Бош саҳифаЯнгиликларЯнги мавсумда ЕИда олма ҳосили кўпайиб, нок етиштириш камаяди
Янгиликлар

Янги мавсумда ЕИда олма ҳосили кўпайиб, нок етиштириш камаяди

Олма ва нок етиштирувчилар бутунжаҳон ассоциацияси (WAPA) 2021 йил 5 август куни онлайн режимда бўлиб ўтган Prognosfruit йиллик конференцияси давомида ЕИ мамлакатларида олма ва нок ҳосили бўйича прогнозларини маълум қилди.

Ассоциация ҳисоботига кўра, 2021 йил мавсумида Европа Иттифоқида олма етиштириш ҳажми 10% га ўсиб, 11,735 млн тоннага етади, нок ҳосили эса 28% га камаяди ва  1,604 млн тоннани ташкил қилади.

Айни пайтда, охирги 3 йилдаги ўртача ҳосилдорлик билан солиштирганда, ЕИда олма етиштириш ҳажмлари 1%га ўсган холос. WAPA мутахассисларининг фикрича, 2021/2022 йилги мавсум олма етиштирувчилар учун “яхши ва мувозанатлашган” бўлади. Қолаверса, европалик олма етиштирувчилар ўз маҳсулотларини навлари ва сифати бўйича истеъмолчиларнинг талабларига тобора кўпроқ мослаштирмоқдалар, деб хабар бермоқда FruitNews.

“Янги мавсум одатдагидан тахминан бир ҳафта кечроқ бошланади. Европалик боғбонларнинг олма ҳосили асосан ўртача катталикдаги мевалардан иборат бўлади. Бозорда маҳаллий савдолар, экспортнинг стратегик йўналишлари ривожланиши ва 4 млн тоннани ташкил қилиши кутилаётган олмани қайта ишлаш ҳажмлари ўртасида яхши мувозанат юзага келиши тахмин қилинмоқда. Бундан келиб чиқадики, қайта ишлаш ва янги узилган ҳолатда сотиш учун етказиб бериш ҳажмлари ҳам бир маромда бўлади. Органик олмалар етиштириш ҳажмлари ҳам аста ўсиб бормоқда ва бизнинг тахминимизча, ЕИда етиштирилган жами олма ҳажмлари ичида 6%ни ташкил қилади”, дейди WAPA президенти Доминик Возняк.

Олма ҳосили Польшада 2020 йилга нисбатан 22%га ўсиб, 4,170 млн тоннага етади, Францияда ҳосил 3%га ўсади ва 1,375 млн тоннага, Германияда 6%га ўсади ва 1,080 млн тоннага, Испанияда 28%га ўсади ва 543 минг тоннага етади, Италияда эса олма ҳосили 4% га камайиб, 2,046 млн тоннага тушиши кутиляпти.

Охирги уч йилдаги ўртача ҳосилдорлик билан таққослаганда Европа Иттифоқи мамлакатларида нок ҳосили 27%га камаяди. Прогнозларда айтилишича, 2021 йилда нок етиштириш 2020 йилга нисбатан Нидерландияда 19%га қисқариб, 325 минг тоннани, Испанияда 2%га қисқариб, 300 минг тоннани, Бельгияда 25%га қисқариб, 295 минг тоннани, Италияда 65%га қисқариб, 213 минг тоннани, Францияда 57%га қисқариб, 57 минг тоннани ташкил қилади. Португалияда нок ҳосили 36%га ўсиб, 189 минг тоннага, Польшада 8%га ўсиб, 70 минг тоннага, Германияда 8%га ўсиб, 42 минг тоннага етиши кутилмоқда.

“Айни дамда, ЕИда олма ҳосили кўпайиши, нок ҳосили 2021/2022 йилги мавсумда аввалги мавсумга нисбатан 28%га камайиши ва 1,604 млн тоннани ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Бу эса 3 йиллик ўртача кўрсаткичдан 27% паст деганидир. Бу Европада сўнгги 10 йилдаги энг кам ҳосил бўлади”, – деди WAPA бош директори Филипп Бинард. Агар навлар кесимида оладиган бўлсак, Conference навли ноклар 18%га камайиб, 805 минг тоннага, Abate ноклари ҳам 73%га камайиб, 66 минг тоннага тушиб қолади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг «GSP+» тизими бенефициари мақомини янги муддатга узайтирмоқда

EastFruit

Жорий мавсумда Нидерландиядан пиёз экспорти рекорд миқдорга етиши мумкин

EastFruit

Туркия жаҳон голубика бозорида йирик ўйинчига айланиши мумкин

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин