Лейбниц Ўсимликлар биокимёси институтидаги немис олимлари ўсимликларнинг генетик модификациялари борасида тажриба ўтказишмоқда. Олимларнинг вазифаларидан бири ўсимликларнинг вазифаларини кенгайтиришдир. Зеро, бу мақсад амалга ошса, ўсимликлар ғайриоддий ва янги моддаларни ҳам синтез қила олади. Шундай қилиб, олимлар яқинда бинафшаранг помидор етиштиришди.
Помидор бу рангни қизил лавлаги ва бошқа бир қанча ўсимликларда мавжуд бетанин синтези туфайли олган, дея хабар беради SEED нашри.
Тажрибадан мақсад, янги помидор навини яратиш эмас, балки ген инженерияси усулларини такомиллаштириш эди. Ўсимликлар янги моддалар, хусусан, тиббиётда қўлланадиган моддаларни ишлаб чиқиш учун яхши тизимдир. Ўсимликларнинг генетик модификацияси бўйича ўтказилган тажрибалар дори ва вакциналар яратишда ёрдам беради.
Янгича натижага эришиш учун олимлар помидор кодига тўртта янги ген ва бир нечта ген калитларини қўшишди. Бу эса бутунбошли ўсимликка эмас, фақат мевага бинафша рангини бериш имконини яратди. Тажриба олимларнинг инструментарийсини такомиллаштиришга мўлжалланган бўлса-да, бинафшаранг помидор истеъмол учун яроқли экани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Япониянинг Sanatech Seed компанияси тадқиқотчилари маҳсулот истеъмол қилинганда қон босимини тушириш учун унинг геномини таҳрирлашди. Sicilian Rouge High GABA навли помидор оддийсига қараганда беш баробар кўпроқ гамма-аминоёғ кислотасини жамлаган. Айнан шу кислота қон босимини меъёрига келтиради. Компаниядагиларнинг қайд этишича, ген ўзгариши бу ГМО эмас, чунки, бу ерда маҳсулотнинг ўз кодини ўзгартириш ҳақида сўз бормоқда.
Генетик модификациялашда эса ўзга организмларнинг генларидан ҳам фойдаланилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!