Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда голубика – катта сармоявий имконият
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда голубика – катта сармоявий имконият

EastFruitнинг Ўзбекистонда голубика етиштириш учун ажойиб имкониятлар борасидаги қатор семинар, тренинг ва мақолаларидан сўнг инвесторларнинг ушбу даромадли резаворни ўстиришга қизиқиши кескин ошди.

Биринчи навбатда, йирик ўзбек компаниялари голубика кўчатларини топишда кўмак сўраб, шунингдек, Ўзбекистон иқлим шароитида уни етиштириш технологиялари ҳақида маълумот олиш учун биз билан боғлана бошлади. Хусусан, 5 дан 10 гектаргача бўлган (кенгайиши эҳтимоли бор) майдонлар ҳақида сўз борди, зеро, инвесторлар Ўзбекистонда янги экинни тажрибасиз етиштириш жуда хавфли эканини яхши тушунишади.

Хорижлик сармоядорлар ҳам мамлакатда голубика етиштиришга қизиқиш билдира бошлашди. Хусусан, «Dunyo» нашри Испаниянинг Ideal Fruits компанияси Ўзбекистонда голубика плантацияларини яратишга қизиқаётгани ҳақида хабар берди. Мазкур компания  Испания ва Марокашда голубика етиштириш тажрибасига эга, яъни, ушбу мамлакатларда иқлим Ўзбекистон билан айнан бир хил бўлмаса-да, ўхшаш.

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Испаниянинг Сеговия ва Астурия вилоятларида резавор етиштириб сотувчи Ideal Fruits компаниясининг голубика плантацияларига ташриф буюришди ва шу соҳада ишлаётган ўзбек тадбиркорлари билан компания раҳбарияти ўртасида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Dunyo» нашри.

Музокаралар чоғида Ideal Fruits компанияси бош директори Давид Муньос Паскуаль резавор бозорининг жадал ривожи ҳақида батафсил сўз юритди. Паскуалнинг айтишича, жаҳонда, хусусан, голубикани бозорга йил бўйи етказиб беришни таъминлаш учун уни турли минтақаларда етиштиришга эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Минтақа иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда голубика ҳосили ёзнинг боши (июнь-июль)да резаворларга бўлган талабни қондира олади. Ва республикада голубика ҳосилини йиғиш жуда қулай экспорт даврида амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, EastFruit экспертларининг фикрича, Ўзбекистон иқлим шароитига кўра, голубиканинг эртаги навлари бозорга жанубий вилоятлардан анча аввалроқ етказиб берилиши мумкин. Май ойидан июлгача эса голубика ҳосилини Фарғона водийсида йиғиб олса бўлади. Шу боис, мамлакатда мазкур турдаги резаворни йиғиш ва сотиш мавсуми анча узоқ давом этиши мумкин ва бу ҳам голубика етиштириш Ўзбекистон учун фойдали бизнес эканини билдиради.

Испания компанияси раҳбарининг қайд этишича, бошқа минтақадаги резаворлар сингари бу ерда голубика етиштириш потенциали анча юқори бўлиши ва агар иш тўғри ташкил этилса, корхона ўз фойдасини тезда чиқариб олиши керак. Испания томони голубиканинг мос турини танлаб, бу ҳосилни етиштириш бўйича тўпланган тажрибани жорий этиш йўли билан амалга ошириладиган қўшма лойиҳада иштирок этиш, сўнгра бутун ҳосилни кафолатланган тарзда сотиб олишга тайёр эканини билдирди.

Ўз навбатида, «Нурли оқшом тонгги» МЧЖ вакили Жамшид Хўжаев хориж томонига Тошкент вилоятидаги голубика плантациясини яратиш бўйича пилот-лойиҳани амалга ошириш борасидаги тажриба ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, Ўзбекистон томони испан компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.

Музокаралар чоғида компаниянинг Тошкент, Жиззах, Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги бўлимларидан бирида қўшма лойиҳани амалга ошириш таклиф қилинди. Шундан сўнг томонлар маҳаллий бозорнинг ушбу маҳсулотга бўлган талабини ўрганиш, шунингдек, лойиҳа учун таклиф қилинган минтақалардаги иқлим тақвими тўғрисида маълумотлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонга голубиканинг синов партиясини юборишга келишиб олишди.

EastFruit маълумотларига кўра, Ўзбекистон бозорининг ушбу резаворга бўлган эҳтиёжини ўрганиш учун голубика партияларини юборишга ҳожат йўқ. Зеро, голубика узоқ вақтдан буён Ўзбекистон супермаркетлар тармоғида фаол сотилмоқда. Бундан икки йил аввал биз голубика хариди Ўзбекистоннинг бой аҳолиси орасида урф бўлгани ва у фаровонликнинг ўзига хос рамзига айлангани ҳақида ёзган эдик. Зеро, бугунги кунда ҳатто тўй дастурхони ҳам голубика билан безатилмоқда. Шу боис, мамлакатга голубика импорти тобора ортиб боряпти, ҳатто Украина 2021 йилда уни Ўзбекистонга экспорт қила бошлади.

Шунга кўра, биз мамлакатда Испания компаниясининг голубика етиштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича аниқ маълумотлар йўқ, деган хулосага келишимиз мумкин. Қолаверса, шундай тасаввур пайдо бўлмоқдаки, Ideal Fruits компанияси  Ўзбекистонда бу йўналишда бизнес яратиш имкониятларини ҳозирча жиддий ўрганмаган. Бироқ, Испания Россияга голубика етказиб бера олмаслигини ҳисобга олсак, у ерда мазкур резаворнинг нархи жаҳондаги энг юқори нархлардан бири бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда компаниянинг плантацияларини барпо этиш эса Россиядаги голубика бозорига кириш муаммосини ҳал этишга ёрдам беради. Зеро, Ўзбекистон айни пайтда Россияга мева-сабзавотларни ҳеч бир чекловларсиз етказиб бериши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин