Яқинда ЕastFruit Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг анъанавий технологиясини намойиш этган эди. Бироқ, Фарғона водийсида гилос етиштириш, совутиш, саралаш ва қадоқлашнинг суперзамонавий технологиялари ҳам муваффақиятли жорий қилинган.
GOLD FRESH FRUITS (GDF) компанияси гилос бизнесининг барча элементлари ҳақидаги видео қуйида келтирилган ва унинг тавсифи тасвир остидаги матнда ифодаланган.
Ўзбекистон тадбиркорлари интенсив гилос боғларини жадал ривожлантирмоқда. Бу боғлардан чиройли, йирик мевали ва ширин гилоснинг юқори ҳосилини олиш мумкин. Бизнесдаги юқори самарадорликни гидросовутиш (гидрокулинг), оптик саралаш ва Х-tend типидаги МAP-халталарга қадоқлаш технологиялари таъминлайди. Бундай гилосни сифат ва ҳажм жиҳатидан жаҳондаги энг талабчан мамлакатларга ҳам экспорт қилиш мумкин.
Aйтганча, замонавий интенсив гилос боғлари Фарғона водийсида 400 гектардан зиёд майдонни эгаллаган. Гилос йиғиш мавсуми қизғин кечаётган пайтда EastFruit жамоаси Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига ташриф буюрди.
GOLD FRESH FRUITS (GDF) агрохолдинги боғлари бошқарувчиси Беҳзод Раҳимовнинг сўзларига кўра, Gold Dried Fruits холдинги интенсив боғларининг умумий майдони 566 гектарни ташкил этади, шундан 446 гектари гилос боғларидир. Бу боғларни барпо этиш учун барча кўчатлар Италия ва Туркиядан келтирилган. Ушбу давлатлардаги махсус питомникларда жаҳон бозоридаги машҳур гилос навлари пайвандланган. Маҳаллий навлардан фарқли ўлароқ, уларнинг транспортабеллиги юқори даражада ва сақлаш муддати ҳам узоқроқдир. Бундан ташқари, ушбу боғлардан Осиё, Европа ва Яқин Шарқ бозорлари учун жуда муҳим саналмиш йирик гилоснинг катта фоизини олиш мумкин. Масалан, мазкур боғлардаги гилос ҳосилининг ярмидан кўпи 24 дан 32 миллиметргача калибрга эга. Aйниқса, Sweet Aryanа, Sweet Lorenz, Sweet Gabriel навларидан 26 миллиметрдан ортиқроқ калибрли 80%гача йирик мевалар ҳосилини олиш мумкин.
Гилос навлари маҳаллий иқлим, тупроқ ва сув таркиби, ерости сувлари сатҳи ҳамда интенсив гилос боғларини барпо этиш учун муҳим бўлган бошқа параметрларни ўрганиш натижаларига кўра танланган.
Боғларни барпо этиш кўп йил Италияда ишлаган туркиялик агрономнинг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширилди. Шунингдек, компания интенсив боғларда гилос етиштириш бўйича 20 йиллик тажрибага эга чилилик консультантни ҳам жалб этди. Aхир, Чили – гилос экспорти бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади! Бугунги кунга қадар плантациялардаги парваришлаш жараёни, жумладан, суғориш, дарахтларга ишлов бериш ва уларни муҳофаза қилиш дастури шу икки мутахассис назорати остида амалга оширилмоқда.
Боғлар ёш, шунинг учун дарахтларнинг аксарияти ҳали максимал ҳосилдорлик босқичига кирмаган. Бироқ, 2021 йилнинг ўзидаёқ, етиштирилган гилоснинг 80-90%и экспортга йўналтирилади. Ушбу ҳажмнинг тахминан 30-40%и Жанубий Корея, АҚШ, Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Польшага, 60-70%и Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинади.
Бу йил GDF Глобал Гэп (Global G.A.P) сертификатини олди ва у Наманган вилояти тарихида ушбу сертификатни олган биринчи компания бўлди. Мазкур қадам унинг учун янги экспорт бозорлари йўлини очиши, шубҳасиз.
Гилос йиғиш мавсуми бу ерда тахминан апрель ойининг ўрталаридан бошланиб, июнь охирида якунига етади. Йилнинг бу даврида Ўзбекистондаги иссиқ об-ҳавони ҳисобга олган ҳолда гилос йиғим-терими эрталаб соат 5 да бошланади ва бу жараён атиги 4 ёки 5 соат давом этади.
Aнъанавий боғлардан фарқли ўлароқ, интенсив боғлар резаворларни узиб олиш учун зинапоя ёки бошқа махсус қурилмалар талаб қилмайди, чунки, гилос дарахтларининг баландлиги атиги 2,5 метр, холос. Айни жиҳат ҳосилни йиғиб олишдаги қулайлик ва хавфсизликни таъминлайди, шунингдек, йиғим-терим тезлиги ошади. Бу, ўз навбатида, мева сифатини сақлаш ҳамда транспортабелликни таъминлашда муҳимдир.
Қолаверса, ҳосил йиғиш жараёни қанчалик тез бўлса, 1 кг мевани териб олиш учун харажатлар шу қадар кам бўлади ва иш жараёнида бунинг ҳам аҳамияти беқиёс!
Гилос енгил пластикдан тайёрланган қутиларга йиғилади. Махсус камарлар ёрдамида теримчилар қутиларни шундай осиб олишадики, идишдаги юк инсон танасига вертикал тарзда тенг тақсимланади. Бундан ташқари, теримчининг иккала қўли ҳам бўш бўлади ва бу жиҳат иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Гилос экиш схемаси – 2 га 4 метр. Ziraat ва Regina номли навлар участкаларида ҳар 11-дарахт чанглатувчи навдир. Гилоснинг Early Lory, Sweet Heart, Sweet Aryana, Sweet Lorenz, Sweet Gabriel каби навлари эса ўзини-ўзи чанглатиш хусусиятига эга.
Яна бир янги технология – бу ҳашаротларга қарши феромон тузоқлар бўлиб, улар эркак зараркунандаларни жалб қилади. Тузоққа томон учиб келган ҳашарот унга ёпишиб қолади. Жуфтисиз қолган урғочилар насл бермайди ва шу тариқа зараркунандалар муаммосидан халос бўлиш мумкин. Ўз навбатида, боғбонлар боғни ҳимоялаш учун кимёвий воситалардан фойдаланишмайди, бу эса маҳсулот ва ҳудуднинг экологик жиҳатдан софлигини асрайди. Тузоқлардан кун давомида қанча зараркунанда келганини ҳисоблаш ва уларнинг турларини аниқлашда ҳам фойдаланиш мумкин, бу ҳимоя тизимини ишлаб чиқиш ёки ўзгартириш имконини беради.
Йиғим-терим маҳали йиғиб олинган маҳсулотларни вақтинчалик сақлаш учун боғда кўчма пунктлар барпо этилади. Участка агрономи Жасурбек Ғаффоровнинг айтишича, гилос йиғиб олингач, офтобдан ҳимояланган жойда қисқа вақт – бир соатдан кўп бўлмаган муддатда сақланади. Мева ҳарорати кўтарилишининг олдини олиш учун ҳар бир қути бир неча сантиметр қалинликдаги совуқ сувда намланган губкалар билан қопланади. Бу гилосни гидрокулинггача етказиб беришда керакли ҳароратни ушлаб туриш имконини беради. Ушбу пунктлар боғ бўйлаб ҳар беш қаторга биттадан ўрнатилади.
Бир соат ичида қанча гилос йиғилганидан қатъи назар, мевани совутиш жараёнига тез етказиб бериш учун ҳар соатда гилос партияси гидрокулинг (музли сув билан совутиш) цехига юборилади.
Гидрокулинг цехи боғдан атиги 5 километрлик масофада жойлашган. Шунинг учун янги йиғилган партияни совутишга етказиб бериш учун машинага 10 дақиқа керак бўлади ва бу меванинг сархиллигини таъминлаш ҳамда сифатини максимал даражада оширишга имкон беради.
Цехга келгандан сўнг ходим совутишдан аввал меванинг ҳароратини ўлчайди. Шундан кейин ҳўлланган губкаларни қутилар юзасидан олиб ташлаб, уларни гидрокулинг конвейер лентасига жойлаштиради. Мевалар ҳарорати ноль даражадан сал юқорироқ ҳароратдаги музли сувдан ўтказилади. Гидрокулинг – меваларни совутишнинг энг қиммат ва самарали усулидир. Ушбу усул ҳароратни тез пасайтириш ва намликни йўқотишнинг олдини олади, яъни, гилос шарбатини йўқотмайди, транспортабеллик даражаси ошади ва истеъмолчига янги узилгандек ҳолатда етиб боради.
Конвейер лентасининг бошқа томонида совутилган гилос солинган қутиларни худди ўша ходим қабул қилиб олади ва ушбу партия меваларининг ҳарорати бўйича назорат ўлчовини амалга оширади. Жуда қисқа вақт ичида мева ҳарорати 25 дан 10 даражага тушди.
Кейин гилос солинган қутилар паллетга жойланиб, гидрокулинг конвейеридан атиги бир неча метр нарида жойлашган музлатгичга олиб борилади. Ушбу музлатгичларда гилос янада пастроқ ҳароратгача совутилади. Кейин эса саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш цехига юборилади.
Gold Dried Fruits агрохолдинги гилосни қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш бўйича ультра-замонавий мажмуага эга. Мажмуа саралаш ва калибрлаш зонаси, қадоқлаш, совутиш камераларидан ва маҳсулотнинг ҳарорати, таркиби ва сақлаш муддатини таҳлил қилиш лабораторияларидан иборат. Мажмуа Тошкентнинг чекка қисмида жойлашган бўлиб, пойтахт аэропортига яқин ва у ердан гилос партиялари Жанубий Корея, Бирлашган Aраб Aмирликларига самолётларда жўнатилади.
Интенсив боғлар ва гидрокулинг цехи жойлашган Наманган вилоятидан совутилган гилос ҳарорат режимига ёки совуқ занжирга қатъий риоя қилиш шарти билан махсус рефрижераторларда етказиб берилади. Маҳсулот етиб келганидан сўнг машиналар тўғридан-тўғри гилос партиялари жойлаштирилган совутиш камераларига йўл олади.
Оптик саралаш зонасида гилос нуқсонлари, ранги ва катталиги бўйича сараланади. Жараённи бошлашдан аввал лаборатория ходими меванинг ҳароратини текширади. Сўнг гилос қутилардан эҳтиёткорлик билан олиниб, сувли идишга солинади, бунда лента саралаш жараёнини бошлаш учун меваларни кўтариб беради. Идишдаги сувнинг ҳарорати ҳам назорат остида бўлади.
Оптик ускуналар билан жиҳозланган автоматик линия ҳар бир мевадаги энг кичик нуқсонларни ҳам пайқайди ва умуман нуқсонсиз гилосларни саралайди. Бир вақтнинг ўзида гилос рангги бўйича, яъни, унинг қизиллигини муайян даражада қондирувчи диапазонда сараланади.
Бошқарув монитори орқали юкланган партияда қандай нуқсонлар борлигини ва ундаги ҳар бир брак турининг улушини кузатиш мумкин.
Нуқсонлар ва ранглар бўйича саралангандан сўнг гилос ҳажм жиҳатидан сараланади, яъни, калибрлаш жараёни кечади. Ушбу автоматик линияда меваларнинг ҳар бири ўз калибрига мос йўналишга тушади. Ҳар бир йўлакча гилоснинг муайян катталигига мослаштириб дастурлаштирилган.
Йўл якунида мевалар Stepac компаниясининг Х-tend типидаги махсус МAP халтали қутиларига тушади ва қадоқланади. Гилосли халталар, ўз навбатида, мустаҳкам картон идишга жойланади.
Сараланган гилос тўла қутилар эҳтиёткорлик билан ёпилиб, маркировка қилинади: бу гилоснинг қай бир қутига қандай калибрдагиси жойлаштирилганини кўрсатади.
Шунингдек, GDFнинг гилос сифатини назорат қилиш лабораторияси ҳам мавжуд. Экспорт учун гилос партиясини шакллантириш жараёнида лаборатория ходимлари ҳар бир партиядан намуналар олишади. Ушбу намуналар билан Брикс ва маҳсулотнинг бошқа муҳим хусусиятлари ўлчанади. Ҳар бир партиядан намуналар лабораторияда сақланади.
Лаборатория ходими Дилшодахон Аҳророванинг айтишича, намуналарга кўра, улар сифат кўрсаткичларининг ўзгаришини, мевалар қайси вақтдан бошлаб бузила бошлаганини, қандай ўзгаришлар юз бераётганини, сақлаш муддатлари ва бошқаларни кузатишади. Мухтасар айтганда, шу тариқа компания маҳсулотни қайта ишлашнинг барча босқичлари якунида маҳсулот сифатини назорат қилишни амалга ошириши мумкин. Ва бу маълумот, ўз навбатида, мева етиштириш технологиясини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки, компания боғнинг қайси қисмида ушбу партиядан гилос етиштирилгани ва у ерда қандай технологиялар қўлланганини билади.
Гилос қадоқланган қутилар паллетга йиғилади. Бурчаклари мустаҳкамланиб, пленка билан ўралади. Юк кўтаргич ёрдамида экспортга тайёр гилос партияси совутиш камераларига жойлаштирилади. Бу ерда у жўнатиш вақтига қадар сақланади. Бу сафар маҳсулот Дубайга юборилади.
GOLD FRESH FRUITS (GDF) агрохолдинги боғлари бошқарувчиси Беҳзод Раҳимовнинг айтишича, 2021 йил компания учун катта муаммолар келтириб чиқарди, шу билан бирга, гилос бизнесидаги хатарларни янада камайтириш учун қимматли маълумотларни тақдим этди.
«Бу йил кузатилган об-ҳаво аномалиялари, яъни қиш ойларидаги кескин исиш, кейин февраль ойи охири ва март ўрталаридаги совуқ ҳаво мева-сабзавот етиштирувчиларга кўп муаммолар олиб келди. Биз ушбу совуқлар маҳали барча ходимларимизни сафарбар этиб, анъанавий ҳимоялаш усулларини қўллаган ҳолда кечаю кундуз ишлашимиз керак бўлди. Ушбу ҳаракатлар туфайли ҳосилни асраб қолишга ва катта йўқотишларнинг олдини олишга муваффақ бўлдик.
Буларнинг бари бизни дарахт гуллаётган пайтда совуқдан ҳимояловчи замонавий технологияларни жорий этиш ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Ҳозирги замонавий технологиялар ва жаҳон тажрибасини ўрганиб чиқдик. Кейинги мавсумга қадар биз дарахтларни совуқдан ҳимоялаш учун автоматик пуркагич тизимларини ўрнатишни режалаштирмоқдамиз. Қўшимча ҳимоя сифатида бутун боғ бўйлаб шамоллатиш тизимини ўрнатиш мўлжал қилинган. Дарахтларни совуқдан ҳимоялашнинг бу усули жаҳон амалиётида ҳам қўлланади. Биз шундай тизимни олиб келиш ва ўрнатиш бўйича Италия компанияси билан музокаралар олиб бормоқдамиз.
Бундан ташқари, дўл ва ёмғирдан ҳимояловчи замонавий технологияларни жорий этиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Бу ҳам пишиб етилиш даврида ҳосилни сақлаб қолиш учун муҳимдир», – дейди Беҳзод Раҳимов.
EastFruit жамоаси Gold Dried Fruits (GDF) агрохолдингига кўмаги ва видеотасвирга олиш имкониятини яратиб берганлиги учун миннатдорлик билдиради.
Ушбу материал БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида тайёрланди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!