Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга транзит юк ташувини бошлайди. Йил охирига қадар Афғонистон орқали 2500 тонна сархил ва қуритилган мева-сабзавотлар жўнатиш режалаштирилган, деб ёзмоқда CеntralAsia Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарига таяниб.
Автотранспортчилар етказадиган биринчи юк Сирдарё вилояти қовунлари бўлади. Тез орада 40 тонналик партия ушбу йўналиш бўйлаб юк ташиш билан шуғулланувчи “Chemical Business” транспорт компаниясининг юк машиналарида жўнатилади.
Корхона раҳбари Фахриддин Набиевнинг айтишича, йил охирига қадар Ўзбекистондан 2,5 минг тонна ҳўл ва қуритилган мева Покистон бозорларига кириб боради. Янги йўналиш маҳаллий товарларни денгиз портларига етказиш учун энг қисқа йўлни таъминлайди, дея қўшимча қилди тадбиркор.
Унинг сўзларига кўра, жанубга транспорт учун кўпроқ ҳақ тўланади. Агар юк машинаси ҳайдовчиси Москвага рейс учун ўртача 700-800 доллар оладиган бўлса, Карачи учун 3500-4000 доллар сўралади, деди Набиев.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда узумнинг «Кишмиш» ва «Ризамат» навлари сотувга чиқди
Бундан ташқари, Chemical Business вакиллари Покистондаги йўл инфратузилмасининг яхши ҳолати ва хизматлар сифатини қайд этишди. Юк ташувчилар учун электрон визаларни расмийлаштиришда ҳеч қандай муаммо юзага келмади.
2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистондан биринчи транзит юк Покистонга етиб борган эди. Кейинроқ Покистон томони Гвадар, Карачи ва Қосим портлари орқали транзитни кенгайтириш мақсадида ўзбекистонлик юк ташувчиларнинг киришини соддалаштирди.
Март ойидан бошлаб, Покистон Ўзбекистонга гўшт етказиб беришни йўлга қўйган. Бироз вақт ўтгач, Ҳиндистон илк бор Покистон ва Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга шакар ва бошқа товарлар транзит юкини жўнатди.
Бундан ташқари, уч мамлакат Транс-Афғон темир йўли лойиҳаси бўйича бир неча йилдан буён ҳамкорликда ишламоқда. Афғонистонда ҳокимият алмашгач, тўхтатилган лойиҳа 2022 йил бошида кун тартибига қайтиб, март ойидан бошлаб дастлабки ишларни бошлашга тайёргарлик кўрилмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!