EastFruit мутахассисларининг маълумотларига кўра, 2022 йил баҳорида Ўзбекистон пойтахтидаги улгуржи бозорларда янги ҳосил («ёш») сабзисининг биринчи йирик партиялари март ойининг 20 саналарида, 2021 йилда эса ушбу маҳсулотнинг илк улгуржи партиялари тахминан март ойи ўрталаридан бошлаб бозорга чиққан эди.
Бироқ ўтган ҳафта охирига келиб ҳам, мамлакат пойтахтининг улгуржи бозорларида янги ҳосил («ёш») сабзисининг йирик партиялари чиқмади, яъни мазкур турдаги сабзавотнинг йирик партияларини бозорга кириб келиши анча кечикмоқда. Айни пайтда ўтган йилги ҳосил сабзисининг нархи кетма-кет учинчи ҳафта кўтарилмоқда, бу даврда улгуржи нархлар 1,5 баробар ошди ва рекорд даражага етди.
EastFruit‘нинг нархлар мониторингига кўра, 2023 йил 17 мартдан 7 апрелга қадар Ўзбекистонда ўтган йилги ҳосил сабзисининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 4000 дан 6000 сўмгача, яъни, уч ҳафтада роппа-роса 50%га ошган.
2023 йил 7 апрель ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 2022-2021 йилларнинг апрель-май ойларида қайд этилган максимал даражадан 20 фоиз юқори бўлди. Сўнгги бир неча йил ичида ўтган йилги ҳосил сабзисининг улгуржи нархларидаги аввалги мутлақ рекорд 2021 йил июнь ойининг биринчи ўн кунлиги охирида қайд этилган бўлиб, ўшанда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 5200 сўмни ташкил этган эди. Бироқ, 2021 йил апрель ойида Ўзбекистонда сабзи нархи кескин ошиши ва шу йилнинг май-июнь ойларида рекорд даражада бўлишига асосий сабаб ушбу сабзавотнинг асосий экспорт йўналиши бўлмиш Россия бозорида мазкур маҳсулот нархларининг аномал динамикаси бўлди.
Аммо 2021 йилдан фарқли ўлароқ, жорий йил март ойининг иккинчи ярми ва апрель ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда ўтган йилги ҳосил сабзиси нархининг кескин ошишига ташқи бозорлар омили асосий сабаб эмас. Дастлабки статистик маълумотларга кўра, 2023 йил март ойи ўрталаридан апрель ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача Ўзбекистондан сархил сабзи экспорти ҳажми 3,3 минг тоннани ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг шу даврида мамлакатдан 2,6 баробар кўп, 2021 йилнинг шу даврида эса деярли 3 баробар кўп сабзи экспорт қилинган.
Шундай қилиб, сўнгги бир неча ҳафта ичида нархларнинг бундай ўсишига ташқи бозорлар таъсири асосий омил бўлмади ва бундай динамика, асосан, ички бозордаги талаб ва таклиф нисбати билан шаклланди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!