Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонда вертикал фермаларга оид маълумотлар ҳали-ҳануз кам — Катерина Побережна (видео)
ВидеоДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Жаҳонда вертикал фермаларга оид маълумотлар ҳали-ҳануз кам — Катерина Побережна (видео)

«Мева-сабзавот маҳсулотларини вертикал фермер хўжаликларида етиштириш — бу барқарор деҳқончилик, экологик соф технологиялар дегани. Аммо мазкур бизнес билан шуғулланмоқчи бўлганлар шуни унутмаслиги керакки, вертикал фермер хўжаликларининг харажатлари анъанавий иссиқхона хўжалигига нисбатан анча юқори, билимлар эса ҳали-ҳануз жуда кам», дейди ФАО Инвестицион марказининг халқаро маслаҳатчиси Катерина Побережна «Вертикал фермалар: тараққиёт стратегиялари, бизнес-моделлар ва рисклар» деб номланган онлайн конференцияда.

Унинг сўзларига кўра, вертикал ферма барпо этишни режалаштираётганда ижобий ва салбий жиҳатларни тарозининг икки палласига қўйиб кўриш керак. Афзал жиҳатлар — бу экологик соф технологиялар ва барқарор қишлоқ хўжалигидир. Вертикал фермалар маҳсулот етиштириш учун мақбул шароитлар яратиш имконини беради, мавсумийликка боғлиқ эмас ва жойдан максимал даражада фойдаланиш мумкин. Улар маҳсулотнинг таъми, озуқавий қиймати ва ҳосилдорлигини оптималлаштириш, сув сарфини камайтириш, айрим турдаги фермер хўжаликларида логистика харажатлари ҳамда рискларни камайтиришга имкон беради. Глобал иқлим ўзгариши ва чекланган озиқ-овқат ресурслари фонида «яшил инвестициялар» турли халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Аммо шу билан бирга, асосий харажатлардан бири – фойдаланилган электр энергияси таннархини қоплаш эканини ҳисобга олиш керак ва у маҳсулот бирлигига кўра, анъанавий иссиқхоналарга нисбатан тахминан 7 баробар кўпроқ талаб қилинади.

Жуда қиммат технологиялар ва билим даражаси етарли эмаслиги — муаммо, боз устига, бу нафақат агрономия, балки муҳандислик ҳамдир.

Катерина Побережна қайд этганидек, жаҳон миқёсида вертикал фермер хўжаликларининг рентабеллиги тўғрисида ҳали аниқ маълумотлар йўқ. Шу билан бирга, ушбу технологияларнинг жуда кўп рекламаси мавжуд. Ва шундай тасаввур пайдо бўладики, бугунги кунда бу бизнесда, асосан, асбоб-ускуна ишлаб чиқарувчилар фойда кўрмоқда. Бироқ, шунга қарамай, 2021 йилда вертикал фермер хўжаликларига инвестициялар глобал миқёсда 3,5 миллиард доллардан ошди ва бу кўрсаткич 2026 йилга бориб, 20 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда.

Катерина Побережна вертикал фермаларни ташкил этиш бўйича жаҳон тажрибаси, уларнинг  турлари ва ўсимлик етиштириш технологиялари ҳақида сўз юритди.

У тўлиқ муваффақиятли фаолият юритаётган автоматлаштирилган йирик гидропоник ва аэропоник фермер хўжаликлари, акселератор концепцияси асосида яратилган ва ўриндошлик асосида ўз бизнесига эга бўлишни хоҳловчи ёшларга ижарага бериладиган гидропоник контейнерлар, савдо тармоқлари учун хизмат кўрсатувчи фермер хўжаликлари вазифасини ўтовчи контейнер-фермалар, ресторан ва супермаркетлар қошида ташкил этилган витрина шаклидаги вертикал фермалар, шунингдек, бир неча квадрат метрлик уй хўжаликлари ҳақида мисоллар келтирди.

Вертикал фермер хўжаликларида етиштириш учун танлаб олинадиган ўсимликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Побережнанинг айтишича, улар, биринчи навбатда, паст бўйли бўлиши, ҳар квадрат метрдан юқори ҳосил бериши, нисбатан қисқа етиштириш даври ва юқори озуқавий қийматга эга бўлиши керак. Лекин, албатта, бу мезонларнинг бари ҳалигача максималлаштирилмаган. Бу, айниқса, озуқавий қийматга дахлдор.

«Бугунги кунда вертикал хўжаликларда, асосан, салат барги, кўкатлар ва микрогринлар етиштирилмоқда. Аммо ҳозир бундай фермер хўжаликларида резаворлар ва қўзиқорин етиштириш бўйича технологиялар танлови жараёни кетмоқда — уларни етиштириш цикли бироз узоқ, аммо озуқавий қиймати катта», дейди у.

Катерина Побережна қайд этганидек, назорат остидаги муҳитда табобатга оид ва ноёб ўсимликларни етиштириш имконияти ҳам қизиқарли вариантга ўхшайди. Бу кўп меҳнат талаб қиладиган, иссиқ иқлим шароитида ўсадиган ва кимёвий моддалар таъсирининг  кузатилиши даражаси жуда паст бўлган экинлардир. Назорат қилинадиган муҳит экиш зичлигини бир неча баробар ошириш, маҳсулот пишиб етилишини тезлаштириш, сифат хусусиятларини яхшилаш ва кузатувни таъминлаш имконини беради. Сутлама  ўсимлигини етиштириш технологиялари аллақачон ишлаб чиқилган ва жорий қилинган, унинг экстракти бир қатор тери касалликларини даволашда  ишлатилади. Француз ва Бельгия ошхоналарининг деликатеси саналмиш сачратқи (цикорий) ҳам назорат қилинадиган муҳитда етиштирилмоқда. Мутахассислардан бири унинг пишиб етилишини тезлаштириш, қуруқ моддалар миқдорини ошириш технологиясини ишлаб чиқди, шунингдек, микроцикорий каби янги турни ривожлантирмоқда. Бундан ташқари, жаҳондаги энг қиммат зираворлардан бири саналган заъфаронни вертикал хўжаликларда етиштириш технологияси ишлаб чиқилган. Агар очиқ далада 1 гектардан 6-7 кг қуруқ заъфарон олинса, вертикал ферманинг 100 квадрат метридан 8 килограммгача қуруқ заъфарон олиш мумкин. Шуниси эътиборга моликки, у бутун йил давомида вертикал фермада ўстирилмагани боис, оралиқ даврда бошқа ўсимликларни етиштириш мумкин.

«Вертикал фермалар: тараққиёт стратегиялари, бизнес моделлар ва рисклар» деб номланган онлайн конференция ФАО ва ЕТТБнинг «Мева-сабзавот етиштириш учун иқлимга мос рақамли ечимлар» лойиҳаси доирасида EastFruit ва Sapienza Media кўмагида ташкил этилди.

Катерина Побережнанинг чиқишини қуйидаги видеода томоша қилинг:

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин