Бош саҳифаЯнгиликларҚозоғистон: картошка экспорти таъқиқлангани туфайли фермерлар зарари 25 миллиард тенгедан ошиши мумкин
Янгиликлар

Қозоғистон: картошка экспорти таъқиқлангани туфайли фермерлар зарари 25 миллиард тенгедан ошиши мумкин

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича ҳар қандай чеклов фақат қисқа муддатга нархларни пасайтиради, аммо келгусида нархлар кескин сакраши учун шароит яратади. Афсуски, ҳукумат амалдорлари бозор аралашувининг ушбу қўпол инструментига тобора кўпроқ мурожаат қилишмоқда, эҳтиёткорроқ ёндашувлардан  фойдаланишни эса улар исташмайди. Бундай хатти-ҳаракатлар фермерларга айни пайтнинг ўзида зарар етказиши билан бирга, соҳа ривожидаги узоқ муддатли салбий оқибатларга ҳам олиб келади.

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг нархлар ўсишини ушлаб туришга уринишининг навбатдаги “қурбон”и сабзавот етиштирувчилар бўлди – 2021 йилнинг ноябрь ойида мамлакатдан картошка ва сабзи экспортига уч ойлик таъқиқ жорий этишга қарор қилинди. Шу билан бирга, аграр идора бозорни барқарорлаштириш учун тармоқ ассоциацияси  таклиф қилган анчайин оқилона ва самарали вариантларни эътиборсиз қолдирди.

Қозоғистон Картошка ва сабзавот етиштирувчилар уюшмаси раиси Қайрат Бисетаев ElDala.kz мухбирига мансабдор шахсларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари фермерларга қанча зарар келтиришини айтди.

– 2021 йилнинг сентябридаёқ, биз Россиядаги кучли қурғоқчилик картошка ва сабзавот ҳосили камайишига олиб келганига гувоҳ бўлдик, дейди Қайрат Бисетаев.  – Бундай ҳолат ҳар ўн йилда бир содир бўлади. Қозоғистон картошкасига талаб ошди ва ички бозорда нархлар ўсди.

Яъни, биз учун анъанавий харидорлар саналмиш Ўзбекистон истеъмолчиларидан ташқари  россияликлар ҳам пайдо бўлди. Биз буни англаб, сентябрь ойида икки вазир –  Султонов (савдо вазири) ва Карашукеев (қишлоқ хўжалиги вазири) иштирокида картошка етиштирувчилар йиғилишини ўтказиш ташаббуси билан чиқдик.  Биз у ерда талаб ушбу мавсумда, ҳақиқатан ҳам, юқори бўлишини айтдик ва шу билан бирга, ҳукуматнинг 2022 йил март-апрель ойларида картошка тақчиллиги юзага келишидан хавотирланишини тушунамиз. Биз икки вазирлик, фермерлар, маҳаллий ҳокимликлар, “Атамекен” тадбиркорлар миллий палатаси иштирокида идоралараро комиссия чақиришни таклиф қилдик – барча омборларни айланиб чиқамиз, ҳажмларни ҳисоблаймиз, захиралар бўйича реал рақамларни оламиз, дедик. Вазирлар ғоя яхши эканини айтиб, таклифимизга рози бўлишди. Бироқ, октябрь ва ноябрь ойлари ҳеч бир ҳаракатсиз ўтди. Шу билан бирга, Савдо вазирлиги ўзини шундай тутмоқдаки, бу уларнинг масаласи эмас –  шунчаки сукут сақлаяпти.  Натижада, ноябрь ойида ҳукуматнинг идоралараро комиссияси картошка ва сабзи экспортини уч ой муддатга таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шу билан бирга, қарор қабул қилиш чоғида бирор мутасадди раҳбар Бирлашма билан маслаҳатлашмаган, ҳеч ким ҳисоб-китоб талаб қилмаган. Ваҳоланки, Қайрат Бисетаев картошка захиралари балансининг оператив ҳисоб-китобларини қишлоқ хўжалиги вазирига топширган.

Бирлашма маълумотларига кўра, Қозоғистонда картошка етиштириш 2 миллион тоннага яқинни ташкил қилади. Бу кўрсаткичга томорқа хўжаликларида етиштириладиган 900 минг тонна ҳам киради. Уларнинг маҳсулотлари шаҳарга кетмайди, балки қишлоқ аҳолисининг ўзи фойдаланади. Шаҳарларни йилига ўртача 1,1 миллион тонна картошка етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари таъминлайди. Ҳозиргиси ҳам бундан мустасно бўлмади – қурғоқчиликка қарамай, суғориш усулини қўллаш туфайли картошка ва сабзавот етиштириш барқарор.

Бундан келиб чиқмоқдаки, амалдорлар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳолати билан бевосита боғлиқ бўлган масалаларни  муҳокама қилишни хоҳлашмайди. Ҳукумат келтириб чиқарган ягона сабаб, бу саноатга кўп зарар келтирадиган «ҳар эҳтимолга қарши» фаол чоралардир.

– Ҳақиқатан ҳам, уларда талаб ва таклиф бўйича ҳеч қандай рақам йўқ, дейди Қайрат Бисетаев. –  Бугун ҳеч бир маҳаллий ёки марказий органнинг бирор мутасаддиси Қозоғистонда қанча картошка борлигини ва аҳоли қанча миқдорда истеъмол қилишини айта олмайди. Бу ҳақида ҳеч ким тасаввурга эга эмас – на Савдо вазирлиги ва на Қишлоқ хўжалиги вазирлиги. Биз буни биламиз, шунинг учун доим маълумотларимизни ҳисобга олишни қайта ва қайта таклиф қилаверамиз. Биз декабрь ойида ревизия ўтказилгани, тўлиқ манзара намоён бўлганига ишонамиз. Унинг натижаларига кўра, мамлакатимизда 180 минг тоннага яқин ортиқча картошка борлигини аниқладик ва ички бозорда унга талаб йўқ. Сабзининг эса 160 минг тоннаси ортиқча.

Агар таъқиқ амалда бўлса ва фермерлар бу ҳажмларни қўшни мамлакатларга сота олмасалар, унда мазкур захираларнинг бари шунчаки яроқсиз ҳолга келади ва деҳқонлар катта йўқотишларни бошдан кечиради.

Сўнгги беш йилда Қозоғистон ҳар йили 200-300 минг тонна картошка экспорт қилмоқда. 2021 йилда янги ҳосил олинган пайтдан то 2022 йил бошига қадар бор-йўғи 91 минг тонна экспорт қилинган. Яъни, бу ҳисоб-китоб ҳам экспорт салоҳияти 200 минг тоннага яқин эканини кўрсатмоқда.

Қозоғистон Картошка ва сабзавот етиштирувчилар бирлашмаси буни инобатга олган ҳолда экспортга қўйилган таъқиқни бекор қилишга интилмоқда ва февраль ойидан бошлаб, картошка экспорти учун 150 минг тонна ҳажмдаги квота чекланишини таклиф қиляпти.

– Ўтган душанба куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таҳлилий маълумотларимизни сўради, биз тақдим этдик, дейди Қайрат Бисетаев. – Лекин мен шунчаки ўтириб жавоб кутишдан қўрқаман, чунки, ижобий жавоб бўлиши даргумон. Шу боис таҳлилий маълумотларни бошқа манзилларга – Қозоғистон Республикаси Президенти Администрациясига, Стратегик режалаштириш агентлигига, Савдо бўйича Бош вазир ўринбосари Бахит Султоновга, “Nur Otan» партияси идорасига юбордим. Энди идоралараро комиссиянинг янги таркиби тузилади ва умид қиламизки, улар биринчи йиғилишдаёқ экспорт таъқиқини бекор қилиш, 1 февралдан квота жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилади.  Бу бизга февраль-март ойларида ҳеч бўлмаганда 100 минг тонна картошкани хорижга сотишимиз учун керак.

Агар қарор кечиктирилса ва чўзилса, ортиқча ҳажмларни сотиш истиқболлари тобора ноаниқ бўлаверади, чунки, баҳор келиши билан жанубдан ёш картошка келади. Бундан ташқари, кунлар исиб кетса, кузги ҳосилга зарар етиши хавфи ортади – Қозоғистонда иқлимий омборлар кам.

Фермерлар бой бериши мумкин бўлган миқдорни ҳисоблаш осон: картошканинг жорий нархи 135-140 тенге/кг эканини ҳисобга олсак, маблағ 25-26 миллиард тенге (57 350 000 доллар)ни ташкил қилади. Бу мамлакат картошка етиштирувчиларига жорий йилги экиш мавсумини ўтказиш учун етарли бўлади.  Бироқ, агар Ҳукумат тўғри қарор қабул қилмаса, фермерлар шунча миқдорда зарарга киради.

– Ҳа, бизда ички бозор таъминланган, аммо шу билан бирга, амалдорларнинг тақчиллик бўлади, деган фобиясини ҳис қилиб турибмиз, дейди Қайрат Бисетаев. – Шу боис, ўтган йилнинг кузида биз ҳозир ҳам қўллаш мумкин бўлган механизмни таклиф қилган эдик: экспорт квотасини олган ҳар бир корхона маълум ҳажмдаги картошкани ички бозорда белгиланган нархда сотиш мажбуриятини олади. Яъни, нарх ҳозир бозорда шаклланган даражада бўлади –  килограмм учун 135-140 тенге. Ва бизнинг дўконларда ҳеч қандай нарх сакраши бўлмайди.

Аслида, бу ички бозор хавфсизлигини тартибга солишнинг энг тўғри воситаси. Бундан ташқари, минтақавий барқарорлаштириш жамғармаларини шакллантиришда бюджет маблағлари ҳисобидан картошка харид қилишда юзага келадиган коррупция хавфини бартараф этади.  Зеро, картошка фермерларнинг ўз омборида сақланади, бузилмайди ва ҳеч қаерга йўқолмайди.

Бироқ, расмийлар бунга рози эмас – шунчаки ҳеч ким жавобгарликни  зиммасига олишни хоҳламаяпти. Ҳар бир амалдор ўзи, яна ҳам аниқроғи, лавозими учун қимматга тушиши мумкин бўлган тақчиллик эҳтимолидан қўрқади. Шунинг учун улар ҳақиқий ҳисоб-китобларга кўз юмишни афзал билишади.  Фермерлар ва саноатга етказилган зарар уларни асло ташвишлантирмайди. Аммо таъқиқларнинг оқибатлари аниқ – деҳқонларнинг экспорт таъқиқига учрайдиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришга қизиқиши сўнади.

– Вазият шунгача етиб бориши мумкинки, бундан олти-етти йил аввал юз берганидек, картошка импортига қарам бўлиб қоламиз, дейди Қайрат Бисетаев. – Бу мавсумда фермерларнинг бир қисми таъқиқ хавфи камроқ бўлган бошқа экинларни етиштиришга ўта бошлайди.  Бундан ташқари, ҳозир қишлоқ хўжалигига янги инвесторлар кириши тенденцияси мавжуд.  Картошка етиштиришдаги бу хатарни кўриб, улар шунчаки бошқа соҳани танлашади. Буларнинг бари ривожланиш истиқболларига зарба бўлиб, оқибатларини биз узоқ вақт давомида ҳис қиламиз.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Қозоғистонда чигирткаларга қарши кураш кучайтирилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин