Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари картошкачилик соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш бўйича бир қатор илмий изланишларни олиб бормоқда. Бундай ёндашув картошкани маҳаллий шароитга мослаштириш жараёнини фаоллаштиришга имкон беради. Институт олимлари томонидан ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган, касалликка, иссиққа, қурғоқчиликка чидамли эртаки, ўртаки ва кечки юқори ҳосил берадиган картошка навларини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда, дея хабар бермоқда Қишлоқ хўжалигининг матбуот хизмати.
Навлар ҳақида
Бугунги кунда республикада экиш учун тавсия этилган ва қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган картошканинг 131 га яқин навлари бўлиб, шундан, 19 та нави маҳаллий илмий-тадқиқот институтлари томонидан яратилган. Ушбу 19 навдан 11 таси Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ навлари ҳисобланади. Булар картошканинг “Тўйимли” (1995-й.), “Aқраб” (1996-й.), “Диёра” (2008-й.), “Кўксарой” (2011- й.), “Серҳосил” (2011-й.), “Пском” (2012-й.), “Сарнав” (2012-й.), “Умид 2” (2013-й.), “Барака” (2016-й.), “Феруза” (2019-й.), “Боғизағон” (2020-й) навларидир. Улар институт селекционер олимларининг кўп йиллик тадқиқотлари ва ҳамкорлиги натижасида ихтиро қилиниб, экиш учун тавсия этилган ва Давлат реестрига киритилган. Шунингдек, институтнинг Биотехнология лабораториясида 10 дан зиёд маҳаллий картошка навлари микротуганаклари in-vitro усулида етиштирилмоқда.
Таъкидлаш керак, бугунги кунда институтда 200 дан ортиқ картошка генофонди тирик ҳолатда сақлаб келинмоқда. Ушбу генофондда маҳаллий навлар билан бир қаторда Голландия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Венгрия, Хитой, Россия, Белорусия сингари давлатлар навлари ҳам бор.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон Трансафғон темир йўли қурилиши учун 5 миллиард доллар сармоя киритмоқда
Халқаро ҳамкорлик
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ қуйидаги ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган:
– Россия Федерациясининг A.Г.Лорх номидаги Бутунроссия картошкачилик хўжалиги илмий-тадқиқот институти;
– Белорусия Миллий Фанлар академиясининг Картошкачилик ва мева-сабзавотчилик илмий-амалий маркази;
– Хитойнинг Zhengbei bayuan potato development Co. LTD компанияси;
– Венгриянинг «Hungarian University of Agriculture and Life Sciences – Potato Research Center» маркази.
Ҳар йили дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида 376,9 млн тоннадан ортиқ картошка етиштирилади. Энг йирик ишлаб чиқарувчи давлатлар Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, AҚСҲ, Германия, Бангладеш, Польша, Франция ва Голландия давлатлари ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу давлатлар орасида 23-ўринни эгаллайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!