Кишинёвда GLOBALG.A.P (5.2 ва 5.3 – GFS версиялари)нинг маҳсулот хавфсизлиги ва GRASPнинг ижтимоий масъулият стандартларига мувофиқ, 2021 йилда технологик ҳамда бизнес жараёнларини модернизациялаш жараёнидан ўтган 15 мева етиштирувчига сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Ҳозирги пайтда Молдовада GLOBALG.A.P сертификатлари амал қиладиган 100 дан ортиқ, GRASP сертификатлари бўйича эса – 40 та мева-сабзавот етиштирувчи мавжуд. Бу кўрсаткич бўйича Молдова Шарқий ва Жануби-Шарқий Европанинг кўплаб давлатларидан олдиндадир.
Ҳар йили мамлакатда 20-30 га яқин қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари (асосан, мева етиштирувчи сектор) GLOBALG.A.P. бирламчи сертификатлаш ёки тасдиқлаш тартибидан ўтади. Ўтган йили мутахассислар сертификатлаш кўламининг бироз пасайишини ўзига хос об-ҳаво шароитлари – узоқ вақт давомида ҳаддан зиёд ёғингарчилик бўлгани, кучсиз чангланиш каби омиллар билан боғлашди. Ушбу шароит туфайли мамлакатнинг кўплаб турдаги меваю резаворлари сифати яхши бўлмади.
Шунингдек ўқинг: 2022 йил учун агро-прогноз: нархларнинг рекорд даражада ўсиши, ўғитлар танқислиги, ҳосилдорлик пасайиши ва ишчи кучи етишмовчилиги
GLOBALG.A.P ва GRASPнинг молдовалик мева етиштирувчилар орасида оммалашиши туфайли 2021 йили аввалги мавсумга нисбатан EИга данакли мевалар экспорти тахминан 30% ошди. Хусусан, олхўри ва ўрик экспорти қарийб 28 минг тоннани ташкил этди. GLOBALG.A.P ва GRASP сертификатига эга боғбон-экспортёрлар, асосан, супермаркетлар тармоғига мевалар етказиб беради. Ушбу супермаркетларнинг бари ҳамкорларида мазкур турдаги ҳужжатлар борлигини рақобатдош устунлик деб билади.
Молдова мева етиштирувчилари биринчи GLOBALG.A.P сертификатини 2005 йилда олган. АPM/USAID «Молдованинг ривожланган қишлоқ хўжалиги» лойиҳаси бўйича кўрсатган молиявий ва консалтинг ёрдами туфайли жадал сертификатлаш жараёни бундан беш йил аввал бошланди. Молдовада ҳар икки стандарт бўйича сертификатлашни икки компания – SGS Моldovа ва CERS амалга оширади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!