Бош саҳифаДолзарбСўнгги 5 йил ичида Марокаш майиз импортини 20 баробардан зиёд оширди!
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Сўнгги 5 йил ичида Марокаш майиз импортини 20 баробардан зиёд оширди!

Марокашда узум етиштириш билан бирга майиз етиштириш ҳам йўлга қўйилган, бироқ олинган ҳосил қуритилган мевани хуш кўрадиган харидорларнинг эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас, дея хабар бермоқда EastFruit. Шундай қилиб, мамлакат ушбу маҳсулотларни импорт қилишга мажбур ва майизга бўлган талаб ортиб бораётгани сабабли, сўнгги беш йил ичида унинг Марокашга импорти 20 баробардан зиёдроқ ошди!

Шуни қайд этиш жоизки, майиз Марокаш ошхонасида жуда машҳур маҳсулот. Тажин, Марокашча кускус – анъанавий миллий таомлар бўлиб, уларни тайёрлаш учун майиз ишлатилади. Маҳаллий ошпазлар ушбу ингредиентни кўплаб гўштли таомлар, пироглар, конфетлар, ҳолвалар ва турли ширинликларга қўшишади. Бундан ташқари, майиз, кўпинча, снек сифатида истеъмол қилинади ва ширин, фойдали маҳсулот бўлгани учун болалар ва катталар орасида машҳурдир.

Марокашда майизга талаб ортиб бораётгани ажабланарли эмас. Ушбу маҳсулот импорти импорт қилинадиган сабзавот ва мевалар орасида 8-ўринни эгаллаб, сўнгги беш йил ичида маҳаллий бозорларга етказиб бериш ҳажми 557 тоннадан (2017 йилда) рекорд даражадаги – 13 минг тоннагача (2022 йилда) ошди.

Қайд этиш жоизки, Марокаш Африкадаги энг йирик узум етиштирувчилардан бири бўлиб, ушбу маҳсулотнинг катта қисмини экспорт қилади. Бироқ, сўнгги йилларда Марокашда узумзорлар майдони камайди. Ўн йил ичида узумзорлар майдони 12 фоиздан зиёд қисқарди. Шу билан бирга, бу меванинг Марокашдан экспорти барқарорлигича қолмоқда. Сархил ҳолатда истеъмол қилишдан ташқари, маҳаллий узум ҳам шароб, ҳам майиз тайёрлаш учун ишлатилади. Майиз, айниқса, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар орасида талабгир.

Айнан туризм ва ички бозорнинг ривожланиши майиз импортини оширишда муҳим роль ўйнади. Марокаш ҳукумати сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида саноатни қўллаб-қувватлаш бўйича турли дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда, шунингдек, маҳаллий аҳолига мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун кўплаб имкониятларни таклиф этяпти. Миллий ошхонанинг жозибадорлиги ва хилма-хиллигини ҳисобга олсак, гастрономик компонент Марокашга саёҳатда муҳим аҳамиятга эга экани ажабланарли эмас.

Марокашга майиз етказиб беришнинг мавсумийлиги ҳақида сўз юритилса, шуни қайд этиш жоизки, ушбу маҳсулотни Шимолий Африка мамлакатига импорт қилиш мавсумининг «чўққиси» июнь-июль ойларига тўғри келади. Таътиллар бошланиши билан саёҳатчилар оқими кўпаяди, бу эса талаб даражасига сезиларли таъсир кўрсатади.

Сўнгги йилларда Марокаш бозорларига майиз етказиб бериш бўйича етакчилар Ўзбекистон ва Эрон бўлиб турибди — улар ушбу маҳсулотни жаҳондаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида Марокашга етказиб бериш бўйича биринчилик учун курашмоқда.

Марокаш бозорларидаги майиз тақчиллиги қисман Ҳиндистон ва Туркиядан етказиб бериладиган маҳсулот ҳисобига қопланади. Шу билан бирга, 2022 йилда Туркия ва Ҳиндистон майиз етказиб бериш ҳажмини ошириб, бозорнинг бир қисмини Ўзбекистондан ва кўпроқ даражада Эрондан “олиб қўйиш”га муваффақ бўлди, ушбу давлатлардан Марокашга майиз етказиб бериш 1,3 минг ва 1,6 тоннагача ошди.

Натижада, 2022 йили Марокашга қарийб 5 минг тонна майиз етказиб берган Ўзбекистон ўз етакчилигини тиклаб мазкур мамлакатга майиз экспортёрлари рейтингда 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.  Жорий йилда ўзбекистонлик экспортёрлар Марокашдаги асосий майиз экспортёри мақомини сақлаб қола оладими-йўқми – буни мавсум якунида билиб оламиз.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Глобал мева савдоси инқирози — кўп йиллардан буён экспортнинг илк бор қисқариши сабаблари таҳлили

EastFruit

Тожикистоннинг Ҳисор водийсида қишки аёзлар туфайли узумзорларнинг 80% дан ортиғи нобуд бўлди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин