Қишлоқ хўжалиги тараққиёти ва модернизацияси агентлиги (АDМА) АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Швеция томонидан молиялаштирилган “Келажак технологиялари” (FТА) лойиҳаси билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун фотоэлектрик ускуналар сотиб олишни молиялаштириш дастурини ишга туширди, дея хабар бермоқда МОЛДПРЕС.
Молиялаштирув фақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун мўлжалланган бўлиб, имтиёзли шартларда тақдим этилади. Фермерлар инвестициялар қийматининг 50%и миқдорида, лекин ҳар бир бенефициар учун 2,5 миллион лейдан кўп бўлмаган миқдордаги қўллаб-қувватловдан фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари, “Келажак технологиялари” лойиҳаси доирасида бенефициарлар лойиҳа қийматининг 20 фоизидан кўп бўлмаган икки юз минг лейгача миқдордаги грантлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Фотоэлектрик ускуналар нол қийматдаги ҚҚС ставкаси билан депозитсиз сотиб олинади, лойиҳалаш харажатлари АDМА томонидан қопланади.
“Яратилган молиявий инструмент мамлакатимизнинг барқарор қишлоқ хўжалиги ва яшил келажакка ўтишига хизмат қилади. Мақсадимиз – таннархни пасайтириш эвазига маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, энергия ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялашни таъминлаш ва анъанавий манбаларга қарамликни камайтиришдир”, дейди Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати вазири Виорел Герчиу.
Ўз навбатида, FТА директори Дойна Нистор инновациялар соҳасидаги етакчи давлатлар АҚШ (USAID) ва Швеция томонидан молиялаштирилган “Келажак технологиялари” лойиҳаси ушбу дастурнинг технологик ҳамкори бўлишдан мамнун эканлигини таъкидлади.
“Биз қишлоқ хўжалиги барқарор ва ёпиқ бўлишига кўмаклашиш учун ушбу дастурга икки миллион лей сармоя киритмоқдамиз. Қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнеснинг янада экологик соф ва барқарор бўлишини таъминлаш йўлидаги биринчи қадамдир. Энергия нархи ошиши шароитида ушбу дастур Молдова фермерлари учун янада долзарб аҳамиятга эга. 2030 йилга бориб, фотоэлектрик панелларнинг умумий ўрнатилган қуввати олти баробар ортади. Молдова учун бу борадаги мақсад янада улкан, чунки, ҳозир бизда яшил технологиялар ўзлаштирилиши (айниқса, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги секторида) паст даражададир”, дейди Нистор.
АDМА директори Максим Поповнинг таъкидлашича, фотоэлектрик ускуналар ҚҚС ва фоизларсиз, имтиёзли шартлардан фойдаланган ҳолда молиялаштирилади ва ҳар бир бенефициарга таклиф этилаётган маблағ 200 кВт қувватга эга фотоэлектрик парк яратиш учун фермерларга жами инвестицияларини қоплаш имконини беради. Натижада, бенефициарлар Қишлоқ хўжалиги интервенциялари ва тўловлари агентлиги орқали грант лойиҳаларига ариза топширишлари мумкин.
“Молдованинг келажак технологиялари” лойиҳаси мамлакатимизда рақамли, креатив ва экологик соф иқтисодиёт ривожини қўллаб-қувватлайди. Бюджети 32,8 миллион долларга тенг ва муддати 5 йил (2021-2026 йиллар)га мўлжалланган ушбу лойиҳа жамоада асосий ҳамкорлар билан Молдова учун қуйидаги стратегик секторлар – ахборот-коммуникация технологиялари, машинасозлик, енгил саноат, креатив саноат ва рақамли медиада (уларнинг рақобатбардошлигини ва жаҳон бозорига интеграциялашувини ошириш мақсадида) инновациялар ҳамда янги технологияларни илгари суради.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!