Бош саҳифаЯнгиликларТошкентда мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологияларга бағишланган конференция бўлиб ўтди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Тошкентда мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологияларга бағишланган конференция бўлиб ўтди

2023 йилнинг 23 май куни Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳрида “HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар” деб номланган конференция бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир EastFruit жамоаси ташаббуси билан Молдова қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари федерацияси ва Украина мева-сабзавот ассоциацияси (УМСА)  ҳамкорлигида, БМТнинг  Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, спикерларнинг маърузалари метеостанциялар, сенсорлар, дронлар, ер ости ва импульсли томчилатиб суғориш, фертигацияни назорат қилиш тизимлари, ёпиқ ерларнинг очилмаган имкониятлари, нетхаузлар, биохавфсизлик соҳасидаги янгиликлар, пулинг, қадоқлаш ва логистика, суғориш ва агроволтаика  учун қуёш панелларидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш мавзусида бўлди. Ушбу технологияларнинг ҳар бири бўйича амалий тавсиялар ва уларнинг Ўзбекистон агробизнесига иқтисодий ҳамда экологик барқарорлик нуқтаи назаридан таъсирига оид ҳисоботлар тақдим этилди.

Барча спикерлар ўз соҳаси бўйича катта амалий тажрибага эга бўлган энг яхши халқаро экспертлар бўлиб, бу конференциянинг ҳақиқатан ҳам фойдали ва қизиқарли бўлишини таъминлади.

Бугун тақдим этилган барча технологиялар, агар уларни жорий этиш масаласига тўғри ёндашилса, Ўзбекистон учун катта миқдорда сув ресурсларини тежаш, ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоялаш воситалари таннархини камайтириш имконини беради. Бу эса атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатиб, маҳсулот сифатини кескин ошириш ва транспортабеллигини ошириш имконияти, шу билан бирга, маҳсулот етиштириш ва логистикада йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда харажатларни тежаш имконини беради«, дейди ФАО инвестицион департаменти иқтисодчиси ва мазкур лойиҳа раҳбари Андрий Ярмак.

Албатта, биргина тадбир доирасида ҳар бир технологиянинг барча нюансларини очиб бериш имконсиз, шу боис, конференция давомида бизнинг вазифамиз эътиборни ушбу мавзуларга қаратишдир. Зеро, биз бу мавзулар бўйича EastFruit порталида кўплаб батафсил материаллар, видеошарҳларни эълон қилганмиз. Келгуси ойларда бундай материаллар янада кўпроқ берилади. Шунингдек, биз ҳар доим ҳар қандай саволга жавоб беришдан мамнунмиз”, деди эксперт.

Конференция иштирокчилари ўртасида ўтказилган онлайн сўровнома натижаларига кўра, ер ости томчилатиб суғориш мавзуси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ер ости томчилатиб суғориш Ўзбекистоннинг бутун агробизнесини тубдан ўзгартириши ҳақида Андрий Ярмакнинг блогида ўқинг.

Иштирокчилар очиқ ер учун биологик препаратлар, боғлар ва сабзавот плантацияларида, шу жумладан, ер сувлари юқори бўлган майдонларда, шунингдек, экинларни ер ости томчилатиб суғориш усулларидан фойдаланишнинг турли вариантлари ҳақидаги маълумотлар билан ҳам қизиқишди”, деди тадбирда ушбу мавзуларни тақдим этган ФАО халқаро маслаҳатчиси Сергей Альба.

Шунингдек, иссиқхоналар ва нетхаузлар (Ўзбекистонда кам учрайдиган иссиқхона турларидан бири) мавзуларига ҳам иштирокчиларнинг қизиқиши баланд бўлди.

Иссиқхона эгалари ўртасида микроиқлим параметрларини кузатиш имконияти катта қизиқиш уйғотди. Афсуски, ҳозирги вақтда мониторингни назорат қилиш дастури иссиқхона микроиқлимини назорат қилиш тизимларига, масалан, шамоллатиш ёки иссиқхонани иситиш учун туйнукларни очишга «боғлиқ» эмас. Ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек, иссиқхона шароитида муқобил экинлар – гилос, голубика ва кичик калибрдаги қовун, аниқроғи, уларни иссиқхонада етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари қизиқтирди. Ва бу экспортёрлар учун ҳам қизиқ бўлди. Умуман олганда, Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини қайси ташқи бозорларга экспорт қилиш фойдали эканлигини билиш уларга керак эди (қайд этиш жоизки, EastFruit ушбу саволга жавоб сифатида алоҳида конференция ўтказган, унинг видеоёзуви ушбу ҳаволада)«, деди LATVIJAS DĀRZNIEKS уюшмалари вакили Марите Гайлите.

Оммабоплик рейтингидан пулинг, қадоқлаш ва логистика масалалари ҳам ўрин олди. Бу эса картон ва ёғоч нархлари юқори, айлана қадоқ ёки пулинг тизимларидан фойдаланиш тизими етарли даражада ривожланмаган Ўзбекистон учун мазкур масала ўта долзарб эканлигининг тасдиғидир. Пулинг ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.

Метеостанциялар ва ўсимликларнинг биохавфсизлиги ҳам юқори даражада қизиқиш уйғотди. Аммо, биргина конференция доирасида метеостанциялар ва улар учун турли хил сенсорлардан фойдаланишнинг улкан имкониятлари ҳақида батафсил маълумот беришнинг иложи йўқ. Бу йўналиш яқин йилларда Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесининг рентабеллиги ва барқарорлигини оширишда устувор йўналишлардан бирига айланиши мумкин.

Боғдорчилик ва сабзавотчиликда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш мавзуси ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Зеро, мамлакатда қуёшли кунлар кўп эканлигини инобатга олсак, бу табиий ҳол. Бироқ, электр энергиясининг нисбатан паст нархлари ушбу бизнес йўналиши ривожини рағбатлантирмайди. Одатда, фақат чекка ҳудудларда электр энергияси мавжуд бўлмаган тақдирдагина фермерлар қуёш энергиясидан фойдаланади. Бироқ, шуниси ҳам борки, электр энергиясининг шундай арзон нархлари шароитида ҳам фермерлар суғориш учун қуёш панелларидан фойдаланиш орқали сезиларли маблағни тежашга эришади.

Дронлар ва агроволтаикадан фойдаланиш масаласига қизиқиш кам бўлди. Бу Ўзбекистонда дронлардан фойдаланишда жиддий меъёрий тўсиқлар мавжудлигига қисман боғлиқ. Аммо дронлар нафақат боғдорчилик ва сабзавотчилик, балки бутун қишлоқ хўжалиги учун бугунги кунда энг истиқболли ва илғор технологиялардан биридир.

Агроволтаикага келсак, бу мавзу ҳали янги ва фаол ўрганишлар давом этмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда, юқорида айтиб ўтганимиздек, электр энергияси нархи жуда паст, бу эса электр энергиясини ишлаб чиқариш бизнесининг жозибадорлигини пасайтиради, бошқа томондан олиб қаралса, одатда, агроволтаик технологиялар қўлланадиган резавор экинларни етиштириш мамлакатда жуда суст ривожланган. Айтганча, резаворлар жаҳон мева-сабзавот бозорининг энг тез ўсаётган сегментилигича қолмоқда, шу маънода, ўзбекистонлик инвесторларнинг уларга нисбатан кам эътибор бераётгани ажабланарлидир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин