EastFruit лойиҳаси таҳлилчиларининг хабар беришича, Украина фермер хўжаликларида оқ бошли карам захиралари тугашига оз қолган. Лойиҳанинг кундалик мониторингига кўра, биргина ўтган дам олиш кунларининг ўзида ушбу маҳсулот нархи ўртача 40 фоизга ошган ва мамлакат мустақиллиги тарихидаги энг юқори кўрсаткичга етган.
Украина оқ карамининг улгуржи партиялари эркин савдога деярли чиқмаяпти. Маҳсулоти ҳали ҳам етарли бўлган фермерлар тизимли етказиб беришни амалга ошира олмаяпти. Бундай вазиятнинг асосий сабаби – логистика занжирлари узилгани ва катта ҳажмдаги оқ бошли карам захиралари жанговар ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларда жойлашганлигидир. Ички бозордаги ажиотаж таъсирида ушбу маҳсулот нархи деярли ҳар куни ўсиб бормоқда: агар ўтган ҳафта охирида фермер хўжаликлари карамни 14-18 грн/кг (0,48-0,62 $/кг) нархда сотган бўлса, бугунги кунда нархлар 20- 25 грн/кг (0,68-0,85 $/кг)га ўсиб кетган. Шу билан бирга, маҳаллий улгуржи компаниялар маҳаллий маҳсулот танқислигини дарҳол Польшадан импорт қилиш йўли билан бартараф этишга киришишди.
«АПК-Информ: Сабзавотлар ва мевалар» лойиҳаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Польша оқ бошли карамининг улгуржи нархлари Украинада 17-20 грн/кг (0,58-0,68 $/кг) оралиғида шаклланган.
Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда Украинада оқ бошли карам нархи 2021 йилнинг март ойи ўрталарига нисбатан ўртача 5,8 баробар юқоридир. Нархларнинг бундай кескин ўсишига Украинада ҳосил пастлиги сабаб бўлди, ўшанда октябрь ойидаги кескин совуқ туфайли карам ҳосилининг катта қисми далаларда нобуд бўлган ва йиғиб олинган маҳсулотлар сифати кўп ҳолларда узоқ муддатли сақлов учун ярамаган.
Мева-сабзавот маҳсулотлари, айниқса, оқ бошли карам нархи ошишида Украина валютасининг жанговар ҳаракатлар туфайли давом этаётган девальвацияси ҳам катта роль ўйнайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!