Ўзбекистон хўраки узумининг экспорт мавсуми июнь ойининг иккинчи ярмида бошланади ва келгуси йилнинг мартига қадар давом этади. Ушбу маҳсулотни ташқи бозорларга жўнатишнинг энг фаол даври эса июлдан ноябргача бўлган муддатдир. Мазкур беш ойнинг умумий улуши бутун мавсум учун жами экспорт ҳажмининг тахминан 80-90%ини ташкил этади. 2021 йилнинг июнь-ноябрь ойларидаги дастлабки натижалар жорий йилда ўзбек узумини ташқи бозорларга жўнатишнинг рекорд ҳажми ва арзон нархларидан далолат беради, дейди EastFruit таҳлилчилари.
Республика Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг июнь ойи бошидан ноябрь ойи охирига қадар Ўзбекистон 197,1 минг тонна хўраки узум экспорт қилган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоиз кўп кўрсаткичдир.
Жисмоний жиҳатдан 2021 йилнинг июнь-ноябрь ойларидаги экспорт ҳажми ўтган йиллардаги йиллик кўрсаткичлардан 40 фоиздан кўпроқ ошиб, камида охирги беш йил ичида рекорд кўрсаткичга етди.
Жисмоний жиҳатдан юқори суръатда ўсишга қарамай, экспорт тушумларининг ўсиши анча паст бўлди. 2021 йилнинг июнь-ноябрь ойларида Ўзбекистон узуми экспортидан тушган даромад 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоиз, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан эса 22 фоиз ошди.
Жисмоний жиҳатдан экспорт ҳажмининг ўсиши ва даромад миқдоридаги бундай фарқ жорий йилда Ўзбекистон узумини ташқи бозорларга жўнатиш нархлари 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 30 фоиз арзонлашгани билан изоҳланади. Қолаверса, бу кўрсаткич, мана, иккинчи йилдирки, пасайиб бормоқда. Агар 2019 йилнинг июнь-ноябрь ойларида ўртача экспорт нархи 1,03 $/кг бўлган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида 0,96 $/кг ни ташкил этди, 2021 йилнинг июнь-ноябрь ойларида эса кескин пасайиб, 0,68 $/кг гача тушди.
Экспорт географияси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг июнь-ноябрь ойларида Ўзбекистондан умумий узум экспортининг 98 фоизи уч давлат – Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига етказиб берилган. Шу билан бирга, экспортнинг қарийб 50 фоизи Россия улушига, 35 фоизи Қозоғистон ва 13 фоизи Қирғизистон улушига тўғри келади. Сархил узум экспортининг яна 1 фоизи Беларусь (0,6%) ва Украина (0,4%)нинг умумий улушига тўғри келади. Бундан ташқари, Германия, Мўғулистон, Молдова ва Латвияга ушбу маҳсулотнинг 100 тоннагача бўлган кичик партиялари етказиб берилди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!