Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда каврак етиштириш ҳажми ва унинг экспортини кескин ошириш режалаштирилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда каврак етиштириш ҳажми ва унинг экспортини кескин ошириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 5 йил ичида умумий майдони 30 минг гектарлик каврак плантацияларини барпо этиш, қайта ишлаш корхоналари ва хўжаликлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, кавракдан олинган хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, шунингдек, инвестицияларни жалб этиш режалаштирилмоқда, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.

Давлат раҳбари 2022 йилнинг 27 апрелида  «Республикада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Каврак (лот. Férula аssa-fóetida) – Соябонгулдошлар (Аpiacease) оиласига мансуб кўп йиллик гиёҳдир. Ўсимлик илдизларининг сут шарбатидан асафетида зиравори олинади. Ушбу зиравор Эрон, Афғон ва Курд ошхоналарида гўштли таомлар тайёрлашда, Ҳиндистонда эса гуруч ва сабзавотли таомларни пиширишда қўлланади. Асафетида бошқа зираворлар билан ишлатилганда унинг кескин ҳиди анча «юмшайди».

Каврак, айниқса, тиббиётда кенг қўлланади, бу ўсимликнинг уруғи ва меваларидан кўплаб мамлакатлар тиббиётида ветрогон сифатида фойдаланишга рухсат этилган, у овқат ҳазм қилишни яхшилайди ва нафас йўллари инфекцияларини даволашда муҳим аҳамиятга эгадир.

2022 йилнинг 1 июнига қадар қадар каврак етиштириш учун қулай иқлим шароитига эга Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кавракни қайта ишловчи корхоналар, каврак йиғиш ва етиштириш билан шуғулланувчи уй хўжаликлари (жисмоний шахслар) ва каврак кўчатчилиги хўжаликлари кооперациясига асосланган каврак етиштириш кластерлари ташкил этилади.

Президент фармони билан 2022-2026 йилларда яйловларда каврак плантацияларини барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди. Унга мувофиқ, 2022 йилда 6 минг гектар майдон яратилади ва 2026 йилгача ҳар йилда бундай плантацияларнинг умумий майдони 6 минг гектарга ошириб борилади:

2022 йилда: 6 минг гектар;

2023 йилда: 12 минг гектар;

2024 йилда: 18 минг гектар;

2025 йилда: 24 минг гектар;

2026 йилда: 30 минг гектар.

2022 йилнинг 1 май санасидан бошлаб, ёввойи ҳолда ўсадиган каврак ҳосилини ғамлаш (йиғиб олиш) учун квоталар тасдиқланади ва ушбу квоталар доирасида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги хом ашёсидан махсус фойдаланиш учун ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини четга олиб чиқиш учун рухсатномалар Қўмита томонидан берилади. Бунда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини ғамлаш (йиғиш) ва четга олиб чиқиш учун рухсатномалар ажратиладиган квотанинг камида 50 фоизи ҳажмида маданий плантацияларни барпо этиш шарти билан берилади.

2022 нинг 1 май санасидан бошлаб уч йил муддатга:

– каврак етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоиз миқдорида қўлланилади;

– каврак ўсимлигини етиштирувчилар ва унинг хом ашёсини қайта ишловчи корхоналар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитуралар божхона божидан озод этилади.

2022 йилнинг 1 май санасидан бошлаб, каврак уруғини Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсатномалар бериш беш йил муддатга тўхтатилади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин