Бош саҳифаЯнгиликларТожикистонда хўраки узумнинг керагидан ортиқ ҳажми узумзорларни йўқ қилишга олиб келадими?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Тожикистонда хўраки узумнинг керагидан ортиқ ҳажми узумзорларни йўқ қилишга олиб келадими?

EastFruit таҳлилчилари эътиборни Тожикистоннинг хўраки узум бозорида кетма-кет иккинчи йил давом этаётган оғир вазиятга қаратмоқда.  Ва агар 2021 йилда узумнинг паст нархлари уни етиштириш харажатларини оз-моз қоплашга имкон берган бўлса, 2022 йилда ўғитлар, ёқилғи ва ишчи кучи нархи кескин ошгач, баъзи фермерлар бу бизнеснинг даромадсиз эканлигини айтишмоқда.

«Экспорт сифатига эга I навли узумнинг улгуржи нархи фермерлардан харид қилинганда 30 центдан паст, II навли узум нархи эса бир килограмм учун 20-25 центни ташкил этмоқда» дейди ФАОнинг халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов.

Бундай вазиятга сабаб нима?

Бозор иштирокчилари фикрига кўра, бош сабаб — Қирғизистон билан чегаранинг ёпилиши бўлиб, у ерга Тожикистон узумлари кўп миқдорда юборилар эди. Бироқ чегарадаги ҳарбий можародан сўнг Тожикистондан Қирғизистонга узум экспорти бутунлай тўхтаган.

Шу билан бирга, 2021 йилда узум экспорти ҳажмининг аввалги беш йил (2017-2020-йиллар)даги ўртача кўрсаткичга нисбатан расмий статистикага кўра тўрт баробар ошгани аввалроқ Қирғизистон орқали ҳамда ушбу бозорга ҳам экспорт кулранг схемалар бўйича амалга оширилганини тасдиқлайди. Айтганча, Тожикистон узумининг асосий қисми нафақат реэкспорт қилинган, балки Қирғизистоннинг ўзида ҳам истеъмол қилинган.

Расмий экспорт, асосан, Қозоғистонга йўналтирилади. Экспорт ҳажми бўйича иккинчи йўналиш Покистон ва Афғонистондир. Бироқ, Бахтиёр Абдувоҳидовнинг айтишича, асосан, II ва III навли нархи нисбатан арзон “Тойфи”  узумлари бу йўналишга чиқарилмоқда. Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келганидан сўнг аҳолининг тўлов қобилияти тушиб кетди, шу боис ушбу мамлакатга экспорт ҳажми қисқарган. Покистонда сув тошқини кўринишидаги фалокат юз берганлиги ҳам Тожикистон узуми савдосига салбий таъсир кўрсатди.

Россия Тожикистондан хўраки узум импорт қилувчилар орасида  учинчи ўринда туради. Лекин Россия бозорининг ҳам тўлов қобилияти тушиб кетди ва у ерда сифат ҳамда навлар танлови бўйича тахминан бир хил маҳсулот етказиб берувчи Ўзбекистон билан рақобатлашишга тўғри келади.

2021 йилда Тожикистондан узумнинг асосий ҳажмини ўзбекистонлик тадбиркорлар реэкспорт қилиш мақсадида харид қилган бўлса, бу йил бозорда ўзбекистонлик харидорлар ҳам йўқ”, дея қўшимча қилди Бахтиёр Абдувоҳидов.

Табиийки, буларнинг бари бозор ва узум нархига катта босим ўтказмоқда.

Биз Марказий Осиё минтақасида узум майдонлари кенгайишда давом этаётганига бир неча бор эътибор қаратдик, лекин фермерлар экаётган навлар собиқ иттифоқ давлатларидан ташқарида номаълум, бу эса экспортни ривожлантириш имкониятларини анча қисқартиради. Хусусан, “Ўзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо” сарлавҳали материалимиз минтақадаги кўпчиликни бу борада жиддий ўйга солди«, дейди ФАОнинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Дарвоқе, Ўзбекистонда сархил узумнинг нархи паст бўлса, қуритиб, майиз сифатида экспортга чиқаришади. Даромад сархил узум савдосидан кўра камроқ, аммо бу ҳеч бўлмаганда йўқотишларнинг олдини олишга имкон беради.  Тожикистонда эса ушбу вариант иш бермайди, чунки фермер хўжаликларининг ўртача ҳажми анча катта ва фермерлар узумни бундай миқёсда -қуритиш тажрибасига эга эмас, улар анъанавий равишда барча маҳсулотни улгуржи шаклда сархил ҳолатда сотган. Ҳозирча мамлакатда шунга ўхшаш миқёсда қайта ишлашнинг бошқа вариантлари йўқ.  Тожикистондаги вино заводлари деярли ишламайди, Ўзбекистонда эса бундай заводлар III навли хом ашёнинг бир қисмини сотиб олади.

Вазиятдан чиқиш йўли борми?

Албатта, маркетингни кучайтириш, узум навларини оммабоп ва истиқболли навларга алмаштириш зарур, дейиш осон. Бироқ, бундай ўзгаришлар узоқ вақт талаб этади. Мутахассисларнинг фикрича, тожикистонлик фермерлар узумзорларни илдизи билан суғуриб, унинг ўрнига фойдали экинлар, жумладан, ўрик ва гилос экиши мумкин.

Узум етиштирувчи фермер, одатда, боғбон бўлишни жуда ҳам истамайди, шунинг учун биргина ечим — янги замонавий узум навларини қайта пайвандлаш ҳамда ишлаб чиқариш тузилмасини бозорда кўпроқ талаб қилинадиган янги навлар эвазига ўзгартириш бўлиши мумкин.  Шу ўринда, биз халқаро бозорда маълуму машҳур бўлган, масалан, Яқин Шарқ мамлакатларига узоқ муддатли ташувга бардош берадиган уруғсиз узум навлари ҳақида гапирмоқдамиз. Ва бундай узумларни Россия бозорига ҳам сотиш осонроқ бўлади.

Албатта, масала фақат навларни янгилаш билан чекланиб қолмайди — маҳсулот етиштириш технологиялари даражасини ошириш, ишлов бериш  инфратузилмасини барпо этиш, қадоқлаш ва логистикага сармоя киритиш керак бўлади. Чунки БАА ёки Саудия Арабистони каби бозорларда узумнинг сифати, хавфсизлиги, сархиллиги ва қадоқланиши бўйича талаблар анча юқори.

Бироқ, бу вақт талаб қиладиган иш. Айни пайтда бир ҳақиқатни айтиш жоиз – Тожикистонда хўраки узум етиштириш саноати зудлик билан туб ўзгаришлар амалга оширилишини талаб этади, зеро, бусиз тармоқнинг барқарорлиги хавф остида қолиши тайин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин