Айни дамда Ўзбекистондан хурмо экспорти мавсуми қизғин паллада. Бу мавсум август ойининг учинчи ўн кунлигида бошланиб келаси йил январининг иккинчи ярмида тугайди, унинг умумий давомийлиги тахминан 5 ойдир. Аммо энг фаол босқич – бу сентябрдан декабргача бўлган давр, мазкур даврга умумий экспорт ҳажмининг 98 фоиз улуши тўғри келади.
Ўзбекистондан хурмо экспортининг ўтган йилги – 2020/21 мавсуми аввалгиларидан рекорд даражадаги кўрсаткичлар билан фарқ қилди. EastFruit таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг август ойи бошидан 2021 йилнинг январь ойи охирига қадар хурмо экспорти 98,9 минг тонна, қиймати эса 49,4 миллион долларни ташкил қилди. Бу ўтган уч мавсумдаги ўртача кўрсаткичдан 70 фоизга кўпдир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2017/18 – 2019/20 мавсумларидаги хурмо экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан 47 мингдан 73 минг тоннагача бўлган.
EastFruit таҳлилчилари бу мавсумнинг ўтган йилгисидан фарқи борасида қуйидагиларга эътибор қаратишмоқда. Бозор иштирокчиларининг маълумотларига кўра, бу йил хурмо ҳосилининг оммавий йиғим-терими тахминан 10 кун кеч бошланган ва ҳосил ўтган йилгидан паст. Бунинг сабаби, 2021 йилнинг қиш фасли ва эрта баҳорда Ўзбекистонда кузатилган об-ҳаво аномалиялари бўлиб, улар данакли мевалар ва ёнғоқ экинлари ҳосилига катта зарар етказди. Бу хурмо экспорти мавсуми бошидаёқ ушбу маҳсулотларни ташқи бозорларга жўнатиш ҳажмида ўз аксини топди. Республика Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилнинг август ойи бошидан сентябрь охирига қадар 10,4 минг тонна ҳажмда 4,1 миллион долларлик хурмо экспорт қилди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2020-2019 йилларнинг худди шу даврида: 2020 йили – 12,8 минг тонна ҳажмда 7,8 миллион долларлик, 2019 йили – 8 минг тонна ҳажмда 5,3 миллион долларлик хурмо экспорт қилинган.
Жисмоний жиҳатдан 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида хурмо экспорти 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоиз кам, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан эса 30 фоиз кўп бўлган.
Шунингдек ўқинг: 2020 йилда Ўзбекистон хурмо экспорти бўйича жаҳондаги етакчи тўртликка кирди
Бундан ташқари, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида ўзбек хурмосини ташқи бозорларга жўнатишнинг ўртача нархи 2020 йилдаги худди шу даврга нисбатан қарийб 30% паст бўлган. Бу экспортнинг жисмоний жиҳатдан пасайишидан кўра, даромад камайишида кўпроқ акс этган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида ўзбек хурмосининг ўртача экспорт нархи 2019 йилги худди шу даврга нисбатан 12 фоиз паст бўлган. Бошқача айтганда, Ўзбекистондан ташқи бозорларга хурмо жўнатишнинг ўртача нархи экспорт мавсуми бошида кетма-кет иккинчи йил пасаймоқда.
Ҳозирги вақтда экспортёрларнинг ўзбек фермерлари ва улгуржи савдогарлардан хурмо харид қилиш нархи нуқсон ва калибр бўйича сараланган маҳсулот учун 2 500 дан 3 000 сўм/кг гача (0,23 дан 0,28 долларгача)дир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!