Бош саҳифаДолзарб2023/2024 йилги мавсумда кечки пиёз ҳосили қандай нархда бўлади?
ДолзарбМахсусТадқиқотларЯнгиликлар

2023/2024 йилги мавсумда кечки пиёз ҳосили қандай нархда бўлади?

Пиёз — ўзи оддийгина, аммо, кўзни ёшлантирувчи бу сабзавотни, одатда, нархига эътибор қилмай харид қилаверганмиз (ахир, у қора икра эмас-ку!). Бугун эса худди шу маҳсулот янгиликлар майдонининг асосий ньюсмейкерига, кўплаб мемларнинг бош қаҳрамонига айланди-қолди!

Бунинг ўзига яраша сабаби бор, албатта. EastFruit таҳлилчилари аввал қайд этганидек, пиёз нархи рекорд даражада юқори. Албатта, Украина, Грузия, Молдова, Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатларидаги пиёз нархи ҳақида гапирадиган бўлсак, улардаги вазият ҳозирча Филиппиндагидан анча фарқли. Зеро, Филиппинда пиёз тўёна сифатида тақдим этилмоқда, товар ва хизматлар учун тўлов ўрнида қабул қилиняпти. Тўғри, биз бу даражагача бормоқчи эмасмиз. Қолаверса, Нидерландия ўзининг қиммат, аммо сифатли маҳсулотлари оқимини Африкадан Шарқий Европа мамлакатларига томон бурмоқда, ҳатто Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига пиёз юбориш ҳақида ҳам гап-сўзлар бўляпти.

Ҳозирги кунда чакана савдо дўконларида пиёзнинг 1 килограмми бир қатор мамлакатларда қарийб 1 АҚШ долларидан сотилаётганини кўрган агросектордан узоқ кўплаб тадбиркорлар ёки сабзавотчиликдан бирмунча йироқ фермерларнинг хаёлига нималар келаётганини тахмин қилиш қийин эмас. Албатта, уларнинг кўпчилигида «Ишим ҳозир у қадар даромадли эмас – яхшиси, 100 гектар ерга пиёз экишим керак» деган бебаҳо фикр туғилган бўлса не ажаб! Қуруқ ғоядан кўра уни амалга ошириш учун амалий ҳаракат қиладиганлар қанча бўлишини биз, албатта, аниқ билмаймиз, лекин улар кўпчиликни ташкил этиши  аниқ.

Ўтган йили ҳам, ундан аввалги йили ҳам пиёз етиштирган фермерлар, умуман, тажрибали сабзавот етиштирувчилар-чи, улар нима қилади? Уларнинг неча фоизи 2023 йил ҳосили етиштириладиган пиёз майдонларини қисқартиради?

Биз Telegram каналимизда 2023 йили пиёз экиладиган майдонларнинг истиқболлари бўйича жуда ҳам норепрезентатив аноним сўровнома ўтказдик. Ушбу сўровнома ажойиб натижалар берди. Албатта, биз ҳатто аноним сўровномаларда ҳам ҳар ким нима ўйласа шуни айтади, деб ўйламаймиз. Бундан ташқари, натижалар ўзгаришига қараб, плебисцит иштирокчиларининг «тизимни алдаш» ва шубҳали сценарий кўрсаткичларини ошириш истаги кўзга ташланди. Бироқ, бу ёрдам бермади ва респондентларнинг 70% дан ортиғи пиёз экиладиган майдонлар кўпайишини, унинг камайишини эса респондентларининг атиги 12 фоизи прогноз қилди.

Пиёз нархини олдиндан прогноз қилиш мумкинми?

Лекин яна пиёзнинг рекорд нархларига қайтамиз. Агар кимдир пиёз ёки сақлаш мумкин бўлган бошқа сабзавотлар нархи билан боғлиқ бундай вазият биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Чунки айнан шундай — маҳсулот етиштириш ва сақлаш инфратузилмаси ривожланган мамлакатларда сабзавот нархлари цикли агар уларга бошқа ташқи омиллар таъсир қилмаса, жуда барқарор. Демак, биз кейинги мавсумдаги пиёз нархини фақатгина охирги циклдаги юқори нархлар мавсумидан кейин нима бўлганини бир четга сурган ҳолда осонгина прогноз қилишимиз мумкин экан-да? Ва бу ўринда ақлли инсонлар ҳам кўпинча, ҳақ бўлиб чиқмайди — агар ҳаммаси шу қадар оддий бўлганида  ушбу йилларда янги мавсум учун нарх прогнозларида фермерларнинг 95 фоизи эмас, ундан камроғи, масалан, 90% адашган бўлар эди.

Олтинга тенг 5%

Ҳа, агар сиз материалимизни шу ергача ўқиган бўлсангиз, демак, сиз 5%лар қаторига кириш имконияти юқори бўлганлардансиз. Чунки сиз, энг камида ўз прогнозларингизга шубҳа қиляпсиз. Салбий тарафи шундаки, янги мавсум учун пиёз бозоридаги ўзгаришлар прогнози бўйича ўз фикрингиз мавжуд бўлсагина ушбу 5%га киришингиз мумкин. Бунинг учун эса бозордаги талаб ва таклифга таъсир этувчи барча фундаментал омилларни имкон қадар холисона баҳолашгина эмас, балки улардан тўғри хулоса чиқариш ҳам жуда муҳимдир. Ва ҳатто бу ҳам  муваффақиятга кафолат бера олмайди, чунки классиклардан бири айтганидек: «Фақат бўлиб ўтган ҳодисаларнигина аниқ прогноз қилиш мумкин».

Зерикарли ва қийин фундаментал таҳлил —  қандай қилиб уни қизиқарли қилиш ва осонлаштириш мумкин?

Ушбу нуқтада мақола ўта зерикарли тус ола бошлади, чунки «фундаментал омиллар» каби тушунарсиз сўзлар пайдо бўлди. Аммо бу у қадар қўрқинчли ва зерикарли эмас. Дейлик, сиз 2022 йилнинг 7 февралида пиёла синдирган бўлсангиз, бу 2023 йилнинг 7 февралида ҳам пиёла синдиришингизни англатадими?  Балки бу 2023 йилнинг 7 февраль куни пиёлаларни истаганча ерга улоқтириш мумкинлиги-ю, улар синмаслиги, чунки бир йил аввал синиб бўлганлигини англатар? Албатта, йўқ — бу ҳеч нимани англатмайди.  Прогнозлаштиришга бундай ёндашув «техник таҳлил» деб аталади ва у агросекторда ҳеч қачон иш бермайди. Ягона ҳақиқат шуки, нозик буюмларни эҳтиётлаш керак.

Мана, сизга, нозик буюмлар синиши мумкинлиги, уларни ерга ташламаслик ва муваффақиятли ўтказилган фундаментал таҳлил хусусида гапириш кераклиги ҳақидаги хулоса. Пиёз борасида ҳам худди шундай. Унинг нархи бир йил ичида тушиши ва ҳатто кўтарилиши мумкин, аммо бу ерда фол очишнинг кераги йўқ, нархлар ошиши ёки пасайишига нима олиб келиши мумкинлиги ва бу ҳодисанинг содир бўлиши эҳтимоли қандай эканлиги ҳақида эса яхшилаб ўйлаш керак. Майли, математик эҳтимол ҳисобга олинмасин, шунчаки «соғлом ақл» аталмиш оддий нарсадан фойдаланиш мумкин. Зеро, соғлом фикр бизга Молдовада барча пиёз майдонларини чигирткалар тўсатдан йўқ қилиши эҳтимоли жуда ҳам паст эканлигини айтади. Шунинг учун биз бу омилни умуман ҳисобга олмаймиз. Ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоялаш воситалари (ЎҲВ)нинг юқори нархлари сабаб, улардан фойдаланиш даражаси камайиши эҳтимоли эса жуда юқори. Ва бу омилни ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Албатта, ҳеч ким бизга 10-14 кундан ортиқ муддат учун об-ҳавони аниқ башорат қила олмайди. Бу шарт ҳам эмас — шунчаки бошланишига ҳосилдорлик бўйича сўнгги 5 йилдаги ўртача кўрсаткичларни олиш ва ўсимликларни ҳимоялаш воситалари, ўғитлар ҳамда уруғлик сифатини қўллаш динамикасига мослаштирилган майдон динамикасига қарашнинг ўзи кифоя. Фараз қилайлик, майдоннинг 10% га кўпайиши, технологиялар ўзгармаслиги шарти билан ҳосилдорликни 10% га оширади.

Пиёз нархи юқори бўлган мавсумдан кейинги йилларда уруғлар сифати ва пиёз етиштириш технологиялари даражаси, одатда, кескин пасаяди, чунки: а) бизнесга кўплаб «янги»лар келиб қўшилади, б) пиёз уруғи деб ўйлаб, ҳар қандай сифатсиз уруғларни сотиб олишади. Шундай экан, бошқа тенг шартларда ўртача пиёз ҳосилдорлиги ҳам камаяди. Ва бунда: а) ички бозор учун зарур бўлгани, б) одатдагидан кўпроғи, экспортёр-мамлакатлар учун бу жуда муҳим в) экспортёрлар учун — одатда, сиздан пиёз харид қиладиган мамлакатлар уни аввалгидек бир хил миқдорда — катта ёки кичик ҳажмда сотиб оладими-йўқми, шуни тушуниб олиш керак.

2023 йилда пиёз нархи тушадими?

Айнан шу босқичда ўз мамлакати учун ҳар бир иштирокчи юқорида келтирилган саволларга мустақил равишда жавоб топиши керак. Бу саволга фақат ҳар бир мамлакат, ҳар бир минтақа ва ҳатто ҳар бир хўжалик мисолидагина алоҳида жавоб бериш мумкин. Келинг, бир мисол келтирайлик. Дейлик, “А” мамлакатида 2022 йили 35 минг гектар майдондан 1 миллион тонна кечки пиёз ҳосили йиғиб олинди.  Шундан 800 минг тоннаси ички бозорда истеъмол қилинган (сархил маҳсулот истеъмоли, қайта ишлаш ва табиий йўқотишлар ҳисобга олинганда) 200 минг тоннаси экспортга йўналтирилган. Шу билан бирга, нархлар рекорд даражада бўлди ва уруғлик компаниялари 2023 йилда экиш учун 35%дан кўпроқ пиёз уруғини сотди.

Биз биламизки, майдон 30-40% га ошиши, яъни, 47 минг гектарга яқин бўлиши мумкин. Айтайлик, янги келганлар сони ортиб кетгани учун ҳосилдорлик охирги 5 йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга пасаяди ва яна биламизки, ўғитлар, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари қимматлашиши уларни қўллаш камайишига олиб келади. Шундай қилиб, биз ҳосилдорликнинг яна 3-5% пасайишини кутишимиз мумкин. Табиийки, умумий ишлаб чиқаришни тахминан 1,29 миллион тонна, деб прогноз қиламиз.

Биринчи савол — «А» мамлакатида пиёзнинг ички истеъмоли қанчага ошади ва умуман истеъмол ошадими?

Жавоб жуда оддий — жаҳоннинг аксарият мамлакатларида пиёз истеъмоли нарх даражасидан қатъи назар, кўпроқ ёки камроқ даражада барқарор, чунки ҳеч бир сабзавот пиёз ўрнини боса олмайди. У етарли бўлмаса, ўрнига бошқа сабзавотни ишлатиш имконсиз бўлиб, бунда истеъмол даражаси тушмайди. Бошқа мамлакатлардан етказиб беришни таъминлаш учун нархлар кўтарилмоқда. Шунинг учун нархлар ҳозир шундай даражага етди — ваҳоланки, пиёз, одатда, жуда арзон сабзавот бўлиб, уни ташиш харажатлари нархга нисбатан анчайин юқори. Худди шундай, агар пиёз жуда мўл бўлса, унинг истеъмоли ортмайди. Ахир, сизга 10 кг пиёз текин берилса, уни кўп миқдорда емайсиз-ку…

Юқорида ёзганимиздек, пиёз — бу қора икра эмас, у кўплаб таомларнинг зарур таркибий қисми. Пиёз ҳатто паст нархда бўлганда ҳам, кўпроқ ҳажмда истеъмол қилиш учун ҳеч бир асос йўқ.

Келинг, «А» мамлакатига қайтайлик. Мамлакат аҳолиси ўзгармаган деб тахмин қиламиз. Демак, пиёз истеъмоли 800 минг тонна даражасида қолади.

Бу эса нархларни юқори даражада ушлаб туриш учун 200 эмас, деярли 500 минг тонна экспорт қилиш кераклигини англатади.

Иккинчи савол — одатда, сиз пиёз экспорт қиладиган мамлакатларда вазият қандай бўлади ва улар пиёз истеъмолини 300 минг тоннага ошира оладими?

Ва бу ўринда биз таҳлилни сизнинг мамлакатингиз учун ҳам худди шундай қиламиз. Сизнинг пиёзингизни импорт қилувчи мамлакатларда ушбу турдаги сабзавотни етиштириш кўпаядими ёки камаядими, аҳоли сони кўпаядими ва ҳоказо. Шуни дарҳол айтиш жоизки, жаҳонда аксарият ҳолларда йилига пиёз истеъмолини бирданига 300 минг тоннага оширадиган бирор мамлакатни топа олмайсиз. Қолаверса, бу мамлакатда ўтган мавсум пиёз нархи юқори бўлган бўлса, бу ерда ҳам пиёз етиштириш даражаси ортиши ва табиийки, импортга бўлган эҳтиёж камайиши мумкин.

Учинчи савол — агар асосий импортёр мамлакатда талаб ўсиши кузатилмаса, бундай миқдордаги «ортиқча» пиёзни истеъмол қила оладиган муқобил давлатлар борми?

Бу ўринда аввал айтилган фикрга қайтишимиз керак — пиёз жаҳоннинг аксарият мамлакатларида нисбатан арзон сабзавот ҳисобланади, шунинг учун уни географик жиҳатдан узоқ бозорларга экспорт қилиш иқтисодий жиҳатдан маъносиздир.  Мамлакатингиздан пиёз харид қилган давлатлар, одатда, бу ерга яқин ёки энг камида бошқа муқобил бозорларга яқиндир. Демак, ноанъанавий мамлакатларга муваффақиятли экспорт эҳтимоли кескин камаяди.

Албатта, ҳамма нарсани сотиш мумкин — ягона масала бу нархдир.  Нарх эса бозорда шаклланади, яъни, товар сотиладиган бозор белгилайди нархни. Бозорда шаклланган нарх, минус трейдернинг даромади, минус логистика харажатлари ва қолгани фермернинг даромадидир. Агар, дейлик, «В» мамлакатида пиёз нархи 50 цент бўлса, логистика нархи 40 цент бўлса ва импортёр ҳар бир килограммдан камида 10 цент даромад олсагина пиёз харид қилса, фермер пиёзни текинга бериши керак бўлади. Албатта, агар у бунга рози бўлса.

Тўртинчи савол — агар пиёзни ҳар қандай нархда сотиш мумкин бўлмаса, нима қилиш керак?

Жавоб ёқимсиз — унинг утилизацияси учун пул тўлаш керак бўлади. Ҳа, пиёз ҳатто текин бўлган тақдирда ҳам ҳеч кимга катта миқдорда керак эмас.

Албатта, агар мамлакатда катта музлатиш ва/ёки қуритиш қувватлари мавжуд бўлса, пиёз нархи жуда паст бўлган йилларда уни қайта ишлашнинг шундай усулларини қўллаш жуда фойдали. Фақат қайта ишловчилар тушуниши керакки, бошқа мамлакатлар ҳам худди шундай қилади ва бу бозорда ҳам ортиқча маҳсулот юзага келади. Шу сабабли, уни мақбул нархда сотиш учун бутун йил давомида ушлаб туришга тўғри келади.

2023/2024 мавсумда пиёз нархи, ҳеч бўлмаганда, айрим мамлакатларда тушиб кетмаслик учун нега кам имкониятга эга?

Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари бу мавсумнинг ўзига хослигига сабабдир. Бунда Украинадаги жанубий вилоятларнинг суғориш тизими — Европадаги энг йирик суғориш тизими деярли йўқ бўлди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида пиёз етиштириш бутунлай бошқа технология бўлиб, уни қуритиш, қайта ишлаш ва сақлаш инфратузилмасини талаб қилади, бу шароитлар эса бошқа ерда мавжуд эмас. Ва буни йўқ жойдан яратиб бўлмайди.

Шу сабабли, Украинада йўқ қилинган тахминан 600-800 минг тонна пиёз етиштириш ўрнини бир йил ичида тўлдириш деярли имконсиз. Тўғри, яна бир жиҳатни тушуниш керак — Украинага уруш бошланишидан аввалги пайтлардагидек кўп пиёз керак бўлмайди. Шу боис, албатта, Украина, катта эҳтимол билан, экспортёрга айланмайди, лекин янги мавсумда пиёз импорти қанча кўламда бўлишини Fruit-Inform.com мутахассислари Украина учун ҳар йили апрель ойи охири — май ойи бошида қиладиган батафсил ҳисоб-китоблардан кейингина билиш мумкин бўлади.

Украинадан ташқари, минтақанинг бошқа бирор давлатида тўсатдан пиёзнинг кучли тақчиллиги юзага келишига деярли умид йўқ. Шу боис ҳам, 2023-2024 йиллар мавсумида кечки пиёз ҳосили учун нарх истиқболлари прогнози умуман олганда, у қадар ёқимли эмас.

Эртаги пиёз эса минтақанинг аксарият мамлакатларида  фермерларга улар йўналтирган сармоясидан яхши даромад олиш имконини берувчи юқори талабгир товар бўлиши эҳтимоли юқори.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин