АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ташқи қишлоқ хўжалиги хизмати ҳисоботига кўра, 2022/2023 йилги мавсумда жаҳон бўйича лимон ва лайм етиштириш ҳажми, дастлабки прогнозларга кўра, 9,3 миллион тоннани ташкил қилади. 2021/22 йилга нисбатан 6,7 фоизга пасайиш бўлади, бу, асосан, Мексика, Туркия ва Аргентинада ушбу маҳсулот етиштириш камайиши билан боғлиқдир. Бу ҳақида fructidor.com сайти ҳаволасига таяниб, Fruit-inform хабар бермоқда.
Кўпгина мамлакатларда маҳсулот етиштириш ҳажми камайди. Шундай қилиб, Мексикада лимон ҳосили 2,8 миллион тоннага баҳоланмоқда, бу аввалги мавсумга нисбатан 5,21 фоизга кам кўрсаткичдир. Боғбонлар маҳсулот етиштиришнинг пасайишини экинни ўстириш харажатлари ошиши билан изоҳлашмоқда. Туркияда лимон етиштириш 20 фоизга тушиб, 1,2 миллион тоннани ташкил этади. Ҳосил камайиши лимон дарахтларининг гуллашига таъсир кўрсатган аёз билан боғлиқ. Аргентиналиклар ҳам қурғоқчилик туфайли лимон ҳосилини камроқ ҳажмда йиғиб олишади, у ерда ҳосил 1,77 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда, бу ўтган мавсумдаги натижадан 6,84 фоизга камдир.
Боғларнинг гуллаш даврида ноқулай об-ҳаво шароити ва Испаниядаги иссиқ, қуруқ ёз таъсири Европа Иттифоқида лимон ҳосили пасайишига таъсир қилади, бу ерда маҳсулот етиштириш ўтган мавсумга нисбатан 3,8 фоизга, 1,567 миллион тоннагача камаяди. АҚШда лимон етиштиришнинг қисқаришига (9,06 фоиз қисқариш, 853 минг тоннагача) Калифорнияда ушбу экиннинг паст ҳосилдорлиги таъсир кўрсатди.
Жанубий Африкада лимон ҳосили ҳажми ўсиши кутилмоқда — 660 минг тоннагача (ўтган мавсум натижасига нисбатан + 1,53%). Мамлакатда об-ҳаво шароити яхши бўлди ва ёш боғлар мева бера бошлади. Чилидаги қулай об-ҳаво шароити ва лимон боғлари майдонларининг кенгайиши маҳсулот етиштириш 42,85 фоизга ошиб, 200 минг тоннага етишини таъминлади.
Прогнозларга кўра, қайта ишлашга 2,317 миллион тонна лимон йўналтирилади, бу ўтган йилга нисбатан 12,56 фоизга кам кўрсаткичдир. Жаҳон экспорти 2,4 миллион тонна (олдинги мавсумга нисбатан -5,57%), умумий импорт ҳажми 2,3 миллион тонна (2,46 фоизга кам) бўлиши кутилмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!