Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда иссиқхоналар газдан узилади – энди улар ёқилғи сифатида кўмир ишлатади
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда иссиқхоналар газдан узилади – энди улар ёқилғи сифатида кўмир ишлатади

EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистондаги иссиқхона саноати муаммоларига кўп бор эътибор қаратган. Маҳаллий иссиқхона саноати учун тўсиқлардан бири Ўзбекистоннинг асосий экспорт позицияларидан бири саналмиш газ билан боғлиқ муаммолар эди. Икки йилдан сал аввалроқ, биз нега иссиқхона помидори экспорти газ экспортидан кўра анча даромадли эканини рақамлар билан кўрсатиб берган эдик — зеро, иссиқхона сабзавотлари ва резаворлари юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар бўлиб, қувурлар бўйлаб экспортга кетадиган газдан фарқли ўлароқ, мамлакатда кўпроқ иш ўринлари яратиш имконини беради.

Яна бир муаммо шундаки, Туркманистон ва Россия иссиқхона комбинатлари, яъни, Ўзбекистоннинг асосий рақобатчилари «зангори ёқилғи”дан фойдаланишида умуман муаммо йўқ. Қолаверса, Туркманистонда иссиқхоначилар йилига тўлайдиган нархлар Ўзбекистонникидан бир неча баробар паст. Шу боис, ўзбекистонлик экспортёрлар Россия иссиқхона сабзавотлари бозорида жиддий рақобатга дуч келмоқда, Ўзбекистон учун бу маҳсулотларни экспорт қилишда муқобил бозорлар жуда кам.

2023 йилнинг 16 февраль санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ”ги қарори эълон қилинди. Ва аввалбошда ҳақиқатан ҳам, сўз қуёш ва шамол генерацияси ҳақида  боради…

Аммо қуйида қарорнинг Ўзбекистондаги иссиқхона корхоналарига тегишли қисмини келтирамиз:

«2023 йилда 1 147 та иссиқхоналар ва 250 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш режа кўрсаткичлари ва манзилли рўйхатлари мос равишда 8-, 8а-, 8б-, 8в-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, республика ҳудудларидаги:

иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича шахсий жавобгарлик қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилади;

мазкур қарорга 8а-, 8б- ва 8в-иловаларга мувофиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича шахсий жавобгарлик қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш.С. Хидоятов, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раиси С.С.Аннакличев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилади».

Албатта, кўмир қайта тикланадиган энергия манбаи эмаслиги билан бирга, иссиқхона саноати ва мамлакат экологияси учун, айниқса, газ билан солиштирганда, энг ёмон ечимлардан бири.

Келинг, нима учун кўмир Ўзбекистонда иссиқхона саноатининг рақобатбардошлигига путур етказувчи номақбул ечим эканини тушунтириб берайлик. Газдан кўмирга ўтишда иссиқхоналар қуйидаги муаммоларга дуч келади:

  • Иссиқхоналарни иситиш учун харажатлар 12-17% га ўсиши, яъни, ишлаб чиқарувчилар даромадлари даражаси ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги пасайиши — зеро, Туркманистондаги худди шундай иссиқхоналарда харажатлар ошмаяпти;
  • Ҳар гектар ҳисобига инвестициялар миқдори ва бошқа харажатларни ошириш, чунки кўмирни сақлаш учун кўпроқ ер ва қўшимча ҳажмдаги омборлар, шунингдек, унинг доимий ташилиши учун ускуналар сотиб олиш керак. Бундан ташқари, кўмир ёниши натижасида ажраладиган чиқиндиларни камайтириш учун қиммат фильтрлар харид қилиш керак;
  • Айланма маблағларнинг юқори харажатлари, чунки кўмирни олдиндан сотиб олиш керак — бу маълум даврга “музлатилган” пул ва кредитлар учун қўшимча харажатлар дегани;
  • Кўмир билан ишлаш учун юқори ишчи кучи харажатлари — юк ташувчилар, ўт қаловчилар, қўриқчилар ва бошқа ишчилар меҳнати талаб этилади;
  • Ёқилғи қозони фильтрларини алмаштириш учун юқори харажатлар;
  • Иссиқхоналар юзасида кўмир ёқиш натижасида пайдо бўладиган кулнинг шиша ёки плёнка шаффофлигини пасайиштириши туфайли ҳосил камайиши ва маҳсулот сифати ёмонлашиши (муаммо қиммат фильтр тизими ва уни мунтазам равишда алмаштириш орқали деярли тўлиқ ҳал қилинади), бу эса реализация нархи пасайишига ва таннарх ошишига, яъни, Ўзбекистон иссиқхона маҳсулотларининг рақобатбардошлиги тушишига олиб келиши мумкин.

Бошқача айтганда, иссиқхоначи учун кўмир ёқилғисига ўтиш — даромад камайиши баробарида харажатлар ошиши, демак (албатта, агар кўмир анча арзонроқ сотилмаса).  Албатта, иссиқхоналар ва бошқа истеъмолчиларнинг кўмирга ўтиши шароитида кўмирга талаб кескин ошиши мумкинлигини ҳисобга олсак (бу ҳақида қарорда ҳам сўз борган), талаб ошиши билан нархлар кескин кўтарилиши мумкин. Шунинг учун кўмирни арзон нархларда харид қилишга умид қилиш қийин. Бундан ташқари, ҳужжат арзон кўмир импортини таъминлаш билан боғлиқ, яъни, уни жаҳон нархларида сотиб олиш керак бўлади.

Бироқ, энг ёмон янгилик — маҳсулот сифати  пасайиши, бу ҳозирги вақтда мева-сабзавотлар халқаро бозорида муваффақиятли рақобат учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Ва экология ҳақида ҳам гапирмасак бўлмайди. АҚШ Энергетика маълумотлари бошқармаси маълумотларига кўра, табиий газ ёндирилганда кўмирга нисбатан деярли 50% камроқ CО2 ажралади.

Айтиш жоизки, қарорда кўмирга ўтишда иссиқхона хўжалигини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўзда тутилган, бироқ улар “рақамлаштирилмаган” ва иссиқхоначилар барча муаммоларни кредитлар ҳисобидан ҳал қилиши керак бўлади. Агар соҳадаги кўплаб корхоналар аллақачон кўр миқдорда «кредитланганини» ҳисобга олсак, вазият мураккаб тус олади. Шу ўринда яна ҳужжатдан иқтибос келтирмоқчимиз:

«Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев):

тижорат банклари билан биргаликда кўмир ёқилғисига ўтказиладиган корхоналарга ускуналарни харид қилиш учун кредит маблағлари ўз вақтида ажратилишини таъминласин;

кўмир ёқилғисига ўтказилган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда кафолатланган рағбатлантириш чораларини кўриб борсин;

кўмир ёқилғисига ўтказилган корхоналарда импорт кўмир маҳсулотлари ҳамда тегишли ускуналарни олиб келишда юзага келадиган муаммоли масалаларни зудлик билан ҳал қилиб борсин;

маҳаллий иссиқхона хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларнинг асосий экспорт бозорларида рақобатбардошлигини ошириш мақсадида уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширсин».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон иссиқхона сабзавотларининг асосий харидори саналмиш Россия аҳолиси камайиб бораётган ва истеъмолчилар даромадлари пасаяётган бир пайтда ушбу мамлакатнинг энг юқори технологияли қишлоқ хўжалиги сектори мураккаб даврни бошидан кечирадиган кўринади.

EastFruit

East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин