Бош саҳифаЯнгиликларШарқий Европа ва Марказий Осиёда банан нархи: йил давомида у қай тариқа ўзгарди?
ДолзарбМахсусМева-сабзавот бозориЯнгиликлар

Шарқий Европа ва Марказий Осиёда банан нархи: йил давомида у қай тариқа ўзгарди?

EastFruit таҳлилчиларининг хабар беришича, мазкур лойиҳа улгуржи нархлар мониторингини олиб борадиган минтақа мамлакатларида банан энг қиммат товарлар қаторига кирган. Шу билан бирга, Шарқий Европада банан нархи Марказий Осиё мамлакатларидаги нархларга нисбатан анча кескин кўтарилди.

Шарқий Европа, биринчи навбатда, Украина ва Молдовада нархлар ошишига асосий сабаб — Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатларидир. Зеро, бу Украина денгиз портларининг блокадасига олиб келган. Натижада, бананни денгиз орқали импорт қилиш имконияти автоматик равишда блокланди, яъни, маҳсулотни энг арзон усулда Украина ва Молдова ички бозорларига етказиб бериш имконсиз бўлиб қолди. Пировардида, Украина ҳам, Молдова ҳам бананни Европа Иттифоқи давлатларидан автотранспорт йўллари орқали олиб киришга мажбур бўлди, бу эса нархнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди.

Агар 2022 йилнинг январь ойи охирида бананнинг энг паст улгуржи нархлари Украинада бўлган бўлса, 2023 йилнинг худди шу  вақтида Украинадаги банан нархи маҳаллий валютада 2,4 баробар ошди ва нарх ошиши бўйича Украина Польшага деярли тенглашди. Дарвоқе, бу доллардаги нархлар даражаси қайд этилган миқдорга ўзгарганини англатмайди, чунки, биз бананнинг улгуржи нархлари ўзгаришини  маҳаллий валютада ҳисоблаб чиққанмиз. Украинада эса миллий валютанинг кескин қадрсизланиши кузатилди.  Агар ички нарх ўсишини АҚШ долларида оладиган бўлсак, йил давомида у 76 фоизни ташкил этди — бу минтақанинг барча мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Молдовада банан нархи ҳам бир ярим баробарга ошгани ажабланарли эмас.  Шу билан бирга, нархлар ҳали-ҳануз Украинага нисбатан анча юқори.

Фақат Польшада нархлар Украинадагидан пастроқ,  шунга қарамай, фарқ унчалик катта эмас ва атиги 3 АҚШ центига тенг. Польшада банан нархи ошишига жаҳон бозоридаги нарх конъюнктураси, хусусан, Эквадорда совуқ ҳаво туфайли банан етиштиришнинг камайгани сабаб бўлган. Шунингдек, бунда Украинадаги уруш туфайли логистика нархи ошиши катта роль ўйнади.

Банан нархи бир йил ичида энг паст даражада Тожикистон, Ўзбекистон ва Грузияда ошди. Тожикистонда миллий валюта йил давомида мустаҳкамланди, бу импорт қилинадиган маҳсулотлар таннархи пасайишига туртки бўлди ва  жаҳон бозорида банан нархи ўсишини қисман компенсациялади. Ўзбекистон ва Грузия импорт ҳажмини фаол равишда ошириш, логистика ечимларини такомиллаштиришни давом эттирди ва бу бананнинг маҳаллий улгуржи нархларини янада яхшилаш имконини берди. Хусусан, айрим чакана савдо операторлари бананни тўғридан-тўғри импорт қилишга ўтиб, ортиқча қисмини улгуржи бозорда сотишди.

Шунга қарамай, Тожикистонда банан нархи минтақадаги барча мамлакатлар орасида энг юқорилигича қолмоқда.  Фақатгина мазкур мамлакатда ушбу меванинг улгуржи нархи бир килограмм учун 2 АҚШ долларидан ошди. Ўзбекистон эса банан нархи бўйича биринчи марта Грузияни четлаб ўтиб, барчани ҳайратда қолдирди. Нега бу кутилмаган ҳолат деяпмиз?  Ўзбекистон океанларга чиқиш учун икки мамлакатни кесиб ўтиши керак бўлган жаҳондаги икки давлатдан бири. Яъни, у жаҳондаги энг узоқ мамлакатлар сирасига киради. Аммо Грузиянинг Қора денгизда ўз портлари бор. Шу боис, Ўзбекистонда бананнинг рақобатбардош нархи мамлакатда мева-сабзавот маҳсулотларининг улгуржи савдоси самарадорлиги сезиларли даражада ошганидан далолатдир.

2023 йил банан саноати учун осон йил бўлмаслиги кутилмоқда. Банан етиштирувчиларнинг харажатлари кескин ошди, шунинг учун агар ушбу меванинг жаҳон бозорида нархлари ўсишда давом этмаса, баъзи операторлар мазкур бизнесни тарк этишга мажбур бўлиши мумкин. Ва бу, ўз навбатида, таклиф қисқариши фонида нархларнинг кескин ошишини келтириб чиқаради. Бу ўринда биз ҳар йили мазкур саноатга янада кўпроқ зарар етказадиган об-ҳаво инжиқликлари, урушлар ва иқлим ўзгаришининг таъсири ҳақида гапирмаяпмиз.

Банан нархи ошиши эса ўз навбатида, у кўп истеъмол қилинадиган мамлакатларда талаб пасайишига олиб келиши мумкин. Фақат Ўзбекистон, Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари (истеъмол нисбатан паст бўлган мамлакатлар)да ҳатто нархлар ўсишда давом этса ҳам банан истеъмоли ортишда давом этиши мумкин, аммо ўсиш суръати ҳозиргидан анча паст бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Украина 2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга энг йирик олма етказиб берувчига айланди

EastFruit

Skierkа — Польша селекционерларидан малинанинг янги десерт нави

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин