Истеъмолчиларнинг даромадлари ошгани сайин улар орасида соғлом турмуш тарзи ва экология ҳақида қайғуриш даражаси ортиб бормоқда. Харидорларнинг табиий биологик парчаланувчи материаллардан фойдаланиш истаги Европа Иттифоқи ва АҚШ каби ривожланган мамлакатлар бозорларига хосдир. Шу боис, сархил мева-сабзавотлар учун картон қадоқдан фойдаланиш — ушбу мамлакатларда саноат стандарти, шунингдек, картон қадоқ ёғоч ўрам ўрнини босадиган Шарқий Европада ўсиб бораётган сегментдир. Европа Иттифоқида ташиладиган барча мева- сабзавотларнинг 70% дан ортиғи гофрокартон қутиларга қадоқланади.
Картон қадоқнинг афзалликлари шундан иборатки, у енгил ва шу билан бирга бир нечта қоғоз қатламлари туфайли мустаҳкамдир, бу эса унинг чидамлилик жиҳатидан ёғочдан кам эмаслигини англатади. Гофро-қадоқ маҳсулотни шикастланишдан ҳимоялаш учун структуравий қаттиқликни юмшатувчи хусусиятлар билан уйғунлаштиради. У яхши иш беришининг сабабларидан бири асос конструкцияси бўлиб, бунда зарбани юмшатиш учун гофриланган ўрта қатламдан фойдаланилади.
Бошқа қадоқ турларига нисбатан енгиллиги туфайли картон қадоққа кўпроқ маҳсулот сиғади. Мисол учун, шафтоли экспорт қилинаётганда қайта ишланган пластик қутига 7,5 кг шафтоли, худди шундай ўлчамдаги картон қутига эса роппа-роса 10 кг шафтоли сиғади. Шунинг учун картон қадоқ сархил резавор ва меваларнинг авиаташувида ишлатилади ва харажатларни 15% гача тежаш имконини беради.
Чакана савдога тайёр қадоқ (retail-ready packaging-PRP), пештахта қадоғи каби тез ривожланаётган сегментдир. Айниқса, бўш жой чекланганлиги сабаб, дискаунтерлар ва уй яқинидаги дўконларда унга эҳтиёж кучли. PRP нафақат истеъмолчининг эътиборини жалб қилиш учун, балки меҳнат харажатларини тежаш учун ҳам ишлайди. Юқори сифатга эга графикали PRP ишлаб чиқарувчилар учун ўз маҳсулотларига қиймат қўшиш ва истеъмолчига ўз бренди остида маҳсулот таклиф қилиш имконини беради.
«Албатта, қарорни харидор қабул қилади, тармоқлар учун эса гофрокартон қадоқ биринчи ўринда, чунки у гигиеник материал бўлиб, мева-сабзавотларни сақлаш муддатини узайтиради ва натижада чиқитлар камаяди. Шундай қилиб, картон қути мева етиштирувчиларимиз учун Германия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби ривожланган бозорларга эшик очади”, дейди Грузиядаги энг йирик гофрокартон қадоқ ишлаб чиқарувчи корхона ҳаммуассиси Зураб Алавидзе.
Грузиядаги энг йирик гофрокартон ишлаб чиқарувчи «Фабрика-1900» (Fabrica-1900) компанияси 2016 йилда ташкил этилган. Умумий майдони 5,2 гектарлик корхона ойига 10 миллион м2 картон ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ундан исталган сектор учун қадоқ тайёрлаш мумкин. Аммо Грузияда ривожланиб бораётган қишлоқ хўжалиги сектори билан ишлаш учун компания нарх рақобати ва минимал буюртмалар нуқтаи назаридан индивидуал ёндашувни излаши керак эди. Шундай қилиб, энди минимал партия — ҳар қандай форматдаги 2000 қути бўлиб, улар 7-10 кун ичида тайёр бўлади. Бунга қадар ишлаб чиқарувчилар картон қутиларни Туркиядан олиб келишига тўғри келган. «Фабрика-1900″нинг мижозлари йирик брендлар—» Боржоми», «Вимбилдан»,» Натахтари», «Пепсико»,» Асканели», «Толиа», «Хеиникен» ва бошқалардир. Шунингдек, «Мина» ва «Саранист» каби йирик заводлар ҳам компаниянинг доимий мижози саналади.
Жанубий Кавказ бозоридан ташқари, «Фабрика-1900» Германия, Испания ва бошқа Европа мамлакатлари бозорларига ҳам чиқишни режалаштирмоқда. Логистика мураккаблиги ва юқори нархлар туфайли биз Европа бозорида ўз ўрнимизни топиш ҳамда Хитой қадоқларини Маde in Georgia маҳсулотига алмаштириш имкониятига эгамиз.
Жорий мавсумда “Фабрика-1900” олмани денгиз орқали экспорт қилиш учун 18 килограммлик махсус қути ҳам тақдим этди. «Минтақада ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт бозорлари диверсификацияси ортиб бораётгани сабабли, ушбу қутига талаб мавжуд», дейди жаноб Алавидзе. Компания вакилининг сўзларига кўра, корхона қуввати, қулай логистика ва арзон энергия сарфи туфайли рақобатбардош нарх Озарбайжон, Арманистон ва Молдова бозорларида ҳам картон қадоқ учун имкониятлар эшигини очади.
Компания қоғозни ўз қайта ишловини йўлга қўйиш учун сармоя киритиш ва ундан ресурслар харажатларини оптималлаштириш ҳамда атроф-муҳитга таъсирни камайтириш учун хом ашё сифатида фойдаланишни режалаштирмоқда.
East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.