Сабзавот нархларининг кескин ўсиши фонида Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маҳаллий сабзавот етиштириш учун «инқирозга қарши чоралар» пакетини қабул қилди. Бошқарма “борш тўплами” таннархини пасайтириш мақсадида сабзавот етиштириш ҳажмини босқичма-босқич ошириш, омбор қураётган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уруғчилик учун субсидиялар ажратиш зарур, деб ҳисоблайди. Ҳозирча 2022 йил учун ажратилган 5 миллиард рубль ҳақида сўз бормоқда.
Сабзавотлар нархи бу йил барча рекордларни янгилади. Росстат маълумотларига кўра, масалан, июнь ойида лавлаги ва сабзи нархи ўтган йилги нархлардан мос равишда 178% ва 105% га ошди. Кузда эса ушбу маҳсулотлар нархларининг анъанавий пасайиши содир бўлмади.
Сабзавотлар инфляциясининг асосий сабаблари ноқулай об-ҳаво шароити (кўпгина ҳудудларда ёзги қурғоқчилик), шунингдек, ҳосилни йиғиш давридаги ёмғирлардир. Пандемиядаги чекловлар туфайли сабзавот фермалари мавсумий ишчиларни керакли миқдорда жалб қила олмади. Ва бу ҳам бутун саноатга салбий таъсир кўрсатди.
Нархларни ушлаб туриш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия сабзавотчилигини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар пакетини ишлаб чиқди. Идоравий ҳужжатнинг биринчи банди – сабзи, лавлаги, карам ва картошка майдонларини босқичма-босқич кенгайтиришдир.
Шунингдек ўқинг: Россия: Импорт туфайли рақобат кучайиши фермерларни помидор нархини пасайтиришга мажбур қилмоқда
Шунингдек, вазирлик сиғими 313,9 минг тонналик янги сабзавот омборларини ҳам фойдаланишга топширмоқчи. Бу мавсумдан ташқари, айниқса, баҳорда импортга боғлиқлик камайишини таъминлайди. Давлат кўмагининг бир қисми ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва селекция-уруғчилик марказларини ривожлантиришга йўналтирилади. Биринчи бор кичик фермер хўжаликлари учун субсидиялар ажратилади, маълумки, уларнинг улуши мамлакатда йиғиб олинган сабзавотлар ҳосилининг 50 фоизига тўғри келади. Барча режаларни амалга ошириш учун келгуси йили тахминан 5 миллиард рубль сарфланади.
Ушбу чора-тадбирлар нечоғли самарали ва қачон харидорлар сабзавот нархи ҳақиқатан пасайишини кутишлари керак?
AgroXXI портали учун махсус бошқарув бўйича консалтинг амалиёти гуруҳи – «Деловой профиль» раҳбари Олег Пахомов инқирозга қарши пакетга баҳо берди:
“Россия вилоятларининг учдан икки қисмидан кўпроғи рискли деҳқончилик зонасида бўлганлиги сабабли, сўнгги йилларда сабзавот етиштириш ҳажми атиги 5-5,5 миллион тоннани ташкил этди. Маҳаллий сабзавотчиликда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган, улар комплекс ҳал этилиши зарур.
Биринчидан, сабзавот етиштиришнинг юқори капитал зичлиги мавжуд. Ва очиқ ерда сабзавот етиштиришнинг барча босқичларини механизациялаш жуда қимматга тушгани сабабли, кўплаб фермерлар механизмлар етишмовчилигини меҳнат ресурслари билан қоплашни афзал кўришади. Мавсумий ишчиларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирлари бўлиб, миграция қонунчилиги кучайтирилиши туфайли уларни жалб қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Коронавирус пандемияси уларнинг кўпчилиги Россияга киришини бутунлай таъқиқлаб қўйди.
Иккинчидан, юқори сифатли уруғлик материалининг қимматлиги ва ўғитлар нархи ошиши билан боғлиқ ҳолда сабзавотчиликдаги даромадлилик камайиши. Кичик фермерлар селекцион ишларни мустақил амалга ошира олмайдилар ва районлаштирилган уруғларга кўп пул сарфланади, чунки, ўз уруғлари, кўпинча, паст товар ҳисобланади.
Учинчидан, 1,6 миллион тонна маҳсулотни сиғдира оладиган сабзавот омборлари етишмайди. Бу эса сабзавот етиштиришнинг 30 фоиздан камини ташкил этади, шу сабабли, фермерлар етиштирилган ҳосилнинг катта қисмини қисқа муддатда сотиш ёки қайта ишлашга жўнатишга мажбурдир.
Тўртинчидан, сабзавотчиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг етарли даражада эмаслиги ва мавжуд механизмлар самарадорлигининг пастлиги. Сабзавотчилик қишлоқ хўжалигининг устувор тармоқлари қаторига киритилмаган ва барқарор давлат ёрдамига умид боғлаб бўлмасди. Амалдаги дастурлар эса фақат муайян соҳалар (иссиқхоналар ва сабзавот омборларини қуриш)ни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, унчалик самарали эмас. Мисол учун, давлат сабзавот омборларини қуриш харажатларининг 20 фоизини қоплайди. Бироқ, лойиҳалаш билан бирга, қурилиш жараёни 3-3,5 йил давом этади, бу материаллар нархи ошиши шароитида компенсацияни сезиларли даражада қадрсизлантиради”.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!