Бош саҳифаЯнгиликларХитойда 2022 йилги олма инқирози — концентрат ишлаб чиқарувчилар ва Осиёга экспортёрлар учун имконият
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Хитойда 2022 йилги олма инқирози — концентрат ишлаб чиқарувчилар ва Осиёга экспортёрлар учун имконият

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, бу йил Хитойда олма етиштириш билан боғлиқ вазият инқирозга яқин бўлади. PrognosFruit — 2022 конференциясида эълон қилинган WАРА маълумотларига кўра, Хитойда олма етиштириш янги 2022/23 мавсумда 36 миллион тоннани ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоиз кам кўрсаткичдир. Ва бу, шунингдек, Хитойда камида сўнгги ўн йилликдаги олма етиштиришнинг энг паст кўрсаткичларидан бири бўлиб, мазкур даврда ҳосил айни даражадан атиги бир марта паст бўлган (2018 йилда 32 миллион тонна), холос.

Хитойдаги олма инқирозининг асосий сабаби об-ҳаводир, маҳаллий фермерлар ўтган йил ёзидан бери ушбу муаммо билан юзма-юз келишга мажбур бўлган ва афтидан, ҳеч бир натижа чиқмаган. Улар дуч келган муаммоларнинг қисқача рўйхатига 2021 йил август ойидаги ўта иссиқ ҳарорат ва сентябрь-октябрь ойларининг ёмғирли об-ҳавоси, сўнгра шу йил май ойидаги аёз ва дўлни киритиш мумкин. Бундан ташқари, сўнгги икки мавсумда Хитойда олма нархи паст бўлган, бу эса мамлакатда олма боғларини янгилаш суръатини секинлаштирди.

Натижада, Хитойнинг олма инқирози тез орада нафақат минтақа, балки сархил олма ва олма концентратининг глобал бозорида ҳам жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Умуман олганда, бу мавсум Хитойда олма сифати пастлиги нафақат Хитой экспорти имкониятларини сезиларли даражада чеклайди, балки импортни кўпайтириш учун яхши шарт-шароитлар ҳам яратади, чунки мамлакат ички бозори аста-секин сифатли мевалар бўйича таклифларга ўрганиб бормоқда. Ўз навбатида, Хитойдан экспорт ҳажми пасайиши ушбу мамлакат позициялари анча фаол бўлган бозорларда бошқа етказиб берувчи мамлакатларнинг олмага талаби ошишига олиб келади.

Хитой Гонконг ва Макао билан ҳамкорликда ҳар йили 140 000 дан 240 000 тоннагача олма импорт қилади. Бу, асосан, АҚШ ва Жанубий яримшар мамлакатлари (Янги Зеландия, Жанубий Африка, Чили)дан етказиб берилади, шу билан бирга, европалик етказиб берувчилар улуши ҳозирча нисбатан кичик.

Айнан Жанубий яримшар мамлакатлари ва иккинчи навбатда Европа Хитой бозорига сифатли маҳаллий олма етказиб бериш пасайишидан биринчи бўлиб фойдаланишга ҳаракат қилади, албатта, агар ундаги харид қобилияти аввалгидек бўлса. Хитой ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви бу ерда ҳам ўзгарувчанликка сабаб бўлмоқда, яъни, янги мавсумда АҚШ учун Хитой бозорига экспорт шартлари ёмонлашиши мумкин. Айниқса, Қўшма Штатларнинг ўзида ҳам олма ҳосили камаяди (WАРА маълумотларига кўра).

Шу билан бирга, Хитой ҳам сархил олманинг энг йирик  экспортёрларидан бири бўлиб, унинг асосий экспорт йўналишлари Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиёдир. Хитой экспортининг пасайиши АҚШ ва Жанубий яримшар мамлакатлари, шунингдек, Европадан ушбу бозорларда таклиф кўпайишига олиб келиши эҳтимоли баланд. Бу, биринчи навбатда, Вьетнам, Бангладеш, Филиппин, Индонезия, Тайланд, Малайзия каби бозорларга, яъни, глобал вазиятдан фарқли ўлароқ, олма истеъмоли йилдан-йилга ошиб бораётган мамлакатларга тааллуқлидир.

Жаҳон концентрат бозоридаги вазият янада ноаниқ бўлиши мумкин.  Сўнгги йилларда Хитойда сархил бозор учун сифатли олма улуши аста-секин ўсиб борди, концентрат ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган олма улуши эса аксинча, камайди.  Жорий мавсумда вазият ўзгариши эҳтимоли бор ва мева сифати пасайиши туфайли Хитойда концентрат ишлаб чиқариш учун аввалгидан кўра кўпроқ олма ишлатилиши мумкин. Шу билан бирга, умумий ишлаб чиқаришнинг жиддий пасайиши туфайли бу ҳажм барибир етарли бўлмаслиги ва 2022/23 йилги мавсумда Хитойдан концентратлар экспорти камайиши мумкин.

Ўтган мавсумда глобал концентратлар бозорининг асосий драйвери АҚШ бўлди, бу бозор COVID-19 пандемияси туфайли пасайгач қайта тикланди, 2021 йилда эса олма ҳосили энг паст кўрсаткичлардан бири бўлди. Бу йил, WАРА маълумотларига кўра, АҚШ ушбу мевалардан камроқ ҳосил олади (2020 йилдаги 4,9 миллион тоннага ва 2021 йилдаги 4,7 миллион тоннага нисбатан тахминан 4,5 миллион тонна ). Демак, янги мавсумда АҚШда концентратга бўлган талаб жуда юқори бўлади!

Хитой АҚШ бозорига олма концентратининг асосий етказиб берувчисидир. Маълумки, АҚШ ушбу маҳсулотнинг жаҳондаги етакчи импортёри ҳисобланади. Хитой ва Қўшма Штатларда олма етиштириш бир вақтнинг ўзида пасайиши, шунингдек, олма концентрати бозори тикланиши бошқа мамлакатлар (масалан, Туркия, Польша, Украина ва ҳоказо)дан ушбу маҳсулотни етказиб берувчилар учун жозибали имкониятлар яратади.  Айниқса, янги мавсумда Европа Иттифоқида қайта ишлаш учун олма улуши жуда паст бўлади.

Биз давом этаётган Тайван инқирозини унутиб қўймаслигимиз керак — АҚШ Хитойдан муайян маҳсулотлар, жумладан, олма концентрати импортини чеклашга қарор қилиши мумкин. Бундай ҳолда америкалик харидорларнинг ушбу маҳсулотга бўлган салкам ажиотаж талаби туфайли бутун жаҳонда концентрат ва қайта ишлашга мўлжалланган олма нархи ошади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин