Грузия ошхонаси бой таъми ва хилма-хил вегетарианча таомлари билан машҳур. Кўкатлардан тайёрланадиган салат эса “must-have” ҳисобланади ва ҳар қандай грузин байрамининг безагидир. Одатий кашнич, майданоз ва шивитдан ташқари, салатга райҳон ўзгача таъм беради. Аммо Грузиядаги қиш фаслида ушбу кўкатни етиштириш у қадар осон эмас ва бу жуда қимматга тушади, чунки, райҳон ўсиши учун Цельсий бўйича камида +20 даража ҳарорат зарур. Бундан ташқари, райҳон бошқа кўкатлар каби тез бузилади.
Тбилисидаги ресторан ва меҳмонхоналар учун кўкатлар ассортименти, уларнинг сархиллиги ва тозалигини таъминлаш масаласига Грузиядаги биринчи вертикал ферма – Тбилисининг қоқ марказидаги Cаfé Stambaда жойлашган Space Farms ечим топмоқда.
EastFruit жамоаси вертикал фермага ташриф буюрди. Сизни ҳам ушбу яшил оламга виртуал саёҳат қилишга чорлаймиз, марҳамат, гўзаллик ва ёруғликдан баҳраманд бўлинг, энг замонавий агротехнологиялар билан яқиндан танишинг. Видео остида эса Space Farms асосчиларининг бизнес модели ва режалари тафсилотини топасиз.
Space Farms фаолият бошлаганига икки йилдан ошди. Ферма 155 квадрат метр майдонда ҳар ой 500 килограммга яқин салат, кўкатлар, микрогрин ва истеъмол учун мўлжалланган гуллар – жами 15 турга яқин маҳсулот етиштиради. Айтганча, бу тахминан гектарига 400 тонна кўкат ҳосилига тўғри келади. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, «вертикал экинлар» ҳақида сўз борганида гектарига ҳосил олиш кўрсаткичини қўллаш у қадар тўғри эмас.
Ўта сархил Грузия райҳони ва мамлакатнинг бошқа жойларидан харид қилиб бўлмайдиган бошқа кўкатларни йил бўйи Cаfé Stambaдан топиш мумкин. Энг қизиғи, фермадан истеъмолчи столигача бўлган масофа 10 метрдан ошмайди.
Ўсимликлар гидропоника усулида етиштирилади, бу эса сув ва ўғитларни тежайди. Ушбу фермадаги айланма тизим туфайли анъанавий гидропоника усулидаги иссиқхонага нисбатан сувни 85% гача тежашга эришиш мумкин. Тўлиқ назорат қилинадиган муҳит пестицидлардан фойдаланишдан буткул воз кечиш имконини беради. Space Farms ойига тахминан 3 тонна сув ва 7500-9500 кВт электр энергиясини сарфлайди. Шу билан бирга, бинони совутиш зарурати туфайли ёзда харажатлар қишга нисбатан юқори бўлади.
Айтилганларнинг барига қўшимча равишда вертикал ферма интерьери жуда ноодатий ва футуристик кўриниш касб этганлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Табиийки, бу қўшимча мижозларни жалб қилади. Аксарият кишилар кўп қаватли токчаларда барқ уриб турган ўсимликлар фонида суратга тушиш учун бу ерга келишади.
Лойиҳа муаллифи – Туся Гарибашвили ўз тажрибасини «Space Farms Spots» мини-фермаларини ишлаб чиқаришга йўналтирди. Уларда ҳар ой атиги икки квадрат метрда тахминан 25 кг кўкат ва салатлар етиштириши мумкин, шу билан бирга, харажатлар минималдир – кунига 10-15 кВт электр энергияси ва ойига тахминан 100 литр сув. Бундай фермага бир киши хизмат кўрсатиши мумкин.
«Space Farms Spots»га меҳмонхоналар, ресторанлар ва йирик супермаркетлар аллақачон қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, мини-ферма «вертикал бизнес»ни ривожлантирмоқчи бўлган, лекин, ҳали жиддий сармоя киритишга журъат эта олмаётганлар учун жуда қизиқарли лойиҳадир. «Space Farms Spots» билан ишлаш орқали бизнеснинг ушбу йўналишига катта сармоя киритишдан аввал унинг қанчалик қизиқарли юмуш эканини тушуниб олиш мумкин бўлади. «Space Farms Spots» эълон қилган нарх – 15 000 АҚШ долларини ташкил этади. Ускунани лизинг орқали молиялаштириш имконияти ҳам таклиф қилинган. Space Farms ҳисоб-китобларига кўра, маблағ тахминан 5 йил ичида тўланади.
Туся Гарибашвилининг айтишича, 2022 йил апрелдан бошлаб, Space Farms Café Stambaнинг мулкига айланади ва шунга монанд барча маҳсулотлар фақат Cаfé Stamba эгалари тармоғи – Аdjara Groupга етказиб берилади.
Туся Гарибашвили «Space Farms Spots» мини-фермаларини ишлаб чиқаришга эътибор қаратишни ва ускуна харид қилган мижозлар учун агротехник ёрдам кўрсатишни мақсад қилган. «Space Farms Spots» ускуналари савдоси тўлиқ экспортга, биринчи навбатда, қўшни мамлакатларга йўналтирилади.
EastFruit лойиҳаси, ФАО ва ЕТТБ Туся Гарибашвилига меҳмондўстлиги ва очиқлиги, шунингдек, ўз тажрибасини бошқа мамлакатлардаги ишлаб чиқарувчилар билан баҳам кўриш истаги учун миннатдорлик билдиради. Ва тадбиркорга янги истиқболли йўналишни ривожлантиришда муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қолади!
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!