EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2021 йилда Россияга иссиқхона помидорлари импорти ҳажми пасайиши давом этаётган бир пайтда Туркманистоннинг бу бозорга кескин экспансияси чинакам йил воқелигига айланди.
2021 йилнинг саккиз ойида Туркманистон Россияга 32,0 минг тонна иссиқхона помидорини экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробар кўп (92%). Мазкур кўрсаткич билан Туркманистон Россия Федерациясига иссиқхона помидорининг энг йирик етказиб берувчилари рейтингида 4-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Туркманистон етказиб бериш бўйича Ўзбекистонга деярли етиб олди. Ўзбекистон ҳам бу даврда экспорт ҳажмини оширди, ўзбек экспорти 55 фоизга ўсиб, 37,4 минг тоннани ташкил этди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, шу даврда Туркиядан Россияга иссиқхона помидорларини етказиб бериш 2 фоизга камайди.
Ушбу фонда Туркманистондаги иссиқхона саноатидан фарқли ўлароқ, иссиқхоналарни қишда иситиш учун кафолатланган энергия таъминоти борасида муаммоларга дуч келаётган Ўзбекистон учун мазкур турдаги бизнесда ташвишланарли пайт келди. Биз бу хусусда «Иссиқхоналарга эътиборсизлик – бу Ўзбекистон учун фойдами ё зарар?» сарлавҳали мақолада ёзган эдик. Агар илгари Туркманистон нисбатан кичик етказиб берувчилардан бўлиб, Ўзбекистон иссиқхона комбинатлари учун рақобат муҳитини юзага келтирмаган бўлса, ҳозир Туркманистон помидорлари ташқи бозорда Ўзбекистон помилдорлари билан анча фаол рақобатлашмоқда.
«Етказиб бериш ҳажмининг ўсиш суръатлари, шунингдек, газ нархи ва Ўзбекистон ҳамда Туркманистондаги иссиқхоналарга газ етказиб бериш ҳолатини ҳисобга олганда, биз 2021 йил охирига келиб, Туркманистон Россия бозорига иссиқхона помидорини етказиб бериш бўйича Ўзбекистонни ортда қолдиришини истисно қила олмаймиз. Туркманистондан иссиқхона сабзавотларини етказиб берувчилар иссиқлик энергияси бирлигини ишлаб чиқариш нархида сезиларли рақобатбардош устунликка эга бўлишади. Гарчи, маҳсулотларнинг рекорд даражада юқори нархлари фонида уни ишлаб чиқариш таннархи аҳамиятсиз бўлиб қолса-да. Бу шуни англатадики, Туркманистон, ҳажмлар мавжудлиги шароитида иссиқхона помидори экспортини диверсификация қилиб, уни нафақат Россия Федерацияси, балки минтақанинг бошқа мамлакатларига ҳам етказиб бера олади», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Қизиғи шундаки, бир йил аввал, худди шу даврда, Туркманистон Россияга иссиқхона помидори экспортини деярли икки баробар оширган эди. Шундай қилиб, атиги икки йил ичида Туркманистон Россияга иссиқхона помидори экспортини тўрт баробар кўпайтирди. Туркманистон Россия бозоридаги экспорт ҳажми бўйича Хитой, Арманистон, Қозоғистон, Эрон ва Миср давлатларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Туркман помидорининг Россия импортидаги улуши 2021 йилнинг 8 ойида биринчи марта 10%га етди.
Россиядан ташқари Қозоғистон ҳам 2021 йилда Туркманистондан иссиқхона помидорини фаол сотиб олди. Бу мамлакатга жўнатмалар дарҳол 73% га ортиб, жорий йилнинг январь-июль ойларида 13 минг тоннага етди. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Туркманистонда етиштирилган ушбу сабзавотнинг биринчи партиялари бу йил Украина ва Беларусга экспорт қилинди. Дарвоқе, Украинадаги маҳаллий иссиқхона бизнесининг нохуш истиқболлари ҳисобга олинса, қиш ва баҳорда Туркманистоннинг иссиқхона помидорларини сотиш учун бу ер жуда мақбул бозорга айланиши мумкин.
Туркманистондан Европа Иттифоқи мамлакатига иссиқхона помидори етказиб берилишини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. 2021 йилнинг апрель ойида туркман помидори ортилган битта юк машинаси Австрияга етиб борди. Бироқ, номаълум сабабларга кўра, бу йўналишда маҳсулот бошқа етказиб берилмади. Аммо яқин ойларда вазият ўзгариши ва Туркманистондан иссиқхона помидорлари яна Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорига чиқиши мумкин.
Умуман олганда, 2021 йилнинг саккиз ойида Россия иссиқхона помидорлари импортини 12 фоизга камайтирди ва бу борадаги кўрсаткич 337 минг тоннага тушди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!