Ўзбекистон бозорларида май ойининг учинчи ўн кунлигида шафтоли/нектариннинг биринчи улгуржи партиялари чиқди ва сўнгги икки ҳафта ичида ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархлари уч баробар арзонлашди. Бундан ташқари, EastFruit экспертлари хабар беришича, жорий нархлар ўтган йилги даражадан 33 фоизга паст.
EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 27 май санасидан 10 июнига қадар шафтоли/нектариннинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 60 000 дан 20 000 сўмгача, яъни роппа-роса уч баробар арзонлашган! 2022 йилнинг 10 июнь ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 33 фоизга паст ва 2020 йилнинг худди шу санасида қайд этилган нархларга тахминан мосдир.
Ўзбекистонда шафтоли/нектарин нархининг кескин пасайиши ўтган йилнинг шу даврида ҳам кузатилган – 2021 йилнинг 27 майидан 10 июнига қадар ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 55 000 дан 30 000 сўмга, яъни, 1,8 баробар пасайган. Бироқ, бу йил шафтоли ва нектариннинг оммавий йиғим-терим мавсуми бошида нархларнинг пасайиши ўтган йилга нисбатан анча кескин бўлди.
Бозор иштирокчилари ва ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермерларнинг фикрича, нархлар кескин тушиши эртаги навларнинг юқори ҳосили ва ўртапишар навлар ҳосилига нисбатан оптимистик умидлар ҳамда бунинг натижасида ички бозорда таклиф ҳажми ортиб бориши билан боғлиқ.
Шафтоли ва нектарин мева сегментида Ўзбекистон экспорт даромадининг муҳим манбаи бўлиб, ушбу позицияни ўз аҳамиятига кўра гилос экспорти билан солиштириш мумкин. Ҳар икки позиция ҳам сархил хўраки узумдан кейин иккинчи ўринда туради.
EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, Ўзбекистондан шафтоли ва нектариннинг жорий йилги оммавий экспорт мавсуми анча муваффақиятли бошланди. Ушбу маҳсулотларнинг биринчи партияларини жўнатиш ҳам май ойининг учинчи ўн кунлигида – биринчи улгуржи партиялар ички бозорда пайдо бўлган даврда бошланган. Мамлакат Божхона қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 20 майидан 14 июнига қадар Ўзбекистондан 1,7 минг тонна шафтоли ва нектарин экспорт қилинган. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар ва 2020 йилнинг айни даврига нисбатан 29 фоизга кўпдир. Агар 2020 йилда Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти ҳажми рекорд даражадаги 82,2 минг тоннага етганини инобатга олсак, жорий экспорт мавсумининг бошланишини анча муваффақиятли дейиш мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!