2022 йилда сўнгги бир неча йил ҳисобидан биринчи бор Ўзбекистонга истеъмол картошкаси импорти ҳажми камайди. Гарчи, импортнинг ҳажмининг камайиши миқдор жиҳатдан кам бўлса-да, ўсиш йўқлиги ва ўтган йилги рекорд янгиланмаганини қайд этиш мумкин, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари.
2016 йилга қадар Ўзбекистонга картошка импорти ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмас эди. Бироқ, 2017 йилдан бошлаб, ушбу маҳсулот импорти ўса бошлади ва 2021 йилга қадар ҳар йили аввалги рекорд янгиланган ҳолда истеъмол картошкаси импорти статистикасида барқарор ўсиш кузатилди. Шундай қилиб, картошка Ўзбекистон мева-сабзавот тармоғининг асосий импорт позициясига айланди ва 2017 йилдан 2021 йилгача ушбу маҳсулот импорти ҳажми 193,6 минг тоннадан 547,2 минг тоннагача, яъни, 2,8 баробар ошди.
Халқаро савдо бўйича статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга истеъмол картошкаси импорти ҳажми 532,5 минг тоннани ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 14,7 минг тоннага ёки 2,7 фоизга камдир.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йили Ўзбекистонда 3 441,7 минг тонна картошка етиштирилган, бу 2021 йилга нисбатан 156,1 минг тоннага ёки 4,8 фоизга кўп кўрсаткичдир.
2022 йилнинг июль ойи ўрталаридан бошлаб, Ўзбекистонда картошканинг улгуржи нархлари барқарор бўлиб, анча тор нарх оралиғида ўзгариб турди. EastFruit’нинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 2022 йил 15 июлдан 31 декабргача бўлган даврда 4000 – 4500 сўм/кг оралиғида бўлган, ўтган йил август ойининг иккинчи ярмидаги қисқа давр бундан мустасно.
2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистонда картошканинг улгуржи нархларига ушбу минтақа учун аномал совуқ таъсир этди, 6 январдан 20 январгача бўлган даврда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 4000 дан 5000 сўмгача ошди. Бироқ, 2023 йилнинг 20 январидан 17 февралига қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 5000 дан 4300 сўмга пасайди. 2023 йилнинг 17 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 7,5 фоизга юқори.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!