Ўтган ҳафта EastFruit 2022 йилнинг 18 февралидан 25 февралигача бўлган даврда Ўзбекистонда ўтган йилги ҳосил сабзисининг улгуржи нархи 25 фоиз арзонлашгани ҳақида ёзган эди. Бу ҳафтада ҳам пасайиш тенденцияси давом этди ва нархлар яна 17 фоиз арзонлашди.
EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 4 мартидан 11 мартига қадар ўтган йилги ҳосил сабзисининг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 3000 сўмдан 2500 сўмгача, яъни, бир ҳафта ичида 17% га пасайган. Шундай қилиб, сўнгги уч ҳафта ичида – 2022 йилнинг 18 февралидан 11 мартигача Ўзбекистонда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 4000 сўмдан 2500 сўмга, яъни, 38% га пасайган.
Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ўтган йилги ҳосил сабзисининг улгуржи нархлари 2022 йил бошига нисбатан 29 фоизга пасайган ва жорий йилнинг январь ойи ўрталарида қайд этилган минимал даражададир.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда 2022 йил бошидан буён апельсин 31 фоизга арзонлашди
Жорий нархлар ва ўтган йиллар даражаси ўртасидаги тафовут сезиларли даражада қисқарганига қарамай, бу фарқ салмоқлигича қолмоқда: 2022 йилнинг 11 март ҳолатига кўра, ўтган йилги ҳосил сабзисининг ўртача улгуржи нархи 2021 йилдаги шу санага нисбатан 56 фоизга юқоридир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ўтган йилнинг шу санасида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1600 сўм/кг ни ташкил этган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!