Бир аср давомида глобал ҳароратнинг Цельсий бўйича 5 даражага ошиши салкам ҳалокатли глобал иқлим ўзгаришидир.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида фаолият юритаётган иқлим ўзгариши бўйича халқаро экспертларнинг фикрига кўра, кейинги асрда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 5 даражага ошиши мумкин. Бу салкам ҳалокатли ўзгаришдир ва шунинг учун турли давлатлар ҳарорат кўтарилиши таъсирини камайтириш мақсадида зарарли газлар чиқишини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, жаҳон экспертлар ҳамжамиятида глобал ҳароратнинг Цельсий бўйича 2 даражадан зиёд ошишига йўл қўйиб бўлмайди, деган якдил фикр мавжуд – шу доирада глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш мумкин. Бироқ, бугунги кунда барча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳарорат кўтарилишини ушбу доирада ушлаб туриш иложсиз экани билан боғлиқ катта хавф мавжуд”, деди USAIDнинг Украинадаги Аграр ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастури – АГРО директори ўринбосари Андрей Заика “Иқлим ўзгаришига мослашиш ва ўзгарувчан иқлим шароитида мева-сабзавот экинларини етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари” деб номланган веб-форумда.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда БМТга аъзо давлатлар зарарли газлар чиқиндилари ва уларнинг иқлим ўзгаришига таъсирини камайтириш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга асос бўлган Париж битимини имзолаган эди. Бир аср ичида глобал ҳароратнинг Цельсий бўйича 2 даражадан зиёд кўтарилишига йўл қўймасликни мақсад қилган ушбу битимни Украина биринчилардан бўлиб ратификация қилган.
“Ўтган йили Украина иқлим ўзгариши жараёнига ушбу мамлакатнинг таъсири бўйича чора-тадбирлар мажмуини белгилайдиган Париж келишувига иккинчи миллий улушини қўшди. Ушбу улушнинг жуда муҳим элементи иқлим ўзгаришига мослашувдир. Бундан ташқари, миллий даражадаги муҳим элемент ҳукумат томонидан ўтган йили Экологик хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига мослашиш стратегиясининг қабул қилиниши ҳисобланади. Бу асос ҳужжат бўлишига қарамай, Стратегия режасида яқин келажакда амалга ошириладиган қатор қадамлар белгиланган. Хусусан, бу иқтисодиётдаги турли тармоқларнинг иқлим ўзгаришига заифлигини баҳолаш ва уларни ўзгаришларга мувофиқ мослаштириш бўйича режаларни ишлаб чиқиш дегани”, дейди USAIDнинг Аграр ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастури – АГРО директори ўринбосари.
«Украинада бугунги кунда иссиқлик таъминотига талаб юқори бўлган деярли барча экинларни етиштириш мумкин».
Укргидрометеорология марказининг агрометеорология бўлими бошлиғи Татьяна Адаменконинг қайд этишича, кўпчилик экспертлар зарарли газ чиқиндиларининг кўпайиши глобал ҳарорат ошишига сабаб бўлганига қўшилади, аммо мутахассислар буни табиий ҳодиса деб билишади.
Мутахассис, шунингдек, глобал исиш жараёнини тўхтатиш учун 2030 йилга бориб, 2010 йилги даражага нисбатан зарарли газ чиқиндиларининг глобал даражасини 45 фоизга камайтириш зарурлигини маълум қилди.
“Украинадаги иқлим ўзгаришининг ёрқин мисоли 2019-2020 йиллар бўлди, бу йиллар ўн йиллик фавқулодда исишни якунлади ва ушбу даврдаги энг иссиқ йиллар бўлди. Қайд этилган йилларда Украинада ўртача йиллик ҳарорат Цельсий бўйича 3 даражага кўтарилди.
Глобал ҳароратнинг ошиши турли хил экинларни етиштиришда самарали деб аталадиган ҳарорат тўпланишига олиб келади, бу эса ўсимликларнинг тўғри ривожланишига имкон бермайди. Украина учун классик мисол – ўрик. Глобал ҳарорат ошиши билан у декабрь, январь ёки февраль ойларида самарали ҳароратни тўплайди, бу эса дарахтларнинг ўта эрта гуллашига олиб келади – ушбу даврда, табиийки, чанглатувчилар ва ўртача суткалик ҳарорат чегараси мавжуд бўлмайди», дейди Татьяна Адаменко.
Укргидрометеорология маркази агрометеорология бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, ҳарорат Цельсий бўйича 2 даражага кўтарилганидан сўнг барча экинлар ҳосилдорлиги 20 фоиздан кўпроқ пасайиши, 3-4 даража иссиқ бўлганда эса 30 фоизга камайиши мумкин.
Татьяна Адаменко, шунингдек, бугунги кунда Украинада бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳароратининг барқарор кўтарилиши кузатилаётганини айтди. Максимал ҳарорат 2011-2019 йилларнинг ёз мавсумида максимал кўтарилди.
Шу муносабат билан, бугунги кунда Украинада иссиқлик таъминотига талабгир бўлган деярли барча экинларни етиштириш мумкин.
“Украина бўйлаб мева-сабзавот экинларини етиштириш учун етарли иссиқлик мавжуд, ҳарорат янада ошиши ривожланиш даврларининг давомийлиги ва ҳосилдорлик ўзгаришига таъсир этади. Сабзавот экинлари учун бу жуда яхши – суғориш йўли билан йилига бир неча бор ҳосил олиш мумкин. Шу билан бирга, глобал ҳарорат ошишининг умумий тенденцияси мева-сабзавот экинлари сифатига анча ижобий таъсир кўрсатади ва уларни етиштириш майдони пишиб етилиш учун зарур бўлган иссиқлик миқдорини олган ҳолда аста-секин кенгайиши мумкин.
Шу билан бирга, йилнинг қишки даврида музлаш туфайли мева-сабзавот экинларини совуқ уриши ва уларнинг шикастланиши хавфи камаяди», дейди Татьяна Адаменко.
Ҳарорат кўтарилишининг салбий таъсири, мутахассиснинг фикрига кўра, ҳароратнинг кескин ўзгариши туфайли тобора кучайиб бораётган кўп йиллик дарахтларнинг стрессларга қарши тура олишини камайтириш бўлади.
“Яъни, ушбу тебранишларга мослашиш учун ўсимлик ресурслари сарфланади, бу келгусидаги ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, ёзги-кузги қурғоқчилик билан боғлиқ хавфлар кучаяди, унинг салбий таъсири нафақат жорий йил, балки кейинги йил ҳосилдорлигига ҳам таъсир қилади.
Шунингдек, ўсимликларни қишлаш учун тайёрлаш жараёнига таъсир этадиган кузнинг узайиши ҳам салбий омилдир. Бундай шароитда ўсимликларнинг совуқдан зарар кўриши эҳтимоли ортади. Қолаверса, дўл ва кучли ёмғир барча турдаги экинлар учун катта хавф туғдиради”, дейди Татьяна Адаменко.
USAIDнинг Аграр ва қишлоқ ривожи бўйича дастури эксперти Василий Кифорукнинг айтишича, интеллектуал суғориш тизимисиз мева-сабзавот етиштириш жуда қийин. Шундан келиб чиққан ҳолда тупроқда намлик мувозанатини сақлаш бўйича биринчи тавсия сабзавот, резавор, мева ва полиз экинларини етиштиришда намлик даражасини назорат қилишни таъминлайдиган интеллектуал суғориш тизимларини шакллантиришдир. Намликни сақлаш ва тўплашда ёрдам берадиган кейинги омил – бу ерга ишлов бериш технологиясини ўзгартириш. Хусусан, сабзавот экинлари экиладиган майдонларда чуқур юмшатишга ўтиш мумкин, бу эса пастки тупроқ қатламларининг қалинлашувини камайтириш имконини беради. Табиийки, у ерга намлик кўпроқ кириб боради ва чуқур қатламда намлик тўпланиши таъминланади.
“Бундан ташқари, ерга вертикал ишлов беришдан фойдаланиш мумкин, бу тупроқни қалинлаштирмаслик ва унинг сув ўтказувчанлигини сақлаш имконини беради.
Муҳим омил – намликнинг буғланишини назорат қилиш. У қуйидаги босқичлардан иборат: мульчалаш, тупроқ юзасини иссиқлик изоляцион материаллар (сомон, плёнка, агротола) остида сақлаш, соя берувчи тўрлардан фойдаланиш.
Иссиқлик таъсирини камайтириш учун турли қалинликдаги қуёшдан ҳимояловчи воситалардан фойдаланиш тавсия этилади. Баъзи ҳолларда соя берувчи экинлардан фойдаланиш мумкин», дейди мутахассис.
Голландиядаги «АГРИКО» кооперативининг Украинадаги расмий вакили ҳисобланмиш “Агрико Украина” компанияси директори Николай Гордийчук иқлим ўзгаришига мослашиш ва об-ҳаво прогнози хизматларидан фойдаланиш бўйича амалий тажриба ҳақида гапирди. Компаниянинг мақсади – Украина фермер хўжаликларини юқори генетик салоҳиятга эга юксак сифатли картошканинг экин материали билан таъминлашдир.
“Бугунги кунда кўпчилик об-ҳаво хизматлари қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни тўлиқ ҳал қилишига ишонади. Лекин, аслида, бу ечим эмас, балки ёрдам берувчи воситадир. Метеостанциялар ва турли датчиклар бизга ҳарорат, намлик даражаси, шамол тезлиги ва ҳоказоларни қайд этишда кўмак беради. Лекин ушбу маълумотларни олгач, якуний қарор барибир инсон омилига боғлиқ. Шунинг учун олинган маълумотлар билан айнан ким ишлаётгани жуда муҳим», дейди Николай Гордийчук.
Унинг сўзларига кўра, «Агрико Украина» Киев ва Чернигов вилоятларидаги 100 гектарга яқин майдонда уруғлик картошка етиштиради.
“Далаларимизга ўрнатилган метеостанцияларидан олинган маълумотлардан қандай фойдаландик? Бундай станциялар бизга, асосан, икки нарсада – далага ишлов бериш ва картошкани суғориш жараёнида ёрдам берди.
Агар далаларга ишлов бериш ҳақида гапирадиган бўлсак, биз биринчи навбатда, метеостанцияларнинг ҳаво ҳарорати ва шамол тезлигига оид об-ҳаво маълумотларига қизиқдик. Маълумки, далаларга шамол тезлиги 3-6 м/с дан ошмаганда ишлов бериш керак. Илгари, метеостанцияни ўрнатишдан аввал биз кечки пайт ёки эрталаб соат 5 ларда далага ишлов берганмиз. Об-ҳаво станцияси бизга реал вақт режимида ҳарорат ва шамол тезлиги кўрсаткичларини, шунингдек, кечқурунги прогнозларни кўриш имконини берди. Шуни ҳисобга олиб, далага ишлов бериш вақтини аниқроқ башорат қилиш, ишни қулай об-ҳаво шароитида ўзимиз учун мақбул вақтда бажариш имконига эга бўлдик”, дейди Николай Гордийчук.
Бундан ташқари, «Агрико Украина» директорининг сўзларига кўра, метеостанция қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига ёғингарчилик даражасини аниқроқ қайд этиш имконини беради. Ўз навбатида, бу суғориш ва шунга мос равишда 1 га экин майдонига қанча сув сарфланишини башорат қилишга кўмаклашади.
“Агар биз об-ҳаво станцияларидан фойдаланишнинг камчиликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унда прогнозлаш моделлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилишини кўрганимизни қайд этишимиз керак. Бу суғориш борасида нотўғри қарорлар қабул қилишга олиб келиши мумкин.
Мисол учун, ўтган йилнинг август ойидаги кунларнинг бирида бизда 30 дақиқа ичида 30 мм ёмғир ёққан бўлса, бир кун аввал метеостанция прогнозлари атиги 13 мм ёмғир ёғишини кўрсатган. Шунинг учун фақат рақамли ечимлардан фойдаланишга таяниб қолмаслик керак”, дея ишонч билан сўзлади Николай Гордийчук.
Метеорология станцияси, шунингдек, «Агрико Украина» маълумотлар таҳлилини тақдим этади – бир вақтнинг ўзида унинг бир неча йиллигини кўриш мумкин. Бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига ўсимликларнинг ривожланиш босқичлари ҳақида тушунча беради. Шунингдек, ана шундай таҳлил туфайли вилоятимиз ҳудудида вегетация маҳали қарийб 8 кун ҳаво ҳарорати +30 даражадан юқори бўлганига гувоҳ бўлдик. Бу шуни англатадики, ўтган вақт давомида картошка ўсмаган, чунки, мазкур турдаги экин +18-22 даража ҳароратда ўсади. Қолаверса, яхши ҳарорат картошкани кейинги сақлаш сифатига таъсир қилади», дейди Николай Гордийчук.
Шунингдек, у бу йил “Агрико Украина” фермер хўжалигида тупроқ намлиги датчиклари қўлланганини айтди: «Бу суғориш учун 15 фоизга яқин сувни тежаш имконини берди. Агар бундай датчиклар бўлмаганида биз тупроқ намлигининг ҳолати ва ҳар хил чуқурликдаги (15, 30 ва 45 см) ҳарорат ҳақида тасаввурга эга бўлмас эдик».
“Агрико Украина» компанияси директори, шунингдек, компанияда тажриба ўтказилганини маълум қилди: бир гектар майдонга картошканинг “Ривьера” нави суғорилмасдан, 3 гектар майдонга эса худди шу нав суғориш тизими билан экилган. «Суғориладиган майдонларда сувдан оптимал фойдаланиш ҳисобига бир тупдан ўртача 18 дона, суғорилмайдиган майдонларда эса 14 дона сабзавот олдик. Шунга кўра, суғориладиган майдонларда прогноз қилинган ҳосил 42 т/га.ни, суғорилмайдиган майдонларда эса 24 т/га.ни ташкил этди. Шу билан бирга, уруғлик фракциясининг ҳосилдорлиги суғориладиган майдонда 35 т/га.ни, суғорилмаган майдонда эса 20 т/га.ни ташкил этди.
Шундай қилиб, об-ҳаво прогнози хизматлари деҳқонларга кўпроқ ҳосил ва сифатли маҳсулот олишда ёрдам беради, деган хулосага келиш мумкин. Бироқ, энг муҳими – одамларни ушбу хизматлардан фойдаланишга ўргатишдир. Зеро, юқоридаги ускунадан муваффақиятли фойдаланиш кўп жиҳатдан техник ёрдам ва уни қўллайдиган одамларга боғлиқ», дея хулоса қилди Николай Гордийчук.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!