EastFruit экспертларининг фикрича, Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесида қатор заиф нуқталар мавжуд. Ва бу заиф нуқталардан бири – сархил мева-сабзавотларни паллетлашда қиммат ва паст сифатли поддонларни қўллашдир.
Аслида, поддондан кўра оддийроқ нима бўлиши мумкин? Ахир, бу юқори технологиялар эмас-ку! Умуман олганда, номукаммал поддон қандай муаммоларни келтириб чиқаради? Маълум бўлишича, ҳаммаси кўринганидек оддий эмас ва поддонлар муаммосини ҳал қилмай туриб, Ўзбекистон мева-сабзавот бизнеси ривожидаги кейинги қадамни босиши қийин бўлади.
Шундай қилиб, гапни поддонлар нархидан бошлайлик. Нега улар Ўзбекистонда бу қадар қиммат? Ҳаммаси аниқ – Ўзбекистонда ўрмонлар кам, ёғоч қиммат, шунинг учун поддонлар ҳам қиммат. Ўзбекистонда уларнинг нархи Россия ёки Украинадагидан ўртача икки баравар юқори. Шунга кўра, поддонларнинг юқори нархи ўзбек маҳсулотларининг рақобатбардошлигини пасайтиради. Ўзбекистон ҳар бир “фура”да биргина поддон нархи бўйича 100дан 200 долларгача бой беради. Бу эса деҳқонлар якуний натижада ололмайдиган пулдир, зеро, бозорда нархлар ҳаражатлардан қатъий назар шаклланади.
Иккинчи муаммо – поддонларнинг оғирлиги ва мустаҳкам эмаслиги масаласидир. Савдогарларнинг айтишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёғочни тежашга ҳаракат қилаётгани учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган поддонларининг оғирлиги, кўпинча, 12 кг атрофида бўлади. Европа Иттифоқида эса худди шу ўлчамдаги поддоннинг оғирлиги 16 дан 20 кг гачадир. Табиийки, агар камроқ ёғоч ёки ингичка тахталар ишлатилса, бу йўлнинг ўзидаёқ, поддонлар тез бузилишига олиб келади. Мева-сабзавот маҳсулотлари учун айни ҳолат ҳалокатлидир ва йўқотишлар катта бўлиши аниқ. Етказиб берувчининг ва бутун мамлакатнинг обрўси ҳақида алоҳида гапириб ўтиришга эса ҳожат йўқ.
Учинчи муаммо – бу поддонларни сифати. Кўпинча, улар стандартга мос бўлмайди. Уларни ишлаб чиқаришда катта хатоликларга йўл қўйилади, бу эса ташув машинасига керакли миқдордаги юкни жойлаштиришга тўсқинлик қилади. Демак, бу транспортировка нархи ошиши ёки юкнинг йўлда ҳаракатланиши ва силжишига олиб келади. Сархил мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришда бундай ҳолатга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, чунки, маҳсулотга путур етади.
Тўртинчи муаммо – поддонларни етказиб беришдаги сезиларли кечикишлар. Мева экспорти мавсумининг фаол босқичида поддонлар йўқлиги сабабли, маҳсулот партиясини жўнатиш бир неча кунга кечикиши кўп учрайдиган ҳолат. Ўзбекистон пилорама заводлари ва ёғоч поддонларни йиғиш цехларининг қуввати экспортёрлар талабини қондириш учун етарли эмас. Ва бу муаммо, кўпинча, экспорт шартномалари тўлиқ бузилишига олиб келади (айниқса, гилос ёки ўрик каби тез бузиладиган маҳсулотлар ҳақида сўз борганида).
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг халқаро маслаҳатчиси Фёдор Рибалко бу муаммоларга ечим топишнинг имкони бор, деб ҳисоблайди.
“Ўзбекистон поддонлар ишлаб чиқаришни стандартлаштириш ва сертификатлаш билан шуғулланиши керак, савдогарлар, экспортёрлар эса уларни сотиб олаётганда синчиклаб текширишлари керак. Кўп марталик пластик поддонларнинг пуллинг (ёки айланма) тизимини яратиш яхши ечим бўлиши мумкин. Улар, одатда, анча ишончли ва бақувватдир, қолаверса, стандарт ўлчамларга эга бўлиб, оғирлиги ёғоч поддонлардан анча кам», дейди эксперт.
«Поддонлар арзимас нарса бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистондан мева экспорти ҳажмини ҳисобга оладиган бўлсак, мамлакатнинг паст сифатли ва қиммат поддонлар туфайли жами йўқотишлари бир неча миллион ёки ҳатто ўнлаб миллион долларга тушади.
Яна сифатсиз маҳсулот туфайли мамлакат обрўсига путур етиши ҳам бор! Ахир, бу миллионлар экспортёр чўнтагидан эмас, балки ишлаб чиқарувчининг ҳамёнидан кетади, зеро, ҳеч ким муаммосиз етказиб берилган маҳсулотлардан кўра муаммоли маҳсулотлар учун кўпроқ пул тўламайди», дейди Фёдор Рибалко.
Шундай экан, Ўзбекистондан мева экспорти камайиб бораётгани ҳақидаги хабарга яна бир бор гувоҳ бўлсангиз, сабаблардан бири оддий ёғоч поддонлар, уларнинг сифати, нархи ва ҳоказолар, деб билаверинг.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!