Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқхона фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” Ахборот агентлиги.
Ҳужжат мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иссиқхоналарни молиявий соғломлаштириш, экспортбоп ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни узлуксиз таъминлаш, шунингдек, қишлоқлар аҳолисини иш билан банд қилиш ва даромадларини ошириш учун янада қулай шарт-шароит яратишга қаратилган. Хусусан, унда “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасидаги муаммоли иссиқхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгиланган.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон: мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (2-қисм)
Мазкур қарорга мувофиқ, “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасидаги муаммоли иссиқхоналар фаолиятини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди ва унинг таркиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, шунингдек, “Бухоро-Агро” ЭИЗда иссиқхоналарни давлат дастурлари ва давлат қарзи доирасида кредитлаш муддати 7 йилдан 10 йилгача белгиланди, иссиқхона хўжалиги учун аввал ажратилган кредитлар муддати 3 йилгача узайтирилди.
Бундан ташқари, хорижий валютадаги кредитларни миллий валютага қайта расмийлаштириш ва амалдаги компенсацияларни тақдим этиш тўғрисидаги шартномага эга бўлган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан фоиз харажатларининг 5 фоизидан кўп бўлмаган қисми қопланиши белгиланди.
Ҳужжатда, шунингдек, “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасида иссиқхона хўжаликлари учун йиллик ҳосилнинг 50 фоизигача бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ажратилган маблағлар ҳисобидан таъминланиши кўзда тутилган. Шунингдек, 12 ой муддатга 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли муддат билан кредит бериш чоралари кўрилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!