Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун пахта ва ғаллачилик тармоқларида кенг жорий этилаётган кластер тизимига катта эътибор қаратилмоқда, мева-сабзавотчилик тармоғида кластер тизими нисбатан анча кам жорий қилинган. Кластерлар ролини кучайтириш, кооперациянинг янги механизмларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларни кенг миқёсда молиялаштириш ва қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилишини кенгайтириш Ўзбекистонда мева-сабзавот саноатини ривожлантиришнинг янги тизими асосини ташкил этади, дейишмоқда EastFruit экспертлари.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 24 ноябрь куни мамлакат мева-сабзавот саноатини ривожлантириш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Йиғилишда мазкур соҳадаги имконият ва муаммолар, ҳосилдорлик ва бандликни ошириш чоралари муҳокама қилинди.
Шундай қилиб, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун кластер, фермер ва банк ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Кредитлар бир йилга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, 14 фоиз ставкада ажратилади.
Кластерларга аҳолидан маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик “револьвер” кредитлар ҳам берилади. Яъни, кластер қачон зарур бўлса, маблағ олади ва фоизини кредитдан фойдаланган давр учун тўлайди.
Ушбу мақсадлар учун жами 2 триллион сўм йўналтирилади.
Яна бир қўллов – экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.
Давлат раҳбари бир кун аввал, 2021 йилнинг 23 ноябрида имзолаган қарорга мувофиқ, 2022-2025 йилларда пахта ва ғалладан бўшаган 200 минг гектар паст рентабелли экин майдонларини босқичма-босқич захирага қайтариш амалга оширилади. Захирага қайтарилган ер участкалари картошка ҳамда бошқа турдаги сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш бўйича очиқ электрон танлов асосида фуқароларга деҳқон хўжалиги ташкил этиши билан 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган миқдорда 10 йил муддатга ижарага берилади. Очиқ электрон танлов “Е-АUKSION” электрон савдо платформасида ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасининг Ер кодексига мувофиқ, ер участкаларини ижарага бериш ҳоллари бундан мустасно. Қуйидаги фуқароларга устуворлик берилади:
– ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган;
– ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга;
– «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик берилади.
Кичик интенсив боғлар, узумзорлар яратиш ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун йиллик 14 фоиз имтиёзли ставка бўйича 100 миллион сўмгача бўлган миқдорда гаровсиз кредитлар беради. Ушбу мақсадлар учун халқаро молия институтларининг 100 миллион доллар маблағи йўналтирилади.
Кредит маблағлари деҳқон ва фермер хўжаликларига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа корхоналарга:
– 7 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан кичик интенсив боғдорчилик ва узумчиликни ташкил этиш учун;
– картошка ҳамда бошқа турдаги сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш учун – 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 2 йилгача муддатга берилади.
Деҳқон хўжаликлари учун қисқа муддатли интенсив ўқув курсларини ташкил этиш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди. Унинг асосий вазифаси – очиқ электрон танловда иштирок этиш учун малакали тренер-маслаҳатчилар тайёрлаш, шунингдек, улар ёрдамида деҳқон хўжаликлари учун қисқа муддатли интенсив ўқув курсларини ташкил этишдан иборат.
Бундан ташқари, давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда мамлакат аҳолисининг 500 минг гектарга яқин томорқа ерлари мавжудлиги қайд этилди. 2022 йилда улардан самарали фойдаланиш учун 100 миллион доллар ажратилиши, бу маблағлар оилавий тадбиркорлик дастури асосида, имтиёзли шартларда берилиши режалаштирилган.
Томорқа хизмати корхоналарига ҳам 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Самарали ишлаётган шундай корхоналар негизида томорқа хизмати кластерлари ташкил этилади. Уларда кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш каби хизматлар жамланади.
Томорқада етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, уларга субсидия берилади.
Экинларни сув билан таъминлаш ҳам долзарб масала. Шу боис сув бориши қийин томорқалар ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январгача узайтириладиган бўлди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!