Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда етиштирилган лимонни Хитойга экспорт қилиш учун рухсатнома олинган.
Мазкур хабарда қайд этилишича, ушбу цитрус мева жаҳоннинг 15 га яқин мамлакатига, жумладан, Хитой Халқ Республикасига экспорт қилинади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Хитой Божхона бош бошқармаси ўртасида фитосанитария талаблари ва назорати бўйича протокол ўтган йили имзоланган эди, деб ёзмоқда “Nuz.uz”.
Навбатдаги мулоқот натижаси сифатида Хитойга экспорт амалга ошириладиган қадоқлаш цехларини аниқлаш бўлди.
Ўзбекистонда лимоннинг, асосан, «Мир» ва «Майер» навлари етиштирилади.
Ушбу турдаги цитрус мева ҳосили октябрь-ноябрь ойларида йиғиб олишга тайёр бўлади ва уни сақлашда зарур шарт-шароитлар яратилса, май ойига қадар ҳам даромад олиш мумкин.
Бугунги кунга қадар республика ҳудудидаги 10 га яқин қадоқлаш корхонаси, 100 дан ортиқ иссиқхона Хитой фитосанитария хизмати талабларига жавоб бера олиши тасдиқланган.
2022 йил бошидан буён Ўзбекистондан 3 минг тоннага яқин лимон экспорт қилинди.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари олиб борган музокаралар натижаси ўлароқ, Ҳиндистон, Япония, Мьянма, Латвия, Гана, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон ва МДҲ давлатлари бозорлари лимон экспорт учун очиқ.
Ўзбекистон ва Хитойнинг фитосанитария хизматлари мамлакатда етиштирилаётган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳам музокараларни давом эттирмоқда, дейилади хабарда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!