2024 йилда Ўзбекистон бўйича илк бор қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири амалга оширилади ва 2022 йилнинг август ойида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг тажриба босқичи ўтказилиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.
Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг 26 февралида қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат ҳужжатига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда 2024 йилги қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат рўйхатидан ўтказиш концепцияси ва 2024 йилда ушбу соҳада Рўйхатдан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги фаолиятининг қуйидаги асосий кўрсаткичларини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади:
- қишлоқ хўжалиги объектларининг иқтисодий фаолият турлари;
- меҳнат ресурслари ва уларнинг демографик тавсифлари;
- ер ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
- қишлоқ хўжалиги экинлари майдони,
- кўп йиллик дарахтзорлар ва токзорлар майдони;
- иссиқхоналар майдони;
- минерал ва органик ўғитлар солиш миқдори;
- чорва моллари ва паррандалар бош сони;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ҳажми;
- қишлоқ хўжалиги техникалари, машина ва ускуналари сони;
- ишлаб чиқариш инфратузилмаси, техника воситалари ва технологиялар ҳолати;
- махсус омборхоналар ва сақлаш жойларининг сони, сиғими;
- мавжуд қайта ишлаш қувватлари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
- қишлоқ хўжалигида кўрсатилаётган хизматлар тури, ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш, якуний натижаларни эълон қилиш қуйидаги асосий вазифаларни назарда тутган ҳолда уч босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич (2022 — 2024 йиллар):
- рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тамойиллари ҳамда методик асослари, рўйхатдан ўтказишга доир бошқа масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш;
- автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;
- синов асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш, натижаларини таҳлил қилиш;
- рўйхатдан ўтказиш тадбирларида иштирок этувчи ходимларни ўқитиш;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишларни амалга ошириш;
иккинчи босқич (2024 йил) — бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбирини амалга ошириш;
учинчи босқич (2024 — 2026 йиллар) — рўйхатдан ўтказишга доир маълумотларни қайта ишлаш, дастлабки ва якуний натижаларни олиш ҳамда эълон қилиш.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга сифатли тайёргарлик кўриш мақсадида 2022 йилнинг август ойида Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Паркент туманида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш белгиланди, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.
Режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш учун Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ФAОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига синов тариқасида рўйхатга олишни ўтказишда техник ёрдам кўрсатишни сўради. Шу муносабат билан ФAОнинг Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги статистикаси тизимини такомиллаштиришга ёрдам берадиган “Қишлоқ хўжалигини синов тариқасида рўйхатга олишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш борасида дала ишларини олиб бориш методологияси бўйича Давлат статистика қўмитаси ходимлари учун тренинглар ташкил этилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сайтида хабар берилди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) Европа ва Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг статистика бўйича мутахассиси Георгий Квиникадзе Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида синов тариқасида рўйхатга олишга тайёргарлик жараёнига кўмак кўрсатиш учун таклиф етилди.
Барча материалларни ўрганар экан, Георгий Квиникадзе шундай деди:
– Ўзбекистонга ташрифим давомида Давлат статистика қўмитаси томонидан синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш учун тайёрланган, ишлаб чиқилган методологиянинг халқаро стандартларига мос келиши керак бўлган сўровномалар, анкеталар, қўлланмалар, йўриқномалар ва бошқа материаллар билан танишдим. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатга олиш соҳанинг асосий статистикасини тўплашнинг муҳим воситасидир. Рўйхатга олиш жараёнида мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи барча субъектларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилади. Ягона дастур ва методика асосида ўтказиладиган комплекс статистик текширув қишлоқ хўжалигининг ҳолати ва тузилиши, унинг ресурс салоҳиятининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш тўғрисида энг тўлиқ ва холис маълумотларни тақдим этади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!