Nak tuinbouw Roelofarendsveen gemaakt op :23-06-2010
Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда иссиқхона помидори рекорд даражада қиммат, нархлар пасайиши эҳтимоли кам
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда иссиқхона помидори рекорд даражада қиммат, нархлар пасайиши эҳтимоли кам

Ўзбекистонда иссиқхона помидори нархи ҳар ҳафта рекордларни янгилаб, тез суръатда ўсиб бормоқда. Охирги ойда ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари ўртача бир ярим баробар, йил бошидан эса деярли 70 фоизга ошди, дея қайд этмоқда EastFruit экспертлари.

Бозор иштирокчиларининг фикрича, бунинг асосий сабаби, январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда катта ҳосил бой берилганидир. Қолаверса, ушбу экиннинг вегетация даврини ҳисобга олсак, яқин орада мазкур турдаги маҳсулот нархи сезиларли даражада пасайиши эҳтимоли кам.

Сабзавотларнинг бошқа турлари билан бир қаторда, иссиқхона помидори нархлари йилнинг шу давридаги аномал паст ҳароратлари таъсирида кескин ўсди. 2023 йил январь ойининг иккинчи ўн кунлигида  қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача нархи 1 кг учун 12 000 сўмдан 19 000 сўмга, яъни, икки ҳафта ичида 27% га ошди. Январь ойининг учинчи ўн кунлигида совуқлар аста-секин чекиниб, шу ой охирида ҳарорат кундуз куни ва кечаси ноль даражадан юқорига кўтарилди. Ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари январь ойининг учинчи ўн кунлигида тахминан 19 000 сўм/кг даражасида сақланиб тургач, яна ўса бошлади. 3 февралдан 10 мартга қадар қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 18 000 дан 27 000 сўмгача, яъни,  50% га ўсди. Натижада, жорий йил бошидан 10 мартга қадар ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари 80 фоизга ошди.

2023 йилнинг 10 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,5 баробар ва 2021 йилнинг шу санасига нисбатан қарийб 2 баробар юқори бўлди.

Пушти иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари динамикаси шуниси билан фарқлики, январь ойи ва февраль ойининг биринчи ўн кунлигида ушбу маҳсулот нархи нисбатан барқарор бўлган бўлса-да, сўнгги бир ойда кескин ошган. 10 февралдан 10 мартга қадар пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 20 000 дан 33 000 сўмгача, яъни, бир ой ичида 65% га кўтарилди.

2023 йилнинг 10 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 2,8 баробар ва 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 2,2 баробар юқори бўлди.

Ўзбекистон мева-сабзавотларининг йирик экспортёрларидан бири — “GDF Export” компаниясининг тижорат директори Ҳусан Ҳайдаров фикрига кўра, январь ойидаги аномал совуқлар Ўзбекистонда иссиқхона помидори нархининг кескин ошишида асосий катализатор вазифасини ўтади. Бундан ташқари, ушбу экиннинг вегетация даврини ҳисобга олсак, яқин орада ушбу маҳсулот нархи сезиларли даражада пасайишини кутиш бефойда.

«Жорий йил январь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ ҳаво туфайли кўплаб иссиқхоначилар помидор ҳосилини бой берди. Совуқ пайтида кўплаб иссиқхона мажмуаларида газ босими кескин пасайди, чунки бу даврда бутун мамлакат бўйлаб табиий газ тақчиллиги мавжуд эди. Табиийки, ушбу иссиқхоналарда ҳарорат тушиб кетди, яъни, ҳарорат помидор ўсимлиги учун зарур бўлган меъёрлардан сезиларли даражада паст бўлиб, бу экиннинг нобуд бўлишига олиб келди. Бизнинг тахминий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда помидор ҳосилининг бой берилиши ўрта ҳисобда 50% дан 70% гачани ташкил этмоқда. Энг кўп зарар Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги иссиқхоналарда кузатилган”, дейди эксперт.

«Турлари, навлари ва етиштириш услуби ва шароитига қараб, бу экиннинг вегетация даври 85 дан 140 кунгача давом этади. Совуқдан кейинги нисбатан илиқ ҳарорат эса январь ойи охири ва февраль ойи бошларига келибгина кузатилди. Шу омилларни инобатга олсак, яқин келажакда Ўзбекистонда помидор нархи, албатта, агар арзонроқ нархларда импорт бўлмаса, сезиларли даражада пасайиши эҳтимоли кам«, дея хулоса қилди Ҳусан Ҳайдаров.

Шуни қайд этиш жоизки, иссиқхона помидори Ўзбекистон мева-сабзавот сегментидаги асосий экспорт позицияларидан бири ҳисобланади. Бироқ январь ойидаги аномал совуқ туфайли иссиқхона помидори нархининг тез кўтарилиши, ўз навбатида, ушбу маҳсулот экспорти сезиларли даражада пасайишига асосий сабаблардан биридир. Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь ойи бошидан март ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача Ўзбекистондан 9,2 минг тонна сархил иссиқхона помидорини экспорт қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоиз кам кўрсаткичдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин