Ўзбекистон Aфғонистон билан чегара ҳудудда 500 миллион долларлик товар айланмасига эга Термиз халқаро савдо марказини қурмоқчи, бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади.
Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари бўлиши мўлжалланган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган.
Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, хизматлар ҳажми 10 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. 192 миллион долларлик экспорт қуввати пайдо бўлади.
Марказнинг қурилиш ишларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилди.
Термиз халқаро савдо марказини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!