EastFruit таҳлилчилари Россиядаги анъанавий сабзавотларнинг 2021 йилги рекорд даражадаги юқори нархига эътибор қаратишмоқда. Сабзавотлар гуруҳининг аксарият маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан бир ярим-икки баробар қимматлади ва сентябрь ойи нархлари рекордини янгилади. Ҳолбуки, одатда йилнинг мазкур даврида сабзавот маҳсулотларида таклифлар ҳаддан зиёд бўлиши ва талаб даражасидан ошиб кетиши кузатилади.
Июнь ойида Россия Федерациясида сабзи ва лавлаги нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилганда ижтимоий тармоқлар кулгили мемларга тўлиб кетди ва расмийлар маҳсулот нархини сезиларли даражада пасайтириши керак бўлган янги ҳосилга умид қилишди. Бироқ, картошка ва сақлашга мўлжалланган сабзавотларнинг кўп қисми, яъни борш тўпламига мансуб сабзавотлар ҳосиллари йиғиб олинди, лекин нархлар рекорд даражада юқори ва ҳамон ўсишда давом этмоқда.
«Ўтган ҳафта сабзи нархи 22 фоизга ошди, картошка эса 8 фоизга қимматлади. Ёзги қурғоқчиликдан сўнг айни ҳосил йиғиб олиниши керак бўлган вақтда ёмғирли об-ҳаво ҳукм сурди. Бу ишлаб чиқариш ҳажмига ҳам, етиштирилган маҳсулот сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бозор иштирокчилари баҳорга қадар сақланадиган юқори сифатли картошка ва сабзавотлар етишмай қолишидан хавотирланишмоқда. Нархлар кўтарилишига таъсир этувчи иккинчи омил – давомли ёмғирдир, бу картошка, сабзи ва лавлаги йиғим-теримини кечиктиради. Шунга кўра, маҳсулот бўйича таклиф айни даврга хос даражада юқори эмас”, дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Дарвоқе, Беларусь ҳам шунга ўхшаш муаммоларни бошдан кечирмоқда. У ерда сабзавот ва картошка нархи рекорд даражага чиққан, мамлакат Украина ва бошқа мамлакатлардан картошка импорт қила бошлади.
Бироқ, бозор мутахассислари, ноқулай об-ҳаво ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва картошка, сабзавот нархи кўтарилишига таъсир этувчи асосий омил ҳам эмаслигига эътибор қаратишмоқда. Россияда сабзавот етиштириш инқирози 2019 йилдан бери давом этяпти ва бунга айнан узоқ йиллар давомидаги паст нархлар ва паст рентабеллик сабаб бўлган. Бу хусусда EastFruit 2019 йили ёзган эди.
Юқорида келтирилган картошканинг улгуржи нархлари графикида 2021 йилнинг сентябрь ойи охиридаги нархлар одатий даражадан нечоғли узоқлашгани аниқ кўрсатилган. Аслида, ҳозир Россияда картошка ўтган йилги нархдан ўрта ҳисобда икки баравар қимматроқ сотилмоқда.
Сабзи картошкадан бирозгина қиммат, лекин ўтган ҳафтада унинг нархи кескин ошди. Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, нархлар ўсишда давом этади. Ҳозирги вақтда сабзининг улгуржи нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 69% қимматроқ.
Пиёз нархи борасида вазият яхшироқ – ҳозирча у ўтган йилга қараганда атиги 17% қиммат сотилмоқда. Бундан ташқари, нарх ҳатто озроқ пасайиш тенденциясига ҳам эга. Бундан ташқари, Россияда пиёз ҳозир минтақанинг бошқа мамлакатларига қараганда арзонроқ эканлиги қизиқ. Шу боис, яқин орада пиёз нархининг пасайиш тенденцияси ўсиш билан алмашиши мумкин.
Шуни қайд этиш жоизки, 2021 йилнинг дастлабки етти ойида Россия картошка импортини 70 фоизга, сабзи импортини 19 фоизга оширди. Лекин пиёз импортини учдан бир қисмга камайтирди. Энг катта ҳажмдаги картошка ва пиёз Россияга Мисрдан етказиб берилди. Пиёз Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитойдан ҳам катта миқдорда импорт қилинди. Россия сабзининг асосий қисмини Исроил, Хитой, Миср ва Беларусдан импорт қилди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!