкониятларини кўряпман, шунинг учун яқин келажакда биз Калифорния Университети талабалари учун экстенция дастури доирасида тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Грузияда ўзаро билим ва тажриба алмашув тадбирларини ташкил қиламиз. Ташрифим давомида бир қатор ёш, шижоатли агрономлар билан учрашдим ва суҳбатлашдим. Уларнинг билим олиш ҳамда уни татбиқ этишга иштиёқманд экани кишида катта умид уйғотади. Биз шунчаки бу ҳаракатни тўғри йўналтира билишимиз керак.
Ва учинчи омил, албатта, савдодир. Грузия ва Европа Иттифоқи, Хитой, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Туркия ўртасидаги эркин савдо шартномалари, бу борада, албатта, ёрдам беради. Бироқ, бозордаги юқори рақобатни ҳисобга олсак, қайта ишлаш инфратузилмаси юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун мутлақо номуносибдир. Aфлатоксинлар бодом учун ҳам, бошқа турдаги ёнғоқлар учун ҳам муаммо ва бу менежмент билан боғлиқ. Шунинг учун биз «Super Almond» дастури доирасида келгусида имкониятларни оширишни ва ўқув дастурларини кўриб чиқмоқдамиз. Калифорнияда сув жиддий муаммо ҳисобланади, яъни сув етишмовчилиги билан бирга унинг сифати ҳам ёмон. Яқинда содир бўлган қурғоқчилик туфайли кўплаб эски бодом боғлари илдизи билан қўпориб ташланмоқда.
Улар ўрнида янги бодом боғлари барпо этилиши даргумон. Фермерлар кўпроқ қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экинлар, хусусан, пистани афзал билишмоқда.
Менимча, Калифорниядаги мевали бодом майдонларининг ўсиш тезлиги платога чиқади. Жаҳон бўйлаб турли хил бодом маҳсулотларига талаб ортаётгани туфайли бодом саноати Европа, Aвстралия ва Жанубий Aмерикада кенгайиб бормоқда. Биз Калифорнияда ҳамон жаҳон миқёсида бодом етиштириш бўйича улкан улушга эгамиз ва сифатли мағизлар етиштирамиз. Аммо Грузия каби ерлар ўсиб бораётган талабни қондириш учун катта имкониятларга эга эканлигини ҳам тан олиш керак.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!