Украинада фермерлар ва йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарининг катта қисми маккажўхори етиштириш билан шуғулланади. Бу, асосан, хом ашё бизнеси бўлиб, ишлаб чиқарувчи экспорт нархларига қарамдир. Ширин маккажўхори етиштириш эса қўшимча қиймат яратиш ва худди шундай дала майдонидан юқори даромад олиш учун сезиларли даражада кўпроқ имкониятлар яратади.
«Мнагор» компанияси (Винница вилояти, Украина) соҳиби Михаил Нагорняк қарийб 20 йилдан бери ушбу экиннинг селекцияси билан шуғулланади, деб хабар бермоқда SEEDS. Тадбиркор бу маҳсулотни чинакам суперфуд, деб атайди, чунки, у жуда кўп фойдали элементларни ўзида жамлаган. 2021 йилнинг 27 октябрь куни SAPIENZA агромедиа агентлиги томонидан ташкил этилган “Маҳаллийдан глобал сари: суперфудлар, технологиялар, бозорлар” номли халқаро конференцияда Михаил Нагорняк Украинада ширин маккажўхори етиштириш имкониятлари ва истиқболлари, шунингдек, қайси навлар энг оммабоп ва фойдали экани ҳақида сўзлаб берди.
Катта ёшдагилар учун ширин маккажўхори истеъмоли нормаси йилига 34 килограммни ташкил қилади. Украиналиклар бу фойдали маҳсулотни йилига ўртача 3,5 кг истеъмол қилишади. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, АҚШда ўртача истеъмол йилига 17 кгдир.
“Ҳозир Украинада атиги 12 минг гектар майдонда маккажўхори етиштирилмоқда. Ички бозорда таъминот йўқлиги сабабли, Украина уни хориж (Венгрия, Польша, Молдова)дан импорт қилади. Нишанинг салоҳияти жуда жозибали, чунки экинга талаб бор – уни етиштириш учун жой етарли. Агар мамлакатимизда АҚШдаги каби ширин маккажўхори истеъмоли ортадиган бўлса, у ҳолда экин майдонлари 146 минг гектаргача ошиши мумкин. Шифокорлар тавсия этган меъёр (йилига 34 килограмм)ни оладиган бўлсак, Украинада 300 минг гектар майдонни ширин маккажўхори эгаллаши керак. Шу боис ҳам, ушбу йўналишни жуда истиқболли деб атасак адашмаймиз», дейди Михаил Нагорняк.
«Мнагор» компанияси ташкил этилганига 20 йилдан ошди. Ҳозирги кунда у маккажўхори уруғлари ва бошоқларини етказиб берувчи таниқли компания ҳисобланади.
“90-йиллар охири – 2000 йил бошларида мен Украина илмий институтларига ширин маккажўхорининг янги навларини танлаш учун уруғлик банкини йиғиш мақсадида ташриф буюрдим. Кейинчалик маккажўхори уруғини қайта ишлаш заводимизни қурдик. 2011 йилдан 2020 йилгача эски самарасиз навлардан халос бўлиш ва янгиларини, хусусан, биринчи суперширин сутранг-оқ ва биколор (икки хил рангли) биринчи Украина маккажўхориси, шунингдек, «Оқ қуён», «Мармар F1 навларини яратишга қарор қилдим», дейди тадбиркор.
Агар биз нишани ривожлантиришнинг кейинги истиқболлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унда 2030 йилга қадар биколор ва оқ маккажўхорини фаол равишда оммалаштириш, шунингдек, профессионал нишали бозорлар: вакуумлаштириш, музлатиш, консервация, сархил бозорларни ривожлантириш давом этади.
«Ширин маккажўхори рангги сариқ, оқ, оқ-сариқ (биколор) ва бинафша (кўк)ранг бўлади. Охиргиси – 2017 йилги илмий ишланма. Иллинойс университети ва Хитойнинг Чжэцзян университети тадқиқот гуруҳи 2017 йилда бинафшаранг ва қизил маккажўхорининг турли янги штаммларидаги мураккаб фитокимёвий моддалар яллиғланишни камайтиргани ва инсулинга сезувчанлик яхшиланганини кўрсатувчи маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, тадқиқотлардан маълум бўлишича, маҳсулот қорин бўшлиғидаги ёғларни камайтириш, қон кўрсаткичларини яхшилаш ва қон босимини пасайтиришга ёрдам беради. Бинафшаранг ширин маккажўхори жигар, юрак-қон томир касалликлари ва янги тадқиқотларга кўра, 2-тип диабетда овқатланиш учун тавсия этиладиган ноёб парҳез ва доривор сабзавотдир», дейди Михаил Нагорняк.
Ширин маккажўхори уруғлари 10 см чуқурликдаги тупроқ 10-12 ҳароратгача қизиганда экилади. Жанубий вилоятларда уни 10-20 апрель, ўрмон-даштда – 20 апрель-10 май, Полесье ва Украинанинг ғарбий вилоятларида – апрель ойининг охири – май ойининг биринчи ўн кунлигида, (ҳудудга қараб) июнь ойининг охиригача экиш мумкин. Ўстириш технологияси оддий маккажўхори билан бир хил, фақат бунда унинг сўтаси чиройли бўлиши керак.
Маккажўхори етиштириш қайта ишлаш саноатида муваффақиятли давом этмоқда», дейди “Мнагор” корхонаси соҳиби. Михаил Нагорняк бундай бизнесни ривожлантириш учун жалб қилиниши керак бўлган инвестициялар миқдорини ҳисоблаб чиқди:
- маҳсулотларни тозалаш, совутиш ва музлатиш учун ускуналарга сарфланадиган бир марталик харажатлар: 1 миллион грн. дан (40-50 минг АҚШ доллари);
- маркетинг ва сотиш харажатлари: таннархнинг 10-15 фоизини ташкаил қилади;
- музлатилган ёки вакуумлаштирилган сўталарни сотиш ёзда сархил маккажўхори сотишдан кўра 8-10 баравар фойдали, даромад 1 миллион грн / га етади.
Украина ва жаҳонда ширин маккажўхори истеъмоли ҳар йили 10-15% га ўсиб бормоқда. Бозорда маккажўхори уруғи ҳамда донига барқарор талаб мавжуд. Соғлом овқатланиш трендлари Украинада ноёб маҳсулот етиштириш ва уни экспорт қилишга ёрдам беради», дейди Михаил Нагорняк.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!