EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига қараганда, ҳозирги пайтда Тожикистон бозорида хўраки узум навлари тўлиб кетган. Узум нархлари шиддат билан пасайиб бормоқда. Чунки оммавий терим мавсуми яқинлашиб қолган, уни қаёққа қандай қилиб сотиш мумкин, деган савол эса ҳамон очиқ турибди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) консультанти Бахтиёр Абдувоҳидовнинг баҳолашича, Тожикистонда етиштириладиган узум ҳосилининг 30 фоизини Афғонистонлик савдогарлар сотиб олар эди. Ҳозирда улар маҳсулот сотиб олиши ва ушбу мавсумда экспортни ташкил қилишга ишонч йўқ. Шунингдек, ҳокимият тепасига толиблар келган Афғонистонда Тожикистон узумига талаб қандай бўлиши, мамлакат аҳолисининг харид қобилияти қай даражада ўзгариши ҳам тушунарсиз.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг бутунлай ёпиб қўйилишига олиб келган зиддият ҳам Тожикистон миришкорлари учун яна бир бош оғриқ бўлди. Минтақадаги мева савдогарлари учун яхши маълумки, илгари Тожикистонда етиштирилган хўраки узум навларининг асосий қисми Россияга айнан Қирғизистон орқали етказиб берилган. Қирғизистоннинг ўзи ҳам ушбу маҳсулотнинг анчагина йирик истеъмолчиси эди. Бироқ, ушбу мавсумда тожик трейдерлари ушбу каналдан фойдалана олмайдилар, шу боис ўз меваларини Россияга етказишнинг бошқа – қимматроқ вариантларини излашга мажбурлар. Бу, шубҳасиз, Тожикистон узуми нархларига катта босим бўлади.
Дарвоқе, бу йил Россия бозорида ички ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши, шунингдек, Молдовада узум ҳосили юқори даражада кутилаётганлиги туфайли таклиф қилинадиган узум ҳажми ўсиши ҳам мумкин. Маҳаллий фермерлар ўз маҳсулоти нархларининг пасайишини кутаётганлигини яширмаяптилар.
Тожикистонда етиштириладиган узумнинг нав таркибига қараб етказиб бериш ҳудудларини анъанавий бозорлар бўлмиш Россия ва Марказий Осиёдан ташқари жойларга диверсификациялашга умид қилмаса ҳам бўлади. Биз Ўзбекистондаги узум навлари рейтинги ҳақида ёзган эдик, Тожикистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Яна бир жиҳат, Тожикистонда узумни узоқ муддат сақлаш учун қувватлар етишмайди.
Бундан аён бўладики, узумни мақбул нархларда сотиш ва мева омборларига узоқ муддат сақлашга қўйиш имконига эга бўлмаган фермерлар уни қуритиб, майиз кўринишида реализация қилишга уринадилар.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!