Ўтган йиллар статистикасига кўра, Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти мавсуми сентябрь ойининг иккинчи ярми ёки учинчи ўн кунлигида якунига етади. Бу йилги мавсум ҳам бундан мустасно эмас. Охирги ўн кун ичида Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти деярли амалга оширилмади, бу эса ушбу маҳсулот экспорти мавсуми тугаганини англатади.
Бу йилги шафтоли/нектарин мавсуми нисбатан паст нархлар, ташқи бозорларга жўнатмалар ҳажми кескин ошгани ва рекорд даражадаги экспорт тушумлари билан фарқ қилмоқда, дея қайд этди EastFruit таҳлилчилари.
EastFruit 2022 йилнинг июнь ойи ўрталарида Ўзбекистондан жорий шафтоли ва нектарин экспорти мавсуми муваффақиятли бошлангани ҳақида ёзган эди. Ушбу маҳсулотнинг биринчи партияларини ташқи бозорларга жўнатиш май ойининг учинчи ўн кунлигида — биринчи улгуржи партиялар ички бозорда пайдо бўлган даврда бошланган. Май ойининг учинчи ўн кунлиги ва июнь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистондан шафтоли/нектарин экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарга кўп бўлди! Бунга 2022 йилги оммавий йиғим-терим мавсуми бошида ушбу маҳсулотнинг ички бозордаги улгуржи нархлари кескин тушиб кетгани сабаб бўлди. Шундай нархлар динамикаси ўтган йили ҳам кузатилган эди, бироқ бу йил шафтоли ва нектарин йиғим-терим мавсуми бошида нархларнинг пасайиш суръати 2021 йилга нисбатан анча юқори бўлди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шафтоли ва нектарин оммавий йиғим-теримининг жорий мавсуми июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, ўтган йилга нисбатан қарийб бир ҳафта эрта бошланди.
Бозор иштирокчилари ва ушбу маҳсулотни етиштирувчилар фикрича, нархлар тушиши эртаги навлардаги юқори ҳосил ва ўртапишар навлар ҳосили борасидаги оптимистик прогнозлар, пировардида, ички бозорда таклиф ҳажми ўсиши билан боғлиқ бўлди. Бу эса ўз навбатида, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонда кузатилган бодом, гилос ва ўрик ҳосилига катта зарар етказган об-ҳаво аномалиялари шафтоли ва нектарин ҳосилига амалда таъсир кўрсатмаганини англатади.
2022 йил июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан 10 июлга қадар Ўзбекистонда шафтоли/нектариннинг улгуржи нархлари борасида ўтган йилгидек пасайиш динамикаси кузатилди, бироқ, ўртача улгуржи нархлар ўтган йилги даражадан 20-35 фоизга паст бўлди.
Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, кейинроқ нархлар тарихи яна такрорланди, яъни, 2022 йил 15 июлдан 5 августга қадар улгуржи нархлар динамикаси ўтган йилгига жуда ўхшаш эди. Аммо, бу йил ўртача улгуржи нархлар ўтган йилги даражага нисбатан ўртача 8 фоизга паст бўлди.
Бироқ, Ўзбекистонда шафтоли/нектариннинг улгуржи нархлари борасида ўтган йилги динамикадан сезиларли фарқ 2022 йилнинг август ойи ўрталаридан бошлаб намоён бўла бошлади. Агар ўтган йили ушбу даврда ўсиш тенденцияси кузатилган бўлса, бу йил нархлар пасайишда давом этди. Натижада, ўтган йилги даражалар билан фарқ кенгайиб, 2022 йилнинг август ойи ўрталаридан сентябрь охирига қадар шафтоли/нектариннинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилдаги шу даврга нисбатан 35-55 фоизга паст бўлди.
Умуман олганда, 2022 йилги мавсумда ўтган йилга нисбатан юқори ҳосил олингани туфайли шафтоли/нектарин нархининг нисбатан пастлиги ташқи бозорларга жўнатиш ҳажмининг кескин ошишига сабаб бўлди ва ушбу маҳсулотни ташқи бозорларга сотишдан экспорт тушуми камида охирги беш йил ичидаги рекорд ҳажмга етди.
Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг май ойи бошидан сентябрь ойи охирига қадар Ўзбекистон жами 76,7 минг тонна ва қиймати 68,1 миллион долларлик шафтоли ва нектарини экспорт қилган, бу эса 2021 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 38 фоизга ва даромад миқдори бўйича 55 фоизга кўпдир.
Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистонда шафтоли ва нектарин ҳосили нисбатан паст бўлгани ва ички бозордаги нархлар юқорилиги туфайли ушбу маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2018-2019 йилларга нисбатан паст бўлган, бу ўринда 2020 йилги рекорд кўрсаткичлар билан солиштириш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис, жорий мавсумдаги экспорт ҳажмини 2018-2020 йиллардаги кўрсаткичлар билан таққослаш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридаги диаграммадан кўриниб турибдики, 2022 йилда Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан 2018 йилга нисбатан 18 фоиз, 2019 йилга нисбатан эса 36 фоиз кўп, бироқ, 2020 йилги рекорд кўрсаткичдан 6,7 фоизга кам бўлган.
Бироқ, экспорт тушумлари бўйича 2022 йилги кўрсаткич камида охирги беш йил ичидаги рекорд кўрсаткич бўлиб, аввалги, яъни, 2020 йилги рекорддан 11 фоизга ошиб кетди.
2022 йилда ҳосил пастлиги ва баланд нархлар туфайли Ўзбекистондан гилос экспорти кескин камайганини инобатга олиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, жорий мавсумда шафтоли ва нектарин Ўзбекистон мева сегментининг экспорт тушумидаги аҳамияти бўйича сархил хўраки узумдан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.
Экспорт географиясига келсак, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти ҳажмининг 99 фоиздан сал ортиғи ЕОИИ мамлакатлари бозорларига жўнатилди. Қолган қисми қуйидаги мамлакатлар бозорига жўнатилди: Туркманистон – 471 тонна, Тожикистон – 42 тонна, Мўғулистон – 14 тонна ва Бирлашган Араб Амирликлари – 4 тонна.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!