Аgrobiznes.md медиа-платформаси USAID APM билан ҳамкорликда Теkwill – USAID ва Швеция лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалигига оид биринчи рақамли кутубхонани ишга туширди. Кутубхона қишлоқ хўжалиги мутахассислиги бўйича таълим олаётган ёшлар, фермерлар ва аграр секторнинг бошқа вакилларини замонавий ишлаб чиқариш технологиялари тўғрисида ишончли маълумот манбалари, қўлланма ва йўриқномалар билан таъминлайди. Бу хусусда МОЛДПРЕС хабар бермоқда.
Аgrobiznes.md компаниясининг тараққиёт бўйича директори Луминица Кривой кутубхона барча платформа учун қулай эканини, унга мамлакат ва хориждаги энг яхши мутахассислар ишлаб чиққан қўлланма ва йўриқномалар интеграция қилинишини айтди.
«Ҳар бир фойдаланувчи керакли маълумотларни юклаб олиши ва танланган мавзуга қараб, шунга ўхшаш материалларни топиши мумкин бўлади», дейди Кривой.
Рақамли технологиялардан фойдаланиш замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасида билимлар алмашинувининг зарурий шарти ҳисобланади. Айниқса, COVID-19 туфайли жисмоний фаоллик ва ўзаро алоқалар чекланган бир шароитда маълумотларни онлайн шаклда топиш муҳимдир.
«Узлуксиз таълим, қишлоқ хўжалиги амалиётига янги услублар ва инновацион технологияларни жорий этиш – қишлоқ хўжалиги бизнесини муваффақиятли ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг муҳим шартлари ҳисобланади. Шу мақсадда USAID Аgrobiznes.md ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги йўналишидаги рақамли кутубхонани жорий этди. Ушбу кутубхона қишлоқ хўжалиги бўйича маълумотларни олишда хавфсиз платформага айланади ва Молдовадаги кенг аудитория учун қимматли ўқув материалларини тақдим этади. Яна ҳам аниқроғи, ундан мамлакатда бизнесни ривожлантиришдан манфаатдор деҳқонлар, ёшлар, илмий доиралар ва диаспоралар фойдаланади. Бу ташаббусга ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва маҳаллий ташкилотларнинг аксарияти қўшилганидан мамнунмиз. Фермерлар ҳамда талабалар учун мавжуд таълим ресурслари ҳажми доимий равишда ўсиб бораётгани ҳам қувонарли. Ишончимиз комилки, қишлоқ хўжалиги бўйича онлайн-кутубхона Молдова қишлоқ хўжалиги сектори учун қимматли рақамли воситага айланади. Энг муҳими, инновацияларнинг жадаллашувига кўмаклашиб, соҳага энг янги технологияларни жорий этиш имконини беради», дея қайд этди USAIDнинг Молдовадаги миссияси раҳбари.
Статистик маълумотларга кўра, бугун 850 минг нафардан зиёд молдоваликлар қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқда ва улар ҳар йили мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 13 фоизини ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!