Бош саҳифаЯнгиликларUSDА: 2021/22 мавсумда хўраки узум етиштириш ҳажми ортади, экспорт камаяди
Янгиликлар

USDА: 2021/22 мавсумда хўраки узум етиштириш ҳажми ортади, экспорт камаяди

2021/22 мавсумда жаҳон бўйича хўраки узум етиштириш Хитойда ҳосил ошиши ҳисобига 1,1 миллион тоннага ошиб, 25,6 миллион тоннага етади.  2020/21 йилги мавсумда кучли ёмғирдан кейин Чилидан етказиб бериш тикланиши ҳисобига экспорт 3,7 миллион тоннани ташкил қилади.  Бу хусусда Fruit-inform АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDА) ҳисоботига асосланиб ёзмоқда.

Хитойда 2021/22 йилги мавсумда хўраки узум ҳосили Шинжон, Хэбэй ва Шаньдуннинг етакчи ҳудудларида маҳсулот етиштиришнинг ўсиши ҳисобига 300 минг тоннага ошиб, 11,2 миллион тоннага етади. Шунингдек, мамлакатда узум етиштириш майдонлари кенгайиб, қишлоқ хўжалигининг янги усулларига инвестициялар кўпаймоқда. Хитойдан хўраки узум экспорти 100 минг тоннага камайиб, 330 минг тоннагача тушади, импорт эса 16 минг тоннага ўсиб, 210 минг тоннани ташкил этади.

Ҳиндистонда хўраки узум ҳосили 26 фоизга ўсиб, 2,9 миллион тоннагача етиши кутилмоқда. Яхши об-ҳаво ва мавсумий ишчилар сафи кенгайиши Ҳиндистонда узум ҳосилини оширди. Бу мамлакатдан узум экспорти ўтган йилги кўрсаткичдан 13 минг тоннага ошиб, 280 минг тоннага етиши кутилмоқда.

Туркиянинг узум етиштириш бўйича етакчи ҳудуди ҳисобланмиш Манисадаги узумзорлар совуқдан зарар кўргани сабаб, узум етиштириш 280 минг тоннага қисқариб, 1,9 миллион тоннага тушади.  Экспорт 15 минг тоннага ошиб, 230 минг тоннага етади.

2021/22 йилги мавсумда Европа Иттифоқида хўраки узум етиштириш 1,4 миллион тоннани ташкил этади. Логистика харажатлари ошиши туфайли экспорт 9 минг тоннага қисқариб, 170 минг тоннага тушади.  Истеъмолчилар талаби тикланиши ва Жанубий яримшар мамлакатларида узум етиштириш кўпайиши ҳисобига импорт 20 минг тоннага ошиб, 590 минг тоннага етади.

АҚШда хўраки узум ҳосили 34 минг тоннага ўсиб, 905 минг тоннага етади.  Экспорт 290 минг тоннагача қисқаради, импорт эса 30 минг тоннага ошиб, 700 минг тоннани ташкил этади.

Перуда хўраки узум етиштириш 700 минг тоннани ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Red Globe нави етакчи мавқеини сақлаб қолади.  Экспорт 510 минг тоннагача ошади.

Чилида хўраки узум ҳосили ўтган йилги кучли ёмғирдан зарар кўрган нохуш мавсумдан сўнг тикланиши кутилмоқда. 2021/22 мавсумда Чилида узум етиштириш 145 минг тоннага ошиб, 810 минг тоннага етади. Фермерлар юқори рентабелликка эга, истеъмолчилар юқори баҳолайдиган чидамли навларни етиштиришни бошлашади. Чили хўраки узумининг экспорти 20 фоизга ошиб, 645 минг тоннани ташкил этади.

Жанубий Африкада хўраки узум етиштириш 380 минг тоннагача ошади.  Мамлакат фермерлари истеъмолчиларга хуш ёқадиган уруғсиз навларни етиштиришда давом этмоқда. Экспорт 344 минг тоннага етади.

USDА таҳлилчилари Австралияда узум ҳосили 210 минг тоннагача етишини, экспорт эса 10 минг тоннага ошиб, 130 минг тоннага боришини тахмин қилишмоқда.

USDА мутахассисларининг прогнозларига кўра, 2021/22 йилги мавсумда Россияга хўраки узум етказиб бериш Туркия ва Ўзбекистондан импорт ҳажми ошиши ҳисобига 40 минг тоннага ошиб, 370 минг тоннага етади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин