Ноябрь ойида Олмаотадаги (Қозоғистон Республикаси) Индустриал зона яқинидаги улгуржи-тарқатув маркази қурилиши бошланади. Бу хусусда Шаҳар тадбиркорлик ва инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дамир Тазабек маълум қилди.
«Жорий йилнинг ноябрь ойида Олмаота Индустриал зонаси яқинидаги 17 гектар майдонда «Миллий савдо ва тарқатиш тармоғи» ТОО тарқатув маркази қурилишини бошлаш режалаштирилган. Марказ 2023 йил бошида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда», деди Тазабек.
Унинг таъкидлашича, лойиҳа давлат-хусусий шериклик доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳага йўналтирилган сармоя 35 миллиард тенгени ташкил этади. ElDala.kz хабарига кўра, бу марказ бутун мамлакат бўйлаб 24 та улгуржи-тарқатув марказларидан иборат Миллий тарқатиш тизимининг бир қисмига айланади.
УТМнинг ишга туширилиши озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, сотиш ва тарқатишнинг янги технологиясини яратиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, мева-сабзавот етиштириш (жумладан, суғориладиган ерларда) кўпайишига туртки бўлади.
Қозоғистон Республикасида сабзавот омборларини қуриш ва модернизациялаш режаси ишлаб чиқилмоқда. Бугунги кунда сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун етарли имкониятлар фақат Атирау, Жамбил, Қарағанда, Костанай, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида мавжуд. Шу билан бирга, Ақтўбе вилоятида узоқ муддатли сақлаш қуввати танқислиги 79%, Ғарбий Қозоғистон вилоятида – 56%, Шарқий Қозоғистон вилоятида эса 50%дан зиёддир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!