EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, Ўзбекистондаги 2021 йилги қулупнай мавсуми жуда қисқа давом этди. Энг оммавий резавор мавсуми бу сафар 2020 йилга нисбатан камида икки ҳафтага қисқарди. Шу билан бирга, қулупнай нархи ўтган йилга қараганда анча юқори бўлди.
Биринчи йирик қулупнай партиялари 2021 йил апрелининг учинчи ўн кунлиги бошида Ўзбекистон пойтахтининг улгуржи бозорларида пайдо бўлиб, мавсум июнь ойи бошларида якунланди. 2020 йилда эса ушбу резавор улгуржи бозорларда 20 июнга қадар сотилган эди.
Бутун йил давомида Ўзбекистонда қулупнай етиштириш учун шароитлар етарли эканига қарамай, бу мева Ўзбекистон бозорида атиги бир ярим ой давомида мавжуд бўлди.
Меваларни сотиш муддати қисқарганлиги юқори нархлар эвазига фермерларнинг меҳнати ва харажатларини қисман қоплади – жорий мавсумда 1 кг қулупнайнинг ўртача улгуржи нархи 60 минг сўм ($5,7) билан бошланиб, кг учун 20 000 сўм ($1,9) нарх билан тугади. Бир йил аввал нархлар кг учун 2 доллардан ошмаган ва ҳатто кг учун 1,2 долларга ҳам тушган эди.
2020 йилда ўртача улгуржи нархлар мавсум охирига келиб, 25 фоиз ўсган бўлса-да, улар 2021 йилда қайд этилган даражадан паст бўлган.
Ўзбекистонда 2021 йилги қулупнай мавсуми қўшни Тожикистон билан солиштирилганда ҳам қисқа бўлди. Бу мамлакатдаги иқлим шароити ушбу резаворни етиштириш учун Ўзбекистон билан деярли бир хил. Шу билан бирга, Ўзбекистонда мазкур турдаги мева учун улгуржи нархлар бу мавсумда ҳам, ўтган йилгисида ҳам қўшниларникига қараганда анча юқори бўлди.
EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, йилдан-йилга об-ҳаво шароитлари ўзгариши, турли аномалиялар омилини ҳисобга олмаганда, мавсум давомийлиги ва нархлар даражасидаги фарқларнинг асосий сабаби шундаки, Тожикистонда қулупнайни ёпиқ ва очиқ шароитда етиштириш анча ривожланган. Бу мамлакатда кўп йиллардан буён мазкур резаворнинг Aмерика ва Европадан келтирилган навлари экилади, улар ҳосилдор бўлиб, таъми ҳам бошқа навлар сингари ажойиб.
Бироқ, Тожикистоннинг асосий камчилиги – маҳсулотга экспорт учун ишлов бериш ва қадоқлаш технологиялари етишмовчилиги ҳамда меваларни чуқур ёки шок усулида музлатиш йўқлигидир. Ваҳоланки, резаворлар шундай нархларда экан, уларга ишлов бериш мамлакат резавор бизнеси ривожига туртки бериши мумкин эди.
Шунингдек ўқинг: Голубика Марказий Осиё мамлакатлари учун энг даромадли ўсимлик бўлиши мумкин
EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, Ўзбекистон замонавий технологияларни жорий этиш, қулупнайнинг ҳосилдор навларини танлаш ва уни иқлимга мослаштириш, шунингдек, қишда экспорт қилиш учун иссиқхонада қулупнай етиштиришга эътибор қаратиши лозим. Иссиқхонада қулупнай етиштириш ва уни йил давомида экспорт қилишга доир мисолни Сергей Ястребнинг мана бу тақдимотида кўриш мумкин.
Дарвоқе, бу фикр барча резавор экинларига тааллуқли. Aхир, резаворлар жаҳон мева-сабзавот бозорининг энг тез ўсиб бораётган сегменти ҳисобланади. Жаҳон мевалари савдоси йилига ўртача 8% ўсмоқда. Мисол учун, резаворларнинг экспорт савдоси анча яхши сақланадиган ва ташиладиган олманинг халқаро савдосидан ошиб кетган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда резаворларнинг ҳар хил турларига нисбатан ички талаб доимий равишда ўсиб бормоқда.
“Россия сархил резаворлар импортини, айниқса, мавсумлараро импортни доимий равишда кўпайтириб бормоқда. Бу, Россияда резаворлар нархи юқори ва Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда бошқа Марказий Осиё мамлакатларида резваорлар пишиб етилиши мумкин бўлган бир даврда юз бермоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, импорт бўйича биринчи ўринни қулупнай, иккинчи ўринни голубика эгаллайди ва голубика ҳозир энг даромадли резавор экин ҳисобланади. Тушунарсиз сабаларга кўра Марказий Осиёлик фермерлар бу резавор билан қизиқишмаяпти», деди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестиция департаменти иқтисодчиси Aндрий Ярмак.
«Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, резаворларда BRIX даражаси юқори бўлиши учун Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида жуда яхши об-ҳаво шароити ҳамда қулупнай етиштиришда қулай ишчи кучи мавжудлиги экспорт учун музлатилган резаворлар етиштириш катта истиқболли бизнес эканлигини англатади. Музлатилган резаворлар реализацияси яна бир муҳим муаммони ҳал қилади – бу узоқ масофага логистиканинг мураккаблиги масаласидир. Зеро, музлатилган меваларни узоқ вақтгача сақлаш ва жаҳоннинг исталган мамлакатига етказиб бериш мумкин», дейди Aндрий Ярмак.
Ҳозирча Россияга сархил резаворларнинг асосий етказиб берувчилари – Марокаш, Сербия, Туркия, Перу, Мексика, Миср, Aрманистон, Чили, Молдова ва Грузиядир. Марказий Осиё мамлакатларидан ҳеч бири, Россия Федерациясига ҳатто энг йирик резавор етказиб берувчилар йигирматалигида ҳам йўқ.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!