Қозоғистонда Марказий Осиё давлатларининг савдо-сотиқни соддалаштириш бўйича биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тожикистон қўшни мамлакатлар ва Европа Иттифоқи билан савдо-сотиқ ҳажмининг ўсиши ҳақида маълум қилди.
Жаҳон савдо марказининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Ready4Тrade лойиҳаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг биринчи йиғилиши – “Миллий йўл хариталаридан минтақавий ислоҳотлар сари” деб номланган уч кунлик минтақавий учрашув бўлиб ўтди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг асосий спикерлари минтақалараро ва халқаро савдо-сотиқни кейинчалик чуқурлаштириш билан савдо тартиб-қоидаларини енгиллаштириш бўйича умумий масалалар ва биргаликдаги ечимларни муҳокама қилиш учун йиғилишди.
Унда, шунингдек, ваколатли органлар, департаментлар, ассоциациялар, Европа Иттифоқи ва Халқаро савдо маркази вакиллари иштирок этди.
Бу ҳақида Тожикистон Иқтисодий ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига таяниб, Аsia-Plus хабар бермоқда.
Марказий Осиё ҳамда Европанинг 80 дан зиёд вакиллари минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун савдо-сотиқни соддалаштиришнинг янги тенденциялари ва синергияларини муҳокама қилди. Тадбир Ready4Trade лойиҳаси доирасида икки томонлама минтақавий мувофиқлаштирув ва уни амалга ошириш устуворлигини талаб қилувчи процессуал соддалаштириш ислоҳотлари бўйича консенсусга эришиш учун платформа вазифасини бажарди.
Ready4Тrade Марказий Осиё лойиҳаси Марказий Осиёнинг беш мамлакатида минтақалараро ва халқаро савдо-сотиқни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Тўрт йиллик ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган йирик дастурнинг савдо компоненти бўлиб, инвестициялар, рақобатбардошлик, савдо-сотиқни қўллаб-қувватлаш, шу орқали минтақада барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган.
Йиғилишда Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ўринбосари Абдураҳмон Абдураҳмонзода республикада савдо-сотиқ тартиб-қоидаларини соддалаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилганини маълум қилди.
Хусусан, савдо-сотиқ тартиб-қоидаларини енгиллаштириш бўйича Мувофиқлаштирувчи комиссия ишлаб чиқилган, Тожикистон савдо портали ҳамда “Экспорт, импорт ва транзит операцияларини расмийлаштиришнинг ягона ойнаси” тизими ишга туширилган, ҳужжатнинг мақсадлари ва ҳудудий савдо интеграциясини ривожлантиришга хизмат қилувчи савдо соҳасидаги стратегик лойиҳалар тасдиқланган.
Шу билан бирга, Абдураҳмонзода 2021 йилда Тожикистон ва Қозоғистон (1,18 миллиард доллар), Ўзбекистон (447,8 миллион доллар) ҳамда Европа Иттифоқи (436,5 миллион доллар) ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши ҳақидаги маълумотларни келтирди.
Божхона хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида Тожикистоннинг қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми қуйидагича: Қозоғистон – 353,9 миллион доллар, Ўзбекистон – 163,4 миллион доллар, Туркманистон – 13,8 миллион доллар, Қирғизистон – 3,3 миллион доллар. Собиқ иттифоқ мамлакатлари билан 926 миллион доллар, МДҲдан ташқари давлатлар билан 960 миллион доллардан ортиқ.
Йиғилишда, шунингдек, Тожикистондан Қозоғистон, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлар бозорларига ҳўл ва қуритилган мева-сабзавотлар экспортини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлари ўринбосарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда Европа Иттифоқи бозорларига чиқиш йўллари бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!